Мессидек бўлиш учун соқол қўйиш керак...(ми?)

/
Юртимизда болалар ва ёшлар ўртасида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётир. Буни ички ва халқаро ареналарда вакилларимиз томонидан қайд этилаётган натижаларда ҳам кўриш мумкин. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт тарбия воситасига айланиб улгурган. Айниқса, олимпиада, жаҳон ва Осиё чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган спортчиларга ёш авлод қизиқади ва уларга ўхшашга ҳаракат қилади. Бу борада футболчилар яққол пешқадам.
Футболни бекорга миллионлар ўйини дейишмаган. Бугунги кунда эса уни бемалол миллиардлар ўйини десак ҳам бўлади.
Ўзбекистонда ҳам футболни ривожлантириш борасида барча имкониятлар яратилган. Ўз навбатида, халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг катта қисми у ёки бу жамоага ва футболчиларга мухлислик қилади. Бутун борлиғини жамоасига бағишлаган ашаддий мухлислар юртимизда кам эмас. Улар футболчиларнинг ҳаёти, юриш-туриши, ташқи кўринишидан ҳам андоза олади.
Таъкидлаш керак, сўнгги бир йилда ўзбек футболида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Жамоалар ва футболчилар олдига жиддий талаблар қўйилаяпти. Ўз навбатида, Суперлиганинг томошабоплигини ошириш мақсадида ўйинлар телевидение орқали жонли намойиш этилаяпти. Ишқибозларни стадионларга қайтариш учун турли акциялар ўтказиш йўлга қўйилди. Албатта, бундай саъй-ҳаракатлар натижасида стадионларимизда мухлислар оқими ошди. Мухлисларга янада қулай бўлиши учун махсус — оилавий секторлар ташкил этилди. Энди бемалол футбол учрашувларига оилангиз билан бирга борсангиз бўлаверади.
Бироқ ЎФА футболчилар ва клублардан яна битта талабни қатъийроқ сўраса яхши бўларди. Яъни майдонда ҳаракат қилаётган футболчиларнинг ташқи кўринишини тартибга солиш бўйича ҳам жиддийроқ талаб қўйиш даркор, назаримда. Чунки шу кунгача ўтказилган аксарият учрашувларни стадионда ва спорт канали орқали кузатган киши сифатида айтишим керакки, футболчиларимиз майдонда ўзларини кўчада юргандек тутишаяпти. Уларда мени стадионда минглаб, телевидение орқали миллионлаб томошабин кузатиб турибди, деган масъулият ҳали шаклланмаган. Куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги тур учрашувларида футболчилар соч-соқолини тартибга келтирмасдан ўйинга тушишди.
Жумладан «Локомотив», «АГМК», «Бухоро», «Бунёдкор», «Пахтакор» жамоаларининг айрим футболчилари соқолини кўз-кўз қилиш билан овора. Қолган жамоаларда ҳам бундай футболчилар талайгина. Тўғри, соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар кимнинг ихтиёрида. Ҳеч ким уларга соқолингни ол деб, даъво қила олмайди. Аммо миллионлаб мухлислар олдига чиқаётган ҳар қандай ақли расо, ўзини маданиятли санаган киши, биринчи навбатда, соч-соқолини тартибга келтириб, кейин кўпчилик кўз олдида намоён бўлмайдими? Бундай маданият, айниқса, бизнинг халқимизга хос-ку. Футболчилардан эса аксарият ўсмир ёшдагилар ўрнак олади. Улар қайси томондан ўрнак бўлаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Соқол ўстириш маданиятини тарғиб қилиш керак эмас. Бундан ташқари, сиз соқолингизни ўстирган билан майдонда кучли бўлиб қолмайсиз.
Бу ўринда баъзилар «Жаҳоннинг кучли футболчилари соқол қўйиб футбол ўйнаяптику, Масалан, Леонел Месси ҳам соқол билан майдонга тушади», дейишлари мумкин. Тўғри, хорижлик айрим футболчилар майдонда соқол қўйиб тўп суришади. Аммо улар ўзини кўрсатиш учун соқол қўймаган, балки футболда машҳурлик даражасига эришганидан кейин соқол қўйганлар. Айтмоқчимизки, ҳар қандай инсон ҳаётда аввал ўзини энг яхши жиҳатлари билан намоён қилиши керак. Кейин бошқа ишларни қилса ярашади. Яъни соқол қўйиш олифталик, ўзини бошқаларга намоён этиш, кўз-кўз қилиш воситасига айланмаслиги лозим.
Мавсум бошида ЎФА бош мураббийларга кийиниш борасида ўзининг қатъий талабини қўйган эди. Яъни жамоа бош мураббийлари классик услубда, галстук тақиб майдон четида туриши керак. Бу қарорни жуда тўғри, деб ўйлайман. Ушбу мажбуриятни бажармаган бир-икки мураббийлар жаримага тортилганидан ҳам хабаримиз бор. Шундан сўнг барча устозлар «сипо» кийинишни ўргандилар десак муболаға эмас.
ЎФА футболчиларга ҳам соқол билан майдонга тушишни тақиқлаши керак, деган таклифни билдирмоқчиман. Бундай талаб юртимизда спорт ва футбол маданиятининг ошишини, тарбиявий аҳамиятга эга бўлишини таъминлайди. Бу қарорга бўйсунмайдиганлар эса қатъий жазога тортилиши шарт.
Яқинда «Ўзбекконцерт» директори Одил Абдуқаҳҳоров санъаткорларнинг жамоатчилик ўртасида ўзини тутиши, кийиниши, айрим хатти-ҳаракатлари аҳоли, айниқса, ёшларга нотўғри ўрнак бўлаётганини кескин танқид қилиб, бир қатор «юлдуз»чаларнинг лицензиясини олиб қўйган эди.
Агар кузатиб бораётган бўлсангиз О.Абдуқаҳҳоровнинг саъй-ҳаракати ижобий натижа берди. Футболчилар ҳам халқ кўз ўнгида санъаткордан кам кўринмайди. Шундай экан, ЎФА жамоалар олдига футболчиларнинг кийиниши ва майдонда ўзини тутиш тартиб-қоидалари борасида қатъий талабларни қўйиш вақти келди. Бунда, биринчи навбатда, футболчининг майдонда бўлган вақтида соч-соқолини тартибга келтириши бўйича алоҳида банд киритилиб, талабларга бўйсунмаганларга жарима миқдори белгиланиши керак. Ўйлаймизки, ана шундай чоралардан кейин бу борада ҳам тартиб ўрнатилади.
Бобур ТУНГАТОВ,
футбол ишқибози

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биринчи навбатда, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришишимиз лозим....
01 янв 1970
Шу кунларда Музработ туманидаги учта маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди.
01 янв 1970
Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноатни модернизациялаштириш...