Ногиронлик аравачаси нега импорт қилинмайди?

/
Жойларда ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотлар чоғида ўртага ташланган муаммоларни таҳлил қилар эканмиз, улар орасида ногиронлик аравачаси билан таъминлаш ҳақидаги мурожаатлар кўплиги кузатилади. Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари мутахассислар иштирокида ҳудудларда ўтказган учрашувларда ҳам мазкур муаммо фуқаролар томонидан бир неча бор қайд этилганлиги бежиз эмас. Муаммони ҳал этиш эса осон кечмайди. Баъзан барча турдаги маҳсулотлар ичида ногиронлик аравачаси энг танқис товар бўлса керак, деган фикрга ҳам боради киши.
Бугунги кунда бозор ва дўконлар юртимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий ҳамда импорт маҳсулотлар билан тўлиб бормоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Эътибор қилсангиз, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, хориждан импорт қилинган турли замонавий асбоб-ускуналар, маиший техникалар, транспорт воситалари, ҳатто ўйинчоқ машиналар ва бошқа маҳсулотлар нафақат халқ истеъмоли талабини қондириш, балки соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Аммо...
Аммо негадир импорт маҳсулотлар қаторида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун сув билан ҳаводек зарур ҳисобланувчи ногиронлик аравачаси йўқ, бу ҳолат кишини ажаблантиради. Ахир аравачага муҳтож фуқаронинг бир неча йиллаб навбатга туриши унинг шу йиллар давомида эмин-эркин кўча-кўйга чиқолмаслигини англатади-ку! Нега бу ҳолатга, имконияти чекланган фуқароларнинг энг ҳаётий эҳтиёжига мутасадди ташкилотлар раҳбарлари эътибор бермаяпти, деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Мамлакатимизда ишбилармон фуқаролар кўпчиликни ташкил этади. Шубҳасиз, ушбу йўналишда ҳам ишбилармонларга имкон яратиш лозим. Табиийки, бирор маҳсулот ишлаб чиқарувчига бошқа рақобатчи бўлмаса, ушбу маҳсулот сифати ишлаб чиқарувчини деярли ташвишлантирмайди. Айнан шу маҳсулот танқис ҳам бўлса, тегишли тизимда фақат навбат асосида берилса, унга муҳтож бўлиб қолган ногирон фуқароларга қийин бўлади.
Юртимизда ишлаб чиқарилаётган ногиронлик аравачалари сон жиҳатидан ниҳоятда кам, буни фуқаролар беш-олти йил, балки ундан ҳам кўп вақт навбат кутаётганида яққол кўриш мумкин.
“Адолат” партияси фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ҳамон ўз ечимини топмаган мазкур муаммони ҳал этишга доир таклифлар партиянинг янги дастуридан ўрин олса, деймиз. Бундай хайрли ташаббус туфайли ногиронлиги бўлган фуқароларни узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган долзарб муаммо барҳам топган бўларди.
Бахтиёр БОТИРОВ,
Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Меҳнат дафтарчасини сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилишим лозим?
01 янв 1970
«Сизга ушбу хатни ёзишдан мақсадим шуки, 1988 йилда туғилган ўғлим 2015 йилда оила тебратиш учун Косон туманидаги шахсий хонадонлардан бирида...
01 янв 1970
Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича алоҳида имтиёзлар борм...
01 янв 1970
Юртимизда барча соҳалар қатори таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан Қорақалпоғистон аҳли ҳам манфаатдор ва мамнун эканини аҳоли билан ...