Махсус туристик поезд Тошкентда

/
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрта тонгда “Келес” темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезд шу турдаги одатий поездлардан фарқ қилади. Чунки у йирик немис сайёҳлик компанияларидан бири томонидан уюштирилаётган махсус туристик поезд ҳисобланади.
Одатда, пойтахтимизга четдан кириб келадиган халқаро рейслардаги поездлардаги йўловчилар марказий вокзалга келишдан аввал “Келес” чегара-божхона постида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, бу жараёнда божхона ходимларининг зиммасидаги масъулият катта. Зеро, Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий меҳмонлар, энг аввало, божхона ходимлари билан мулоқотга киришишади, уларнинг юртимиз ҳақидаги дастлабки таассуротлари айни шу мулоқотдан шакллана бошлайди.
Сайёҳлар билан хорижий тилларда эмин-эркин мулоқот қилаётган божхона ходимлари уларни мамлакатимиз божхона қоидалари билан яқиндан таништиришди.
Поездда хорижий сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, вагонларнинг ўзига хос дизайни ва жиҳозланиши киши эътиборини ўзига тортади.
Поезддаги 110 нафарга яқин сайёҳларнинг асосий қисмини Европа, хусусан, Германиядан ташриф буюрган туристлар ташкил қилади. Улар йўналишларга бўлинган ҳолда 28 сентябрга қадар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва бошқа бир қатор тарихий шаҳарларида бўлишади.
— Мен Ўзбекистон ҳақида эшитган эдим, айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг довруғи бутун оламга ёйилган. Мен Германияданман, юртингиз ростдан ажойиботларга тўла, ҳаммаси аъло даражада, айниқса, биз, Германия фуқаролари учун 2018 йил январь ойидан 30 кунлик визасиз режимнинг Ўзбекистонда жорий этилиши янада қулайлик яратди, — дейди сайёҳлардан бири Хильдегард Дрехслер хоним.
“Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, октябрь ойининг якунига қадар худди шу каби яна 2 та махсус туристик поезднинг келишига тараддуд кўрилмоқда.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Холиджон Комилов ҳам устоз кўрган, ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган шахс сифатида ардоқланади....
01 янв 1970
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Маълумки, бағрикенг ва олижаноб халқимиз бола тарбияси ва тақдирига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келган. ...