МИБнинг ижро дафтарини ким назорат қилади?

/

МИБнинг ижро дафтарини ким назорат қилади?

ёки Пастдарғомда суднинг ҳал қилув қарори асосидаги қонун талаблари нега бажарилмаганлиги хусусида

Қаранг, фуқаро, аниқроғи, даъвогар суднинг ҳал қилув қарори бажарилишига шахсан қаноат ҳосил қилиш учун сабр-тоқатини жиловлаб яна ва яна кутишга мажбур бўлмоқда. Кутиш деганлари ҳафта-ўн кун эмас, ойлаб давом этса-чи? Давлат идорасининг масъул ходими қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш, бу борада ҳозиржавоблик, қатъият кўрсатиш ўрнига ҳафсаласизлик қилса, ўз ваколатларидан ўринли фойдалана олмаса, фаолиятида ошкораликни унутиб, ижро дафтарини ёпиб қўйса, фуқаронинг фиғони фалакка чиқмайдими?

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Паст­дарғом тумани бўлимида рўй берган ва ҳалигача ўз қонуний яқунини топалмаётган бир воқеа фикримизга далил бўла олади. Самарқанддаги “Парвиз проект сервис” хусусий корхонаси раҳбари давогар А.Боқиев Пастдарғом туман иқтисодий судининг жавобгар “Охун” хусусий корхонасига нисбатан 2018 йилнинг 6 ноябрида чиқарган ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлашни сўраб, бир йил-у бир ойдан буён Мажбурий ижро буюросига қатнаши наф бермаяпти. Нега?

 МИБ туман бўлимининг давлат ижрочиси (ҳозирда собиқ) Бобошер Раззоқов шунча вақт даъвогарнинг қонуний талабларига панжа ортидан қараб, ижрони ортга суриб келаверди. Қизиғи шундаки, даъвогар суднинг ҳал қилув қарорини бир йил-у бир ой муқаддам мазкур бўлимга тақдим этган бўлишига қарамай, ижро варақаси қарийб 6 ой МИБнинг темир ғаладонларида чанг босиб, ҳаракатсиз қолиб кетаверган. Фақат даъвогарнинг Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасига қайта-қайта мурожаатларидан сўнг МИБнинг туман бўлими ушбу ижро варақасини 2019 йил 15 апрель санаси билан ҳаракатга келтириш ҳақида қарор чиқарган.

— Ижро варақасини ўз иш юритувига қабул қилган МИБ туман бўлими менинг даъвогар сифатидаги мурожаатларимга бир йилдан буён расмий жавоб қайтаргани йўқ, — дейди “Парвиз проект сервис” раҳбари. — Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармасидаги жаноблар эса такрор-такрор ариза-шикоятларимни ўқиб, ҳар гал мени тинчлантириш ёки юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқим борлигини эслатишдан нарига ўтишмаяпти. Агар электр ёки бошқа коммунал хизматлар тўловидан қарздорлик сезилса, МИБ ходимлари шамолдек учиб келишади ва уйингизнинг эшигидан нари кетишмайди-ю тадбиркорнинг қарзини ундириб беришни эса нега йиллаб чўзишади?

Журналист суриштируви давомида вазиятга аниқлик киритиш учун Мажбурий ижро бюросининг Пастдарғом туман бўлимида бўлиб, МИБ раҳбари ва мутахассислари билан суҳбатлашдик.

— Мазкур ижро варақаси бўйича иш олиб борган давлат ижрочиси Бобошер Раззоқов ҳозир ўз вазифасидан бўшаб кетган, — деди МИБ раҳбари Тўлқин Жуманазаров ходимнинг нега ўз лавозимидан озод этилганлигини изоҳламай. — Ижро билан 10 ноябрдан бошлаб давлат ижрочиси Шоҳруҳ Холмуродов шуғулланаяпти. Биласизми, асли ишимиз қийин, жанжалли бўлгани боис ходимлардан интизом, масъулият талаб қилишимиз ҳам бир қадар оғир кечаяпти. Қаттиқроқ гапирсангиз, дарров бўшаш ҳақида ариза кўтариб келишади.

— Муддат ўтиб кетаётган, такрор мурожаатларга сабаб бўлаётган ижро ишлари-чи? — деб сўраймиз МИБ раҳбаридан.

— Тўғри, иш юритувимизда кечикаётган ижро варақаси фақат “Парвоз проект сервис”ники эмас, — дейди Т.Жуманазаров. — Ижро муддатлари ортга сурилишига сабаб бўлаётган кўпгина ҳолатлар бор-ки, улардан кўз юмиб бўлмайди.

— Бу фикрга қўшиламан, — дейди МИБнинг давлат ижрочиси Шоҳруҳ Холмуродов. — Хусусан суднинг ҳал қилув қарори асосида “Парвиз проект сервис”га тайёрланган лойиҳа учун 33 миллион 586 минг 643,9 сўм тўловни ўтказиши лозим бўлган “Охун” хусусий корхонасининг солиқдан 80 миллион сўм қарзи бор ва Бюронинг туман бўлими иш юритувига киритилган.

Башарти жавобгар биринчи галда солиқ идораси билан ҳисоб-китоб қилса, шундан  кейин бош­қа даъвогарлар билан орани очиқ қилиши  мумкин.

Ана энди гап нимадалигини фаҳмлаб етган бўлсангиз керак. МИБ электр ҳақини ундиришга етган ваколати фуқаронинг маблағини тўлатиб беришга етмаётганлигини баҳона қилиб кўрсатди. Давлат ижрочилари гап-сўздан нари ўтишмайди, улар билан бемалол келишиб кетавераман, деб ўйлаган тадбиркор эса қарз бот­қоғига ботишини била туриб, қўлида думалоқ муҳри билан ҳар сафар жавобгарликдан чўчимай шерикларни чув тушуриб юраверади. “Охун” хусусий корхонаси бошлиғи М.Бойбеков бугун солиқ идорасига ҳам, Мажбурий ижро бўлимига ҳам тадбиркорлик даъволарини пеш қилишдан чарчамаяпти. Эмишки, у балиқчиликни ривожлантириш, халқни арзон парҳез гўшт билан сийлаш, янги инкубаторийлар очишни бизнес режасига киритган...

Лекин ростни ёлғондан, ҳалол изланишни сохта ташаббусдан ким ажратиб олади? Қонун бу вазиятда қандай йўл тутиши керак? Қонун ижрочилари-чи? Давлат ижрочиларининг вазифага совуққонликлари, фуқаро мурожаатига беписандлик билан қарашлари, давлат идораси фаолиятида очиқ-ошкораликка амал қилиш зарурлигини унутиб қўйишлари фуқароларда қонунларга ишончини сусайтирмайдими? Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими бошлиғи Т.Жуманазаров бўлим ходимларидан хар бир ижронинг аниқ вақти, муддатини талаб этиш ўрнига улар билан муроса-ю мадора қилишга мойил эканлигини яширмайди. Бундай муносабатни кўрган даъвогар ёрдам сўраб яна қайси эшикка бош суқсин!

МИБ Пастдарғом туман бўлимида тадбиркорларнинг, жисмоний ва юридик шахсларнинг ўнлаб қонуний мурожаатлари шу тариқа ўз ечимини топмай келаяпти. Ёки фуқарога кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги жавоб хати ўз вақтида етиб бормаяпти. Ижро интизоми ва механизми назоратдан четда қолаяпти. Пастдарғом туман прокуратурасидагилар бу ҳолга тегишли ҳуқуқий баҳо беришармикан?!

PS/ Газета саҳифаланаётганда Мажбурий ижро бюросининг Пасдарғом туман бўлимидан бизга қўнғироқ қилиб, қуйидаги маълумотни етказишди:

Таҳририят аралашувидан сўнг МИБнинг давлат ижрочиси Шоҳрух Холмуродов бошчилигидаги ходимлар жавобгар — “Охун” хусусий корхонасига қарашли мол-мулкларни қайта кўздан кечириб, кимошди савдоси орқали сотувга қўйиладиган турар-жой бинолари борлигини аниқлаб, рўйхатга олган. Ушбу объектлар МИБ орқали сотувга қўйилгач, даъвогарлар, хусусан, “Парвиз проект сервис” корхонасининг қарзини ундириб бериш имконияти пайдо бўлади.

Демак, мавзуга яна қайтамиз.

Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,

“Adolat” мухбири


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан....
01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...
01 янв 1970
Ҳар куни ишга келар эканман, ён-атрофнинг тозалиги, йўлакларнинг ёғ тушса ялагудай орасталиги, супурилиб, сув сепилганда димоққа уриладиган тупроқн...
01 янв 1970
Биринчи навбатда, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришишимиз лозим....