Мақсад – шаффофликни таъминлаш

/
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Матбуот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ушбу тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самараси, судлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага кўтариш, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳамда истиқболдаги режаларни муҳокама этишдан иборатдир.
Маълумки, суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида изчил ҳамкорлик ўрнатишда Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастурий ҳужжат бўлди.
Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга оширишда суд органларининг муҳим вазифаларидан бири сифатида фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш белгилаб берилди.
Шунингдек, Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастурининг 6-бандида “Суд органлари билан республика журналистлари ўртасида изчил ҳамкорликни ўрнатиш, уларнинг суд мажлисларидаги иштирокини таъминлаш, очиқ суд материалларини ёритишда мамлакат ОАВдан фойдаланишни назарда тутувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш” белгиланди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши:
Биринчидан, Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш;
Иккинчидан, судлар фаолиятида очиқ-ошкоралик, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш;
Учинчидан, халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумки, ҳар қандай жамият, аввало, фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланади. Бугун Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан жамиятимизнинг фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланишига кенг йўл очиб берилмоқда.
Буни таъкидлашдан муддао шуки, Олий суд ОАВ томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган. Фақат умумэътироф этилган талаб чоп этилаётган материаллар холис, ҳар қандай шубҳа-гумондан холи, беғараз ва қонуний асосларда ёзилган бўлиши лозим. Чунки илгари сурилган ҳар қандай нохолис фикр кенг жамоатчилик ўртасида нотўғри тасаввурнинг шаклланишига, охир-оқибат эса, одил судлов сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳолбуки, суд ҳокимиятининг ҳам, оммавий ахборот воситаларининг ҳам мақсади муштарак — жамиятда адолатни, қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Тадбир сўнггида Олий суд раҳбарияти ва ОАВ раҳбарлари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида ёзадиган журналистлар учун ўқув ташкил этиш, журналистлар учун шанба кунини очиқ эшиклар куни деб белгилаш ва ҳар ойда 10 нафар журналист учун “Олий судда бир кун” лойиҳасини амалга оширишга келишиб олинди.
Сардор Ҳамроев

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...
01 янв 1970
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтис...
01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.
01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....