Навоий Хикматлари

/

Навоий Хикматлари

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур

(Эй Навоий, ўйин кулги нақадар дилтортар бўлмасин, одоб ва ҳаё янада яхши, хушдир).

*

Бефойда сўзни кўп айтма ва фойдалиғ сўзни эшитурдин қайтма.

(Бефойда сўзни кўп гапирма ва фойдали сўзни эшитишдан тортинма).

*

Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур қолса яхшилиқ била от.

(Бу дунёда абадий қолмоқ мумкин эмас, бироқ яхши ном қолдирмоқ катта саодатдир).

*

Кулар юз ила ато-сахо устиға сахо.

(Очиқ чеҳра билан, миннатсиз қилинган яхшилик саховат устига саховатдир).

Тил ширинлиги кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса фойдали. Чучук тил аччиққа айланса, кўпчиликка зарари тегади; қанддан май таёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун муло­йим табиатли одам ҳалвофуруш каби севимлидир.

*

У ердан бу ерга гап ташувчилар элнинг гуноҳини ўз бўйнига олувчилардир. Чақимчилик ҳатто чин гап бўлса ҳам кўнгилсиздир, ёлғон бўлса янада нафратлидир. Сўз етказувчининг хоҳ каттаси, хоҳ кичиги дўзах ўтининг тутантириғи бил.

*

Кимки, ёлғон сўзни бировга тўнкагай, ўз қора юзини ёғга булғайди. Озгина ёлғон ҳам улуғ гуноҳдир; озгина заҳар ҳам ҳалок қилувчидир.

Очиқ чеҳрали одам — иккиюзламачиликдек нуқсондан йироқ бўлади... Очиқ юзидан халойиққа хурсандлик; чучук сўзидан эл-юртга хуррамлик. Одамийлик билан кўнгилларга севимли; инсонийлик билан жонларга ёқимли. Ундан дўст-душман хотиржам. Бундай киши умридан барака топгай.

*

Нохуш хабарни чин бўлса ҳам дўстингга етказма, бировдан айб кўрсанг, юзига солма. Қўявер, ўша чин хабарни душман етказсин ва сен сабр қил, у айб можаросини душмани қилсин.

*

Ақлли одам ёлғон гапирмас, аммо барча рост гапни айтавериш ҳам тўғри эмас. Бировнинг кўзи ғилай — ногирондир, аммо бунга у айбдор эмасдир... Бировни ноҳақ ҳижолатга солмоқ — ўз нодонлигини изҳор қилмоқ ва бир кўнгилни оғритмоқдир. Бу каби кишини хафа қиладиган чин сўздан кўра, зарурат юзасидан — ўрни билан гапирилган ёлғон яхшироқдир.

Тўпловчи:   Касби  туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Каромат Юсупова


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...
01 янв 1970
Адабиёт майдони ғаройиб ҳодисаларга бой. Аммо бу майдонда ҳар ким ўз билганича от сурган. Омад эса ҳар кимга ҳар хилда кулиб боққан....
01 янв 1970
Тил – мулоқот воситаси. Тилдан чиқувчи сўзларимиз билан биз инсонларга маълумот етказамиз, уларнинг гапи орқали янги билимларни ўзлаштира...
01 янв 1970
Тан олиб айтиш керак, кейинги икки йилда “Ўзбекистон” телеканалида жонли равишда эфирга бериб келинаётган “Муносабат” кўрса...