Таъмини кўрингу тадбиркорга тасанно денг

/
Самарқанд вилоятидаги “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки “Голд Азим инвест” корхонаси учун навбатдаги салмоқли кредит маблағларини ҳеч иккиланмай ажратишга қарор қилди. Боиси, мазкур тадбиркорлик субъекти тижорат банкининг молиявий кўмагида ўз ишлаб чиқаришини тинимсиз кўпайтиришга, янги иш ўринлари яратишга ва даромадлар миқдорини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлмоқда.
Вилоятдаги фермер хўжаликларидан келтирилаётган сутни қайта ишлашга мўлжалланган “Голд Азим инвест” кичик корхонаси банк кўмагида модернизациялаштирилгани туфайли истеъмол бозорига фақат сифатли маҳсулот чиқармоқда. Буюртмачилар рўйхатида нафақат Самарқанд, балки Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро сингари вилоятлар савдо шохобчалари ҳам борлиги корхона маҳсулотларига талаб кундан-кунга ортиб бораётганлигидан далолат беради.
— Газланган айрон, пишлоқ қаламчаларидан ташқари яқин орада истеъмол бозорида янгилик ҳисобланган совитилган қаҳвани қадоқлаб ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, — дейди корхона раҳбари Тоҳир Атақурбонов. — Бу борада кимлар билан, қай тарзда ҳамкорлик қилиш мумкинлиги ҳақидаги зарур маълумотларни интернет тармоғидан олдик. Талаб этиладиган технология учун банк кредити тайёр. Гап ишни тезроқ бошлаб янги маҳсулотни истеъмолчиларга манзур эта олишда.
Дарвоқе, самарқандлик тадбиркорнинг таъкидлашича, юртимизда озиқ-овқат захираларини кенгайтириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Бу эса, энг аввало, соҳада банд бўлган кичик бизнес корхоналарига яратиб берилган шарт-шароитлар ва молиявий қўллаб-қувватлашлар туфайлидир. Биргина “Голд Азим инвест”да ишлаб чиқаришни кенгайтириш натижасида ўнта янги иш ўрни яратилиб, бир неча ўн миллион сўмлик қўшимча маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилди. Корхона мутахассисларининг таъкидлашларича, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан маҳсулот етказиб бериш бўйича тузилган шартнома мажбуриятларига бекаму кўст амал қилиниши, тўлов интизоми пухта йўлга қўйилгани ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлиб, сифатни таъминлашда қўл келмоқда. Демак, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигидан дастурхонимизнинг файзу баракаси янада ортади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишидир. ...
01 янв 1970
Ҳозир барча фуқароларнинг шахсий пластик картаси бор. Пул маблағларини пластик картада сақлаш ва ишлатиш қулай, хавфсиз ҳисобланади. Аммо сизнинг п...
01 янв 1970
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади....
01 янв 1970
Дастурхонимизга қўйилаётган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, сут миқдори ва таннархи, уларни кўпайтириш, арзонлаштириш ҳақидаги фик...