Қорақум бағридан таралган хушхабар

/
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари авж палласига кирди. Унда мамлакатимиз спортчилари жонажон Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаяпти.
Ушбу нуфузли халқаро спорт анжуманини юксак савияда ўтказиш учун Туркманистон пойтахтида пухта тайёргарлик кўрилган. Олимпия шаҳарчасида иштирокчи давлатлар делегациялари, мураббий ва спортчиларнинг яшаши, мусобақага тайёрланиши, машғулотлар ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган. Мусобақаларнинг очилиш маросими ҳам тантанали тарзда нишонланди. Спорт тадбирининг расмий очилиш тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини – оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Улуғбек Алимов стадион узра кўтариб ўтди.
Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида 64 мамлакатдан спортчилар иштирок этмоқда. Юртимиз делегацияси таркибида 189 спортчи – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришган тажрибали спортчиларимиз билан бирга, ёш иқтидор эгалари спортнинг 20 тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Мамлакатимизда истиқлол йилларида малакали атлетларни тайёрлаш соҳасида катта тажриба тўпланди десак, муболаға бўлмайди. Ўтган йиллар давомида болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилган улкан ишлар натижасида халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчилар авлоди шаклланди. Бу борада ўқувчи ва талабаларнинг севимли спорт мусобақаларига айланган, дунёда кичик олимпиада номини олган—«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» мусобақалари ҳақиқий маҳорат майдонига айланди. Ушбу спорт ўйинлари босқичларини босиб ўтган йигит-қизларимиз ёзги олимпиада ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида юқори пробали медаллар учун курашмоқда.
Спортчиларимизнинг Ашхободда ўтказилаётган нуфузли мусобақага муносиб тайёргарлик кўришида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори муҳим омил бўлди десак, асло муболаға эмас.
Мусобақалар мезбонларнинг миллий спорт тури — туркман миллий кураши билан бошланди. Туркман миллий кураши бўйича беллашувларда полвонлар эркин услубда бел олишишди. Ушбу спорт турида вакилларимиз энг кўп медалларни қўлга киритди. 75 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Илҳомжон Машрабов барча рақибларининг курагини гиламга теккизиб, дастлабки олтин медални мамлакатимиз жамғармаси ҳисобига тақдим этди. Вазни 90 килограммгача бўлган полвонлар олишувида қатнашган Обидали Мавлоновга ҳам тенг келадиган полвон топилмади. Обидали мусобақаларда барча рақибларини катта устунлик билан енгиб, мухлис ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
Енгил атлетика спорт турининг баландликка сакраш баҳсларида иштирок этган Надия Дусанова 1.86 натижани қайд этиб, Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди. Мазкур баҳсларда иштирок этган яна бир ҳамюртимиз Сафина Садуллаева эса иккинчи натижа қайд этиб, кумуш медал билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда спортнинг яккакураш спорт турлари анча ривожланган. Буни хорижий спортчилар ва уларнинг мураббийлари жуда яхши билишади. Ашхобод гиламлари бу фикримизни исботламоқда. Хусусан, спортнинг бокс, таэквондо, дзюдо, каратэ, оғир атлетика турларида ўзбек спортчилари юқори натижаларни қайд этаётгани шундан далолатдир. Албатта, ўзбек боксчиларининг маҳоратини нафақат Осиё қитъаси, балки бутун жаҳон тан олади. Бу гал ҳам чарм қўлқоп усталаримиз рақибларига ҳеч қандай имконият қолдираётгани йўқ. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бокс бўйича жамоамиз мураббийлари Туркманистонга асосий таркиб аъзоларини жалб этмади. Ашхобод рингларида умидли ёш боксчиларга имконият берилди. Ёшлар таркиби ҳам яқинда Гамбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юқори натижаларни қайд этган акаларидан асло ортда қолмаяпти.
Оғир атлетика баҳслари ҳам кескин курашларга бой тарзда ўтмоқда. Оғир атлетика бўйича мамлакатимиз терма жамоаси қўшни юртга кучли таркиб билан йўл олган. Баҳсларда Рио-2016 Олимпиадаси иштирокчилари Иван Ефримов, Достон Ёқубов, 2017 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Фарҳодбек Собиров, мазкур чемпионатнинг кумуш медаль соҳиби Шаҳзод Худойберганов қатори умидли спортчиларимиз ўз омадларини синаб кўрмоқда. Шунингдек, тош кўтаришда ёшлар жамоамиз ҳам медалларга асосий даъвогарлар қаторида эътироф этиляпти. Спорт мутахассисларининг таъкидлашича, Иван Ефримов Ашхободда Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиши мумкин экан. Чунки Иваннинг азалий рақиблари хитойлик ва қозоғистонлик атлетлар маълум сабабларга кўра ушбу баҳсларда иштирок этмайди.
— Ўзбек оғир атлетика мактабининг нуфузини янада ошириш учун шогирдларимда яхши имконият бор, — дейди оғир атлетика бўйича терма жамоамиз мураббийи Баҳром Абдумаликов. — Албатта, рақиблар ҳам яхши тайёргарлик билан келган. Кураш қизғин кечмоқда. Аввалги мусобақаларда бўлганидек, бу гал ҳам Эрон, Таиланд, Қозоғистон, Хитой спортчилари ғолиблик учун курашяпти. Биз охиригача курашамиз. Тўғри, тошлар оғир, лекин куч ва ақл тўғри ишлатилса, ҳар қандай оғирликни бўйсундирса бўлади. Насиб этса, юртга ёруғ юз билан қайтамиз.
Мусобақаларнинг бешинчи кунида оғир атлетика бўйича 69 килограммгача бўлган атлетлар курашида Достон Ёқубов даст кўтаришда 139 килограмм, силтаб кўтаришда 177 килограмм, умумий 316 килограмм оғирликни ўзига бўйсундириб делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медалини қўшиб қўйди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда (-58 кг.) супачага кўтарилган Муаттар Набиева ҳам даст кўтаришда 94 килограмм, силтаб кўтаришда 118 килограмм, жами 212 килограмм натижа билан шоҳсупанинг иккинчи пағонасидан жой эгаллади.
Газета саҳифаланаётганда:
Кеча Осиё ўйинларида навбатдаги ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди. Ўзбекиcтон спортчилари ҳисобида айни пайтда 10 олтин, 17 та кумуш, 36 та бронза медаллари бор. Медаллар жамғариш бўйича вакилларимиз мезбонлар ва Эрон делегациясидан кейин учинчи ўринда боряпти. Мусобақалар 27 cентябргача давом этади, демак, спортчиларимизда янада кўпроқ медалларни жамғариш имконияти бор.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда дунё футбол ишқибозларининг диққат эътибори 14 июндан 15 июлгача Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қаратилган....
01 янв 1970
Теварак-атрофи дарахтлар, яшил майсазор, анвойи гуллар билан қопланган бу сўлим маскан чиндан кишига хушкайфият бағишлайди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...
01 янв 1970
Юртимизда амалга ошрилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимизда нуфузли тадбир ва мусобақаларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар ярат...