ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ МДҲНИНГ НОРАСМИЙ САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 6 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган норасмий мажлисида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди.
Суратга тушиш маросимидан сўнг МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бошланди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан ҳамкорлиги турли йўналишларда изчил ва ҳар томонлама ривожланиб бормоқда.
Президентимиз жорий йил 28 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этган эди.
Ўтган даврда мамлакатимиз МДҲ доирасида ўнта тармоқ бўйича ҳамкорликка қўшилди. Ўзбекистон ташкилот Парламентлараро ассамблеясининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, Ўсимликлар карантини бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Фан-техника ва инновация соҳаларида ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгаш, Агросаноат комплекси масалалалари бўйича кенгаш, Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича комиссия, МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши, МДҲнинг хизматлар бўйича эркин савдо зонаси тўғрисида битимини ишлаб чиқишга оид юқори даражали ишчи гуруҳ ва бошқа органлар фаолиятига қўшилди.
Ўзбекистон МДҲ маконида ўзаро бозорларни шакллантириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, халқаро ва минтақавий транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш тарафдоридир.
Жорий йилда Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида Мудофаа вазирлари кенгаши, Уруғчилик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича кенгаш, Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлатлараро кенгаш мажлислари ва кўплаб бошқа муҳим тадбирларни ўтказди. Бу турли соҳаларда кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш имконини берди.
Учрашувда Ҳамдўстлик давлатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт-коммуникация салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хавфсизликни мустаҳкамлаш, замонавий хатар ва таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида алмашувларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси келаси йил МДҲда ҳамраис, 2020 йилда эса МДҲ Давлат раҳбарлари саммитига мезбон бўлади.
МДҲ норасмий саммити доирасида Президентимиз қатор давлат раҳбарлари билан икки томонлама суҳбатлар ўтказди. Уларда 2018 йилда самарали шерикликнинг асосий якунлари ва келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи якунига етди.
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратил...
01 янв 1970
Хусусан, вилоятимиздаги хотин-қизлар қўмиталари ходимларининг масъулияти, шижоати ортганлиги иш жараёнида яққол сезилмоқда....
01 янв 1970
Озодлик энг буюк неъматдир. Ҳамма озод бўлиб яшашни хоҳлайди. Ҳатто буни биргина қуш мисолида ҳам кўришимиз мумкин....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз....