Инсонпарварлик ифодаси

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида давлатимиз гуманистик сиёсатининг ҳамда халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Мамлакатимизда миллий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш сиёсатининг яққол ифодасига айланган Афв акти Рамазон ҳайити арафасида эълон қилинганлиги ана шундай инсонпарварлик тамойилларининг яна бир ифодаси бўлди.
Содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро мазкур фармонга мувофиқ афв этилди.
Жумладан, уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниши, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилиши белгиланди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакат тарихидаги афв этишга оид илк амалиёт Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида 2700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолагани бўлганди. Бунгача қонунчилигимизда фақат амнистия институтидан фойдаланиб келинаётган эди.
2017 йилдан ҳозирги кунгача афв этиш тўғрисидаги Президент фармонлари турли байрам саналари муносабати билан 6 марта қабул қилиниб, жами 3942 нафар шахсларга қўлланилди.
Шу ўринда афв этиш институтининг бевосита моҳияти ва амнистиядан фарқли жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, афв этиш ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради. Афв этиш аниқ ҳукм қилинганга нисбатан индивидуал тарзда амалга оширилади.
Амнистия акти жиноят содир қилган маълум тоифадаги шахсларга жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламаслик орқали уларга тузалиш имкониятини бериш ёки бу чоралар қўлланганда уларнинг аҳволини яхшилаш мақсадида кўрсатиладиган инсонпарварлик ифодаси ҳисобланади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, амнистия актида аниқ бир шахснинг фамилия, исми-шарифи кўрсатилмай, маълум тоифадаги шахслар (масалан, ёшлар, 60 ёшдан ошганлар, аёллар), одатда, ижтимоий хавфли қилмишни биринчи марта содир қилаётганлар, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жазодан озод қилиниши ёки унинг муайян қисми камайтирилиши кабилар белгиланади. Яъни аввал жиноятлар тоифасини белгилаб беради, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади.
Амнистиядан фарқли ўлароқ, афв этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади.
Aмнистия ва афв ўртасида яна бир фарқ афвни қўллашда маҳкумнинг қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигига, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволига (қарамоғида вояга етмаган фарзандлар, меҳнатга қобилиясиз эр (хотин) ва (ёки) кекса ёшдаги ота-онаси мавжудлигига), етказилган зарарнинг қопланганлигига албатта эътибор қаратилади. Бу омилларни ҳисобга олмасдан афв қўлланиши деярли имконсиз.
Aмнистия актида эса ҳар доим ҳам бундай омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмайди. Масалан, амнистияда 60 ёшдан ошган кексалар жазодан озод этилиши ҳақида қоида бўлса, бу барча кексаларга бирдек қўлланади. Улар орасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлмагани бўлса ҳам, амнистия акти асосида озодликка чиқарилади. Ёки бундай ҳолда уларнинг оилавий аҳволини ўрганишга ҳам эҳтиёж йўқ.
Мамлакатимизда ҳар йили қабул қилиб келинаётган Афв акти турли сабаблар боис адашиб жиноят йўлига кириб қолган, кейинчалик бундан қаттиқ пушаймон бўлган, тўғри йўлга тушиб олишни истаган инсонларга ҳаётда ўз ўрнини топиши учун яна бир имкон бермоқда. Шу билан бирга, бунда жиддий масъулият мазмуни ҳам бор. Жазодан муддатидан илгари озод этилиш ёки жазо тури юмшатилиши фуқароларга катта имконият бўлса, уларнинг барча юртдошларимиз қатори жамият ҳаётига қўшилиб кетиши учун давлат ва жамоат ташкилотлари астойдил ҳаракат қилиб, яқиндан ёрдам бериши яна бир имкон саналади. Афв этилган шахслар бу барча саъй-ҳаракатларни қадрлаши, ҳукумат ва халқимизнинг ишончини оқлаши учун, албатта, тўғри йўлга тушиб олиши зарур. Демак, бутун бир жамиятнинг саъй-ҳаракати хато йўлдан қайтишни истаган фуқарони қўллаб-қувватлашга, унга ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан ёрдам беришга қаратилади, бошқача айтганда, унга яхшилик қилинади. Шу билан бирга, Афв акти орқали қанчадан-қанча оилаларнинг бағри тўлиб, ота-оналар кўнглига ҳаловат кирганини барчамиз яхши биламиз.
Ҳаёт ҳақиқати нуқтаи назаридан қарасак, ҳар бир инсон бу ҳужжат нафақат афв этилган фуқаролар, балки оила, маҳалладан тортиб жамият ҳаёти билан боғлиқ масалаларни қамраб олганини англаб етади. Содда қилиб айтганда, ота ёки она меҳридан айрилиб, тирик етимга айланган фарзандлар ва оила тақдири, кўнгли ўксиб қолган болаларнинг тарбияси каби оғриқли муаммолар давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли барҳам топади. Хонадонда бағрибутунлик муҳити юзага келади. Бинобарин, содир этилган жиноят учун жазо беришдан мақсад инсонни тарбиялашга қаратилган, деймиз.
Демак, ҳозирдан бошлаб келажакда кечиримга яхшилик билан жавоб қайтариш, яъни тўғри йўл танлаб, халқ, Ватан, миллат, қолаверса, ўз оиласи, қариндош-уруғлари олдида юзи ёруғ бўлиш, ҳар бир Афв акти асосида жавобгарликдан озод қилинган фуқаронинг бурчига, кундалик вазифасига айланиши лозим.
Президентимизнинг ушбу фармонида қайд этилганидек, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири сифатида қаралади. Шу жиҳатдан ушбу Афв акти дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг мазмун-моҳиятга эга бўлиб, мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш партия фаолларидан жиддий масъулиятни талаб этади.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...
01 янв 1970
Биз болажон халқмиз. Бу бугун ёки кеча шаклланган анъана эмас, балки асрлар давомида бизга мерос бўлиб келаётган қадриятдир....