Очиқ маълумотлар портали

/
давлат бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлайди
Мамлакатимизда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка бу борада аниқ ва холис ахборот етказиб бериш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 августдаги “Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида интернет тармоғида ахборотдан кўп маротаба, эркин ва бепул фойдаланиш имконини берувчи Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида Очиқ маълумотлар портали — www.data.gov.uz ишга туширилган.
Очиқ маълумотлар портали, унинг мақсад-моҳияти ва ижтимоий аҳамияти ҳамда бу борада мавжуд миллий ва халқаро тажриба хусусида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассиси Шуҳрат Сатторов билан суҳбатлашдик.

— Шуҳрат ака суҳбатимиз аввалида Очиқ маълумотлар портали нима эканлиги ва уни ишга туширишдан кўзланган мақсад ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
— Давлатнинг барқарор ривожланишида ҳукумат ва аҳолининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро ҳамкорлик, аввало, ахборот-маълумот алмашиш имкониятларидан унумли фойдаланишни тақозо этади. Ахборот, биринчи навбатда, ҳаётимизга таъсир қилувчи билим дегани. Шунинг учун ҳам давлат фаолиятига оид барча маълумотлар аҳоли турмуш тарзида муҳим аҳамият касб этиб келган. Маълумотларнинг чекланмаган миқдорда тақдим этилиши халққа унинг ичидан керакли билимларни ажратиб олиш ва жараёнларга нисбатан муносабатини шакллантириш, ижтимоий ҳаётга киришиш имконини беради.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ягона тизимга уланган халқаро компьютерлар тармоғи – Интернет ва ундаги ўзаро боғланган гиперматнли электрон ресурслар тизими – халқаро “ўргимчак тўри”нинг ривожланиши ҳукуматнинг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини янгича усуллар ёрдамида таъминлаш имконини яратди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, аҳоли учун зарур маълумотларни уларга ўз вақтида тақдим қилмаслик ва аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмаслик жамият ривожига жуда катта салбий таъсири ўтказиб, оқибатда “ахборот тақчиллиги” жамиятнинг инқирозига сабаб бўлиши мумкин. Айни шу омил Очиқ маълумотлар портали ишга туширилишига сабаб бўлган десак, янглишмаган бўламиз.
“Очиқ маълумот” – бу, бир қарашда ҳаммаси тушунарли, фойдаланиш мумкин бўлган маълумот. Бошқача айтганда, Очиқ маълумотлар порталида кўп маротаба, эркин ва бепул фойдаланиш мақсадида машинада ўқиладиган форматда интернет тармоғида жойлаштирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жойлаштирилади.
2015 йил 7 августда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган махсус қарорга асосан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириладиган ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги учун шахсан жавоб бериши белгиланди. Қолаверса, давлат ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши масалалари бўйича масъул мансабдор шахс тайинланиши, фойдаланувчилар учун зарур маълумотларни тақдим қилиш ва ўзаро алоқаларни тартибга солиш механизмининг такомиллашган чоралари аниқ акс эттирилганлиги фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ахборотдан фойдаланиш каби конституциявий ҳуқуқлари янада кенг таъминланишига хизмат қилади.
— Демак, Очиқ маълумотлар порталидан кўзланган асосий мақсад — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш. Порталнинг фойдаланувчилар учун ижтимоий аҳамияти яна нималарда намоён бўлади?
— Портал нафақат давлат бошқаруви органлари тизимининг очиқлигини таъминлашга, балки иқтисодиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Фаолиятининг асосий йўналиши очиқ маълумотлар базаларини яратиш ва тадқиқ қилиш ҳисобланган McKinsey халқаро институти мутахассислари олиб борган илмий изланишлар натижаларига кўра, ривожланган мамлакатлар ҳукуматларининг фақатгина 7 та давлат секторига оид очиқ маълумотларни аҳолига бепул ва қулай йўлларда тақдим қилиши бир йилда давлат бюджетининг ўрта ҳисобда 3-5 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи тежалашига олиб келар экан. Хусусан, биргина таълим соҳасига оид маълумотлар билан аҳолини бохабар қилиш ўртача 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда келтирар экан. Ёки транспорт тизимига оид очиқ маълумотлар тармоқларининг шакллантирилиши 700-900 миллиард АҚШ долларигача бўлган маблағни тежаб қолишга олиб келиши аниқланган.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида интернет тармоғида очиқ маълумотлар оқимини фаол шакллантираётган хусусий сектор вакиллари интернетдаги порталлардан маркетинг тадқиқотини юритишда ҳам фойдаланаётганликларига гувоҳ бўлиш мумкин. Мисол тариқасида, Amazon, e-Bay, Netflix каби онлайн савдо компаниялари фаолиятини келтириш мумкин. Улар ўз фаолияти юзасидан очиқ маълумотларни тақдим этиш баробарида мижозлар фикр-мулоҳазасини ўрганиш, бозор талаб ва таклифини тадқиқ этишга ҳам одатланмоқда. Ёки олайлик, АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатувчи Kaiser Permanente нодавлат-нотижорат илмий-тадқиқот муассасаси илк маротаба ижтимоий тармоқлар орқали юрак хуружига олиб келувчи омилларга бағишланган йирик маълумотларни эълон қилган ва унинг ёрдамида интернет фойдаланувчиларнинг фикрларини ўрганган. Натижада назарий илм ва амалий ҳаёт уйғунлигида бирмунча ойдинроқ бўлган таҳлилий билимни шакллантиришга эришилган.
Ҳукуматнинг мамлакатда очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш юзасидан олиб борган ислоҳотларининг иккита муҳим жиҳати бор. Биринчидан, жамоатчиликни очиқ маълумотлар билан таъминлаш ҳукумат фаолиятининг ошкоралигини ва фуқароларнинг жамият қурилишидаги кенг иштирокига, иккинчидан, тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳукуматга нисбатан ишончи ошишига хизмат қилади.
— Юқорида очиқ маълумотларнинг аҳамияти ва бу борада мавжуд тажриба хусусида сўз юритдингиз. Айтинг-чи, жаҳон ҳамжамияти томонидан Очиқ маълумотлар порталининг намунали иловаси яратилганми? Мукаммал Очиқ маълумотлар портали қандай бўлиши лозимлиги юзасидан қандай фикр ва мулоҳазалар мавжуд?
— Жуда тўғри таъкидладингиз, энг мукаммал очиқ маълумотлар иловаларини шакллантириш борасидаги баҳс-мунозаралар ҳали-ҳануз давом этмоқда. Айрим жамиятшунослар фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, вақт ҳамда иқтисодий чиқимларини камайтирадиган порталларни энг яхши деб ҳисобласалар, мутахассисларнинг бир қисми Очиқ маълумотлар портали ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини ўрганувчи воситасига айланиши, шунингдек, улар асосан тадбиркорларга хизмат қилиши зарурлигини таъкидлайди. Яна бошқа тоифа мутахассисларнинг фикрича, Очиқ маълумотлар порталлари маълумотларни бошқалар билан осон ўртоқлашиш имкониятларини яратиши, фойдаланувчи фикр-мулоҳазасини ўрганиш функциясига эга бўлиши лозим. Шунингдек, унга жойлаштирилаётган маълумотлар қайта ишлаш имконини берувчи форматларда бўлиши керак. Кўриб турганингиздек, фикрлар хилма-хил. Айни пайтда очиқ маълумотлар порталларида қандай маълумотлар шакллантирилиши кераклиги хусусида ҳар бир мамлакатнинг ўз услуби ва фикри мавжуд.
Ўрни келганда таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (www.gov.uz) доирасида фаолият кўрсатаётган Очиқ маълумотлар портали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ давлат органлари ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар тўғрисида маълумотлар, ваколатли давлат органларининг йиллик статистик кўрсаткичлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида мавжуд бўш иш ўринлари, муайян фаолият тури учун рухсатномалар реестрига оид кўплаб маълумотларни ўзида жамлаган. Қолаверса, порталда жойлаштириш учун тақдим этилаётган ахборот долзарб, ишончли, яхлит бўлиб, давлат сирларини ёки қонун билан муҳофазаланадиган бошқа сирни ўз ичига олмайди.
Мисол учун, порталнинг «Бизнес» бўлимида юридик шахсларнинг ташкилий шакллари, нотариусларнинг реестри, лицензияланадиган фаолият турлари, банк хизматлари, савдо тартиб-таомилларига оид маълумотларнинг битта манбага жамлангани тадбиркорларнинг вақт ва маблағи тежалишига ёрдам бермоқда.
Мухтасар айтганда, Очиқ маълумотлар портали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини ўзида акс эттирадиган, айни чоғда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим ахборот ресурси бўлиб, уни такомиллаштириш, бойитиш ва тарғиб қилишга ҳар биримиз масъулмиз.
Суҳбатдош: Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Она табиат уйғонди. Кун сайин яқинлашиб келаётган Наврўз айёми муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида байрам сайиллари бошланди....
01 янв 1970
Таниқли тилшунос олим Рўзимбой Йўлдошев билан Урганч давлат университетида учрашдик....
01 янв 1970
Юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларини...
01 янв 1970
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Уни чуқур ҳис қилган одам асло ўз бурчига хиёнат қилмайди. Кимки ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилса, албатт...