Ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назорати

/
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ва вилоятларда унинг ҳудудий бошқармалари тузилди. Хўш, янги тизим унга қўйилган барча талабларни оқлаяптими? Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасининг раҳбари ҳамда мутахассислар билан суҳбатимиз бу борадаги қатор саволларимизга ойдинлик киритди.
Даставвал шуни таъкидлаш лозимки, 2018 йил 1 апрелдан эътиборан Давлат хизматлари маркази томонидан нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки оддий фуқароларга ҳам бирдек хизмат кўрсатилмоқда. Шунга мувофиқ республикада бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган 58 турдаги давлат хизматлари рўйхати тасдиқланиб, амалга оширилмоқда.
Вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманлардаги Давлат хизматлари маркази орқали шу йилнинг 6 ойи мобайнида мурожаат қилувчиларга 69 минг 500 та давлат хизматлари кўрсатилганлиги қайд этилган. Шундан 11 минг 309 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, 15 минг 803 нафар фуқаронинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, 9 минг 432 нафар фуқаронинг муҳандислик-коммуникация (табиий газ, сув, электр тармоқларига) уланиши ҳақидаги мурожаатлари тезкорлик билан ҳал этилганлигини таъкидлаш лозим.
Муҳими, давлат хизматлари аҳолининг ўткир ва долзарб ижтимоий муаммоларидан келиб чиққан ҳолда тузилганлиги боис омма ўртасида эътироф ва миннатдорликларга сабаб бўлмоқда.
Айтайлик, Пастдарғом тумани Давлат хизматлари марказига ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириб бериш бўйича мурожаат қилган 10 нафар фуқаронинг ҳар бири беш дақиқанинг ичида ўз муаммосини ижобий ҳал этиб олишга улгурди. Ёки туманлардаги барча марказлар орқали бугунгача Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун 26 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари электрон шаклда расмийлаштирилди.
— Таклиф этилаётган хизматлар доираси кенгайганлиги сабабли 2017 йил давомида фуқароларга барча соҳалар бўйича 12 мингта давлат хизмати кўрсатилган бўлса, янгича услубда ишлашга ўтилган жорий йилдан эътиборан бизга мурожаат қилувчиларга атиги бир ой давомида шунча, яъни 12 мингта давлат хизмати кўрсатишга эришдик, — дейди Давлат хизматлари бошқармасининг Самарқанд шаҳар маркази раҳбари Суҳроб Шодибоев. — Бу эса фуқароларнинг марказ фаолиятига нисбатан ишонч-эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.
— Давлат хизматлари кўрсатиш марказларида амал қилаётган тартиб-қоидаларнинг афзалликлари беқиёс, — дейди агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбонов. — Чунки фуқаро айнан марказ орқали мурожаат қилиб ҳам вақтини тежайди, ҳам идорама-идора қатнашдан қутулади ва ижрони бевосита шу ернинг ўзида биз билан баравар назорат қилиш имконига эга бўлади. Президентимиз фармони асосида яратилган тартиб-тамойилларга мувофиқ давлат идоралари ҳеч бир истисносиз фуқароларга амалдаги қонунлар доирасида тезкор хизмат кўрсатмоқда. Хизматларнинг барчаси бир жойда, марказлашган ҳолда амалга оширилаётгани, фуқароларнинг ахборотлардан хабардорлиги тўлиқ таъминланаётгани марказнинг нуфузини кун сайин оширмоқда. Чунки бизга мурожаат қилганларнинг ҳар бирига давлат хизматларидан баҳраманд бўлиш учун фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади, деган тамойил яхшилаб тушунтирилади. Яъни интернет ва мобиль технологияларнинг фаол жорий этилиши, мурожаатларни расмийлаштиришдаги аниқлик фуқарога давлат идораларига шахсан бориш заруратини кескин камайтириб, унинг муаммосини таниш-билишчиликсиз, адолатли ҳал этишга кўмаклашади.
Бошқарма раҳбарининг фикрига қўшимча қилиб шуни таъкидлаш лозимки, шаҳар ва туманлардаги марказлар томонидан фуқароларга сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлиги ҳам нур устига нур бўлмоқда. Шу мақсадда вилоят ҳокимининг қарорига асосан Давлат хизматлари марказларига 16 та “Дамас” автомобили ажратилгани тезкорликни таъминлаш имконини бермоқда. Сайёр гуруҳлар томонидан қисқа вақтда олис қишлоқларда яшовчи фуқароларга 1255 та давлат хизмат кўрсатилганлиги фикримизнинг тасдиғидир. Хусусан, Нуробод туманининг “Жом” маҳалласида ва Жомбой туманининг “Қўнғирот” маҳалласи, Қўшработ туманининг “Жўш” қишлоғида яшовчи фуқароларга 46 та фуқаролик паспорти, 77 та туғилганлик гувоҳномаси, 7 та никоҳни қайд этиш гувоҳномаси жойига элтиб берилди. 57 та якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилди, 147 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланди.
Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармасига марказлар фаолиятини ташкил этиш билан бир қаторда ижрони назорат қилиш юклатилганлиги тизимнинг самарали механизми сифатида ўзини намоён этмоқда. Шунга кўра ўтган 6 ойда ваколатли идоралар томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 354 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, ушбу идораларга 31 та тақдимнома, 4 та огоҳнома киритилди ҳамда 15 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Демак, давлат хизмати кўрсатишда қонун ҳар бир идора раҳбари томонидан бажарилиши шарт! Фуқаронинг талаб-истаги ҳам шу. Агентлик тизимида айни шу ҳолат алоҳида эътиборга олинаётгани Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бекаму кўст амалга оширишнинг ишончли кафолатини яратмоқда. Бу эса фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги муносабатларнинг изчиллигини таъминлашнинг асосий гарови саналади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!