Сайлов кодекси: сайловчи ҳуқуқини ҳимоя қилади

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлсада, афсуски, ҳанузгача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганлигини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.
 
Бинобарин, амалдаги сайлов қонунчилиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим мураккабликларни келтириб чиқараётган эди. Аниқроқ қилиб айтганда, бунга сайлов жараёнини ташкил этиш ва ўтказишнинг аксарият тартиб-таомиллари тарқоқ ҳолда бир нечта қонунлар билан тартибга солинганлиги, аксарият қоидаларнинг такрорланиши, шунингдек, айрим ўта муҳим масалалар қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан белгиланганлиги улар ўртасида баъзи номувофиқлик ва қарама-қаршиликларни вужудга келтираётган эди.
 
Халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор энг илғор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
 
Мазкур кодекс тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун (“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб низом ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида мужассам этди.
 
Қайд этиш жоизки, Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Айни пайтда, хорижий мамлакатлар сайлов қонунчилиги ва тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда 40 га яқин давлатда, хусусан, Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь ва Озарбайжон каби давлатларда сайлов кодекслари қабул қилинган.
 
Эътиборли жиҳати шундаки, илк бор Сайлов кодекси халқаро экспертизадан ўтказилди. Халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирокида 2018 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Европада хавф­сизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳам­дўстлиги, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси каби халқаро ташкилотлар томонидан кодекс лойиҳаси ўрганилиб, тавсиялар берилди.
 
Шу асосда тайёрланган Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 25 июнь куни имзоланди ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
 
18 боб, 103 моддаданиборат бўлган Сайлов кодекси илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди. Хусусан:
 
I. Сайлов участкалари билан боўлиҚ Ўзгаришлар
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу эса, сайловларни ўтказиш ва ташкил этишда холислик тамойилининг ҳаётга татбиқ этилганидан далолатдир.
 
Шунингдек, участка сайлов комиссияларининг овоз бериш жараёни тугагандан кейин амалга оширадиган аниқ ҳаракатлари (овозларни санаш, баённомаларни тузиш, округ сайлов комиссиялари билан ўзаро алоқалари ва ҳ.к) қонун даражасида мустаҳкамланди. Илгари бундай нормалар Марказий сайлов комиссиясининг ҳужжатларида акс этган эди.
 
Маълумки, илгари Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда, ягона сайлов участкасини тузиш тартиби қонунчиликда белгиланмаган эди. Сайлов кодексида мазкур масалалар ўзининг ҳуқуқий ечимини топди. Эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи ягона сайлов участкалари тузиш тартиби ўрнатилди.
 
Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар қонун даражасида белгиланди.
 
II. Номзодлар билан боўлиҚ Ўзгаришлар
Маълумки, илгари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиё­сий партиялар ва  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эга эди. Эндиликда Сайлов кодексига мувофиқ, номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ўзини ўзи бош­қариш органлари томонидан кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Мазкур янгилик маҳаллий Кенгашларда партиявий ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
 
Киритилган муҳим ўзгаришлардан яна бири номзодлар ишонч­ли вакилларининг мамлакатимиз бўйлаб сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби жорий этилганлигидир. Бу ишончли вакилларнинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришига хизмат қилади.
 
Шу билан бирга, эндиликда сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиши мумкин. Авваллари эса сиёсий партиянинг бундай қарори сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиниши мумкин эди. Ушбу ҳолат сайлов кунига яқин тиғиз пайт­да бирмунча мураккабликларни келтириб чиқарарди.
 
Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши белгиланди. Аввалги амалиётда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланарди. Бу эса номзодларга тенг имкониятларни таъминлашга тўсқинлик қилар эди.
 
Яна бир бир муҳим жиҳат. Вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар (аввал 3 нафар эди) ишончли вакилга эга бўлиш тартиби йўлга қўйилди. Ишончли вакиллар сонининг ошганлиги сайлов кампаниясини ўтказиш, сайловолди ташвиқотлари олиб бориш, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссия­лари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалашда қулайликлар яратади.
 
III. Овоз бериш билан боўлиҚ бЎлган Ўзгаришлар
Мазкур йўналишдаги ўзгаришларда, аввало, сайлов бюллетенидаги бўш квадрат ичига сайловчилар томонидан номзодга ёқлаб овоз беришда бир қанча белгилар (+, , Х) қўйиш имконияти яратилганлигида кўришимиз мумкин. Бу сайловчиларга янада қулайлик яратишга қаратилган амалиётнинг татбиқ этилганлигидан далолатдир.
Муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун мўлжалланган сайлов бюллетенини жорий қилиш билан “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланганлиги ва сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш механизми тартибга солинганлиги ҳам эътиборга молик жиҳатлардандир.
 
Илгари сайлов куни овоз бериш вақти 06:00 да бошланар ва участка сайлов комиссияси аъзоларига муайян қи­йинчиликлар туғдирар эди. Сайлов куни овоз бериш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланганлиги комиссия аъзолари ва сайловчилар учун ҳам қулайлик яратди.
 
Шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши билан боғлиқ қоидаларнинг киритилиши Сайлов кодексининг халқчил ҳужжат эканлигидан далолатдир.
 
Қолаверса, сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши жорий қилиниб, имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конс­титуциявий ҳуқуқлари кафолатланди.
 
IV. Сиёсий партиялар билан боўлиҚ Ўзгаришлар
Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчиларга бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Илгари мавжуд бўлган бир сайловчининг фақатгина бир сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо бериши мумкинлиги ҳақидаги қоида турли сиёсий партияларга имзо тўплаш жараёнида муайян маънода мураккабликлар келтириб чиқарар эди.
 
Яна бир янгилик шундан иборатки, авваллари имзо варақаларидаги имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий пар­тиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этиши белгиланган эди. Янги тартибга кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида қонун бузилиш ҳолати аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.
 
V. БошҚа Ўзгаришларни Ҳам кЎриш мумкин
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатиниюритиш тартиби белгиланди. Бу эса, бир сайловчининг бир неч­та рўйхатларда назарда тутилишининг олдини олиб, бир сайловчи бир овозга эга бўлишини тўлиқ таъминлайди.
Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилиши белгиланди. Илгари бундай норманинг аниқ белгиланмаганлиги турли чалкашликларга олиб келар эди.
 
Сайлов округларини тузишдаги янгиликлардан яна бири шуки, эндиликда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп чегарасининг четга чиқиши ўн фоиздан ошмайди. Бу эса, сайловчиларнинг барча округларда тенг тақсимланишига замин яратади.
 
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекис­тон Республикаси Сайлов кодекси мамлакатимизда халқаро норма ва стандартларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, сайловга оид қонунчилик нормаларининг унификациясига, номувофиқлик ва коллизияларнинг бартараф этилишига, энг муҳими, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.
 
Валишер Давлятов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
Олий суд ОАВ томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган....
01 янв 1970
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтис...
01 янв 1970
Асосий қонунимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда....