Ҳудудларни ривожлантиришда депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши зарур

/
Маҳаллий вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлар ҳамда партия фаолларининг сиёсий билими, профессионал маҳоратини ошириш, қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш уларнинг ҳудудларни ривожлантиришдаги иштирокини кучайтириш, сайловчилар ишончини оқлашларида катта аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг май-июнь ойларида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи Комиссияси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашлари билан ҳамкорликда “Сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари ва унинг доимий электорати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар-тренинглар бўлиб ўтди.
Андижон. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси ва Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинар-тренингда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар туман Кенгашлари депутатлари, ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари, туман партия кенгашлари етакчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Иштирокчилар дастлаб партия гуруҳларининг доимий комиссиялар мажлислари ва сессиялар кун тартибига таклифлар киритиш, электорат манфаатларини ифода этувчи масалаларга ечим топишда фаолликни ошириш, ҳудудлардаги ўз электорати эҳтиёж ва манфаатларини тизимли ўрганиб бориш каби долзарб масалаларга доир маърузалар билан танишдилар. Бу борада мутахассислар ва экспертларнинг тажрибалари ўрганилди.
Таъкидланганидек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мазкур ҳудудда яшовчи партия электорати манфаатига боғлиқлигига эътибор қаратиш зарур. Депутатлик назоратининг жамоатчилик назорати билан уйғунликда ташкил этилиши ижобий самара беради.
— Кейинги вақтда маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаоллиги ошиб бораётганини қайд этиш ўринли, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева. — Буни улар томонидан сайловчиларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида мутасадди идораларга қонун талаби доирасида депутатлик сўрови билан чиқилаётгани ҳам кўрсатиб турибди. Бироқ айрим ҳолларда партия фракцияси ва “Адолат” СДПнинг қуйи ташкилотлари билан ҳамкорлик етарли даражада эмаслиги улар фаолиятидаги баъзи камчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Депутатларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий билимлари ва сайловчилар билан ишлашда малака ва тажрибасини ошириш партия фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Семинарда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати Шоҳидахон Валиева ўз тажрибалари ҳақида сўз юритар экан, жорий йилнинг ўтган даврида масъул ташкилотлар раҳбарлари номига ҳудуддаги энг долзарб, сайловчиларни қийнаётган муаммолар ҳақида 9 та депутатлик сўрови киритганлигини қайд этди. Депутат ўз сайлов округидаги учрашувлар билан чекланиб қолмай, бошқа имкониятлардан фойдаланган тарзда жамоатчилик орасига кириб бораётгани ва бунинг натижасида фуқароларнинг ишончи янада ортаётганини таъкидлади. Депутат ҳамма вақт халқнинг бугуни ва эртасини ўйлаши, фидойилар сафининг олдинги қаторида бориши зарурлигини билдирди.
Партия гуруҳлари самарали фаолият олиб боришида ОАВлар билан ҳамкорлик ва тарғибот тадбирлари кўламини ошириш катта ролъ ўйнайди. Шу маънода медиа режалар ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш, маҳаллий ОАВларда ўз ўрнини яратиш зарур. Бунинг учун, биринчи навбатда, депутатлар ташаббус кўрсатиши керак.
— Бугунги тараққиёт ва ахборот асрида хабардорлик ва тезкорлик муҳим аҳамиятга эга, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши раиси Меҳринисо Каримова. — Маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан ҳам унумли фойдаланиш электорат билан алоқаларни кенгайтиришнинг қулай йўли саналади.
Қашқадарё. Депутатлик мансаб ёки лавозим эмас, балки халқнинг ишончидир. Шундай экан, партиядан сайланган депутатлар бугун халқнинг ишончини қай даражада оқлашмоқда?
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган семинар-тренингда шулар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳаза юритилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятдаги маҳаллий вакиллик органларида партиямиздан сайланган 64 нафар депутат иш олиб бормоқда. Айтиш жоизки, ҳудудларни ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этиш, маҳаллий Кенгаш сессияларида электорат манфаатларини ифода этувчи таклифлар киритишда депутатлик гуруҳлари фаоллик кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Партия ташкилотларимиз маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан биргаликда фуқаролар қабулларини ташкил этиб, аҳолини ўйлантириб келаётган социал-иқтисодий муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечимларини топишаяпти. Мазкур жараёнда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан депутатлик сўровидан фойдаланиш, қонун ва қонуности ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатиш, сайловчиларнинг мурожаатларида акс этган муаммоларни ўз вақтида ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида депутатларимиз томонидан 10 та масала маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссияларида муҳокама қилиниб, амалий натижаларга эришилди.
— Партия депутатлик гуруҳлари томонидан ҳуқуқ ва ваколатлардан унумли фойдаланишни таъминлаш кўп жиҳатдан партиядан сайланган депутатларнинг мазкур меъёрларни қай даражада амалий қўллай олишига боғлиқ, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров. — Партиямизнинг Сайловолди дастурида бир қанча муҳим ҳаётий ғоялар, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга наф келтирадиган режалар илгари сурилган. Шуни назарда тутсак, партиянинг марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият идораларини шакллантириш жараёнига фаол таъсирини таъминлаш учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлардан тўлақонли фойдаланиш керак.
Семинар-тренинг иштирокчилари “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов, халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Шавкат Раҳмонов, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Даврон Кесимов, партиянинг Миришкор, Касби туман кенгаши раислари Саодат Очилова, Бобур Юсупов, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Замира Бобоназарова ва бошқаларнинг ҳам кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан маърузаларини тингладилар.
Иштирокчилар томонидан партиянинг қуйи ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятининг бир қатор тажрибалари чуқур таҳлил қилинди. Шу билан бирга, Миришкор, Китоб, Деҳқонобод туман партия кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва партиянинг босма нашрлари билан ўзаро ҳамкорлик борасида амалга ошираётган ибратли ишлари қайд этилди.
Навоий вилояти.
“Сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари ва унинг доимий электорати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусидаги семинар-тренинг Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятида эришилган ютуқлар билан бирга мавжуд камчиликлар, эътиборталаб жиҳатлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
— Очиғини айтганда, депутатларимиз фаолияти бизни қаноатлантиради, деб айта олмаймиз, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Мадия Сабитова. — Ўтган сайлов натижаларига кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз сони икки баробарга кўпайгани яхши, албатта. Лекин уларнинг фаолияти талаб даражасида эмас. Айрим ҳолларда мутасадди идора ва ташкилотларга юборилган депутатлик сўровлари юзасидан назорат қилишда сусткашликка йўл қўйилаяпти. Сайловчилар ишончи ортишига халақит берувчи бундай ҳолатларга тезда барҳам бериш, депутатлар ўз масъулиятини кучайтиришлари шарт. Мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш борасида депутатларимиз фаолиятида изчиллик етишмаётганлиги кўзга ташланади.
Семинар-тренингда депутатлик гуруҳларининг партия ташкилотлари ҳамда партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари билан сайлов округларида депутатлар фаолиятини ташкиллаштириш, депутатлик назоратини амалга оширишда ўзаро алоқаларни янада кучайтириш зарурлиги хусусида фикрлашиб олинди. Шунингдек, партия депутатлик гуруҳларининг маҳаллий ОАВ ҳамда партия босма даврий нашрлари билан ҳамкорлигини самарали йўлга қўйишнинг аҳамияти хусусида ҳам фикр алмашилди.
Наманган вилоятида мазкур мавзуда бўлиб ўтган семинарда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг масъул ходимлари, шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари иштирок этдилар.
— Бугунги кунда партиямизнинг вилоят ташкилоти халқ депутатлари вилоят Кенгашида 8 та, шаҳар ва туман кенгашларида 46 та депутатлик ўрнига эга, маҳаллий вакиллик органларида партиямизнинг саккизта депутатлик гуруҳи фаолият юритмоқда. Булар юқори кўрсаткич ҳисобланмаса-да, аввалги сайловларда қўлга киритилган кўрсаткичдан юқоридир, — деди вилоят партия кенгаши раисининг ўринбосари Исроил Жўраев. — Айни пайтда мазкур депутатлик гуруҳлари фаоллик кўрсатиш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир масалаларни нафақат доимий комиссиялар, балки маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига ҳам киритиши мумкин. Муфассал муҳокамадан сўнг қабул қилинадиган қарорлар эса дастурий мақсадларимиз учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг муваффақиятини ҳам таъминлайди. Ана шундагина электорат манфаатлари ҳам у ёки бу даражада ҳимоя қилинаётганлиги ҳақида гапирса бўлади. Мазкур семинар-тренингдан кўзда тутилган мақсад ҳам депутатлар ва партия ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаган ҳолда иш юритилишини таъминлашдан иборатдир.
Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Акмал Бурхоновнинг “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мазкур ҳудудда яшовчи партия доимий электоратининг асосий манфаатлари билан боғлиқлиги. Бу манфаатларнинг сиёсий партия дастурий мақсадларида ўз аксини топиши”, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоевнинг “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида тегишли қарорлар қабул қилишга доир таклифлар киритиш орқали сиёсий партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқувчи иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш йўллари”, вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи масъул ходими Ислом Икромиддиновнинг “Депутатлик назоратини олиб бориш методикаси. Депутатлик назоратининг фуқаролик жамияти институтлари томонидан олиб бориладиган жамоатчилик назорати билан ҳамоҳанглигини таъминлаш” мавзусидаги маърузаларини тингладилар.
Семинар-тренинг иштирокчилари кичик гуруҳларда мавзу юзасидан амалий машғулотлар олиб боришди. Семинар-тренинг якунида дастурий мақсадлар, электорат манфаатлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб, фаолиятни самарали ташкил этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмалари томонидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари кенгашлари билан ҳамкорликда ўтказилган семинар-тренингларда ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш омиллари, депутатлар фаолиятига доир долзарб масалалар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳаза юритилди.
Комил САХАТОВ, Акбаржон НАЗАРОВ,
Олим ХЎЖАЕВ, Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
муаммоларни ҳал этиш тартиби сессия қарори билан мустаҳкамланди
01 янв 1970
Мамлакатимизда қизғин давом этаётган сайлов кампаниясида республикамизнинг барча ҳудудлари қатори пойтахтликлар ҳам фаоллик билан иштирок этишмоқда...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унд...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан қатор тадбирлар ва акциялар ўтказиб келинмоқда....