Чемпионларни кутиб оламиз

/
Хитойда давом этаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати якуний паллага яқинлашмоқда. Эртага қитъа чемпиони аниқладиган финал ўйини бўлиб ўтади. Биз учун қувонарлиси Ўзбекистон U-23 терма жамоаси чемпионат бош соврини учун кечадиган якуний баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Гуруҳ баҳсларини иккинчи ўрин билан якунлаган Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Япония терма жамоаси билан куч синашди. Тўғрисини айтиш керак, аксарият мутахассислар ва мухлислар мазкур ўйинда кунчиқар юрт терма жамоасининг кучини юқори баҳолаган эди. Чунки японлар гуруҳ ўйинларининг барчасида рақибларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратганди. Ана шу омиллар тарози палласини Япония терма жамоаси томонга оғдирарди. Тўп юмалоқ, майдон текис эканлигини яхши билган йигитларимиз учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб ўз «омад»ларини рақиб дарвозаси олдидан қидира бошладилар.
Ҳисоб ўйиннинг 31-дақиқасида ярим ҳимоячи Жавоҳир Сиддиқов томонидан очилди. 34 ва 39-дақиқаларда эса Достонбек Ҳамдамов ва Жасурбек Яхшибоев томонидан киритилган тўплар ҳисоб 3:0 бўлишини таъминлади. Вакилларимизнинг яққол устунлигида ўтган ўйиннинг иккинчи бўлимида Жасурбек Яхшибоев Япония дарвозасига ўзининг иккинчи, жамоасининг тўртинчи голини уриб, барча масалага нуқта қўйди. Якуний ҳисоб 4:0.
Ярим финалда ўзбекистонлик футболчиларга Жанубий Корея терма жамоаси рўбарў келди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ватандошларимиз рақибларидан кучли эканлигини ҳисобда акс эттира олишди. Яъни 33-дақиқада Жавоҳир Сиддиқовнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг Забиҳилло Ўринбоев рақиб дарвозабони билан бирга бир вазиятга чиқиб, ҳисобни очди.
Кутилганидек кореялик футболчилар иккинчи бўлим бошланиши билан ҳужумга зўр беришди. Уларнинг тезкор ҳужумлари охир-оқибат ўз самарасини берди. Баҳснинг 58-дақиқасида юқоридан ошириб берилган тўпга ҳимоячиларимиздан баланд сакраган Хванг Хюн Су боши билан зарба бериб, ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳар икки жамоа футболчиларида дарвозани ишғол қилиш учун яхши имконият бўлганига қарамасдан, улардан ҳеч ким фойдалана олмади.
Қўшимча бўлимларда эса футболчиларимиздаги финалга чиқиш иштиёқи рақибдан кўра устун экани билинди. Руҳияти баланд, ғалабага чанқоқ футболчиларимиз қўшимча бўлимларда Азизжон ўаниев, Жасурбек Яхшибоев, Акромжон Комиловнинг чиройли голлари эвазига Жанубий Корея терма жамоасини йирик — 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур ғалаба Ўзбекистон Олимпия терма жамоасига тарихда илк маротаба қитъа чемпионати бош соврини учун кечадиган финал баҳсига йўлланмани тақдим этди. Эртага Ўзбекистон терма жамоаси Вьетнам терма жамоаси билан Осиё чемпионлиги учун кураш олиб боради.
Футболчиларимизнинг Япония ва Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинларини кўриб мухлисларимизнинг кайфияти анча кўтарилгани рост. Жаҳон чемпионати — 2018 саралаш учрашувларидаги бош жамоамизнинг муваффақиятсиз иштирокидан кейин ишқибозларнинг миллий футболимиздан ҳафсаласи пир бўлган эди. Равшан Ҳайдаров ва унинг шогирдлари эса мамлакатимизда кучли футболчилар авлоди вояга етаётганини, ўзбек футболи ривожланиш босқичига қадам қўйганини исботладилар. Эндиги вазифа эса хайрли бошланган ишнинг якунини кўриш. Футболчилар айни дамда буни жуда яхши ҳис қилиб турибдилар. Умид қиламизки, йигитларимиз халқимизга олам-олам қувонч улашиб, Осиё чемпионати бош совринини мамлакатимизга олиб келади.
ГАЗЕТА САҲИФАЛАНАЁТГАНДА: Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Ўзбекистон футбол федерацияси Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўзгартирилди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентлигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Раматов сайланди.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда амалга ошрилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимизда нуфузли тадбир ва мусобақаларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар ярат...
01 янв 1970
Футболнинг «миллионлар ўйини» дейилиши бежиз эмас. Ер юзида 300 миллионга яқин киши спортнинг шу тури билан шуғулланади....
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...
01 янв 1970
 Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари авж палласига кирди. ...