БИЗ УЧУН ТИНЧ ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТ ЯРАТГАН ФИДОЙИ БОБОЛАРИМИЗ ХОТИРАСИ МАНГУДИР

/
Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.
Ушбу айём кунлари бугунги тинч-осойишта ҳаётга қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. Бу йўлда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ифодасини топган.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табрикномаси, 7 миллион 500 минг сўм миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ҳар бирини тиббий ва ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ходимлар бириктирилиб, доимий патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Санаторияларга бепул йўлланмалар ажратилмоқда.
Уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари билан бирга мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказмоқда.
9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар келган.
Соат 8.30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.
Давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди – ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Шу куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан уруш ва меҳнат фахрийлари таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан алоҳида саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Рамзий саҳнада машҳур ўзбек генерали Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизиянинг қаҳрамонлиги акс эттирилди. Президент фахрийлар билан бирга уни томоша қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.
Боғда Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси акс эттирилган. Поезд ва ҳарбий техникалар намойиш қилинган. Қўмондонлик штаби, окоп ва блиндажлар, тиббиёт пункти, дала ошхонаси қурилган. Жанг майдонларида аскарларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронт орти меҳнат фаолияти акс этган.
Саҳна ортидаги улкан мониторда халқимизнинг уруш даврида кўрсатган матонати ва жасорати, ёвқур ўғлонларнинг мислсиз қаҳрамонликлари акс этган лавҳалар намойиш қилинди. Мардлик, Ватан, тинчлик тараннум этилган шиорлардан юраклар жунбушга келди.
Давлатимиз раҳбари ғалабага катта ҳисса қўшган барча ватандошларимизнинг жасорат ва матонатини янада чуқур ўрганиш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильмлар ва спектакллар яратиш, ёшларимиз қандай фидойи инсонларнинг жасорати эвазига бугунги тинч ва бахтли замонда яшаётганини билиши ва бунинг қадрига етиши зарурлигини таъкидлади.
Бутун дунёда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар келтирган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол аён бўлади.
Халқимизнинг уруш йилларидаги чинакам матонат ва жасорати бутун инсоният учун ибратдир. Ўзбек халқи жанг майдонларидан юртимизга эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишига ўз уйидан жой берди. Улар орасидаги 200 минг болани юзлаб ўзбек оилалари “Сен етим эмассан”, деб ўз паноҳига олган, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонига тошкентлик темирчи Шомаҳмудовлар оиласи хотирасига ҳурмат сифатида барпо этилган ҳайкал қайта ўрнатилгани бу бағрикенгликнинг яна бир намунасидир.
Давлатимиз раҳбари айни вақтда Тошкент шаҳрида Ғалаба боғини барпо этиш бўйича лойиҳа-қурилиш ишлари бошлаб юборилганини қайд этди.
Албатта, бу боғ ва унинг таркибида бунёд этиладиган Шон-шуҳрат музейини меъморий жиҳатдан энг гўзал ва мукаммал лойиҳалар асосида яратамиз. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуасининг ички маъно-мазмунини, музей экспозициясини шакллантиришда биз муҳтарам фахрийларимиз, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларига таянамиз, деди Президент.
– 1943 йил урушга кетдим, – дейди Сирдарё тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Холқўзи ота Тошқўзиев. – Ғалабадан сўнг узоқ йиллар кутубхоначи бўлиб ишладим. Турмуш ўртоғим Мукаррамхон билан ўн фарзандни улғайтирдик. Олтмишдан ортиқ невара-чеварамиз бор. У даврларни эслаш биз учун азоб. Ғалабага ҳисса қўшган ўнлаб қуролдош дўстларимиз хоки бегона юртларда қолиб кетди. Илоҳим у кунлар қайтиб келмасин.
Саҳнада ва улкан мониторда Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёт акс эттирилган лавҳалар намоён бўлади.
... «Хотира мангу» композицияси намойиш этилади.
Машҳур сухандон Юрий Левитаннинг уруш бошлангани тўғрисидаги эълонни ўқиган овози янграйди. Йигитлар Ватан ҳимоясига отланади. Мониторда Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвири акс этади.
– Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётгани замирида жуда катта маъно-мазмун бор, – дейди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним. – Иккинчи жаҳон уруши тугаганига анча бўлди, лекин ундан чиқариладиган сабоқ, хулосалар ҳали ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Бу эса ғалабанинг қадр-қимматини янада оширади. Ўзбек халқи ана шу улкан ғалабага муносиб ҳисса қўшгани билан фахрланади. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг хотирасини ёд этиш, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, хотира бугунги авлодни тинчликни қадрлашга ўргатади. Президентингиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлиги бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришини қайд этди. Биз бу муносабатларни ғоят қадрлаймиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонамиз.
Байрам дастурида атоқли шоир ва санъаткорларимизнинг шеър ва қўшиқларига кенг ўрин берилгани Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятига мос тушган. Ғафур Ғулом қаламига мансуб «Сен етим эмассан» шеърининг муаллифдан ёзиб олинган парчалари эшиттирилганда, қалблар ларзага келди.
Алишер Навоийнинг "Мубтало бўлдим санга", Муқимийнинг "Айрилмасин" ғазаллари, Камтарнинг "Аскар мактуби", Хайриддин Салоҳнинг "Мени эслагил", Исроил Ваҳобовнинг "Ўзбекистоним", Булат Акуджаванинг "Нам нужна одна победа", Яков Галицкийнинг "Синий платочек" каби шеърларига басталанган қўшиқлар янгради.
Концерт ҳарбий оркестр ва таниқли хонандалар иштирокида давом этди.
...Уруш тугаб, ғалабага эришилгани ҳақида Юрий Левитан эълон қилади.
74 йил олдинги бу қувонч, сурур яна бир бор тадбир иштирокчиларини ҳаяжонга солди.
– Биз бахтли авлодмиз – шундай тинч-осойишта мамлакатда яшаяпмиз, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси Гулруҳ Пардаева. – Бунда бобо-бувиларимизнинг, барча нуронийларимизнинг ҳиссаси беқиёс. Президентимиз таъкидлаганидек, уларга ғамхўрлик қилиш, умрларини узайтириш учун барча шароитларни яратиш ҳаммамизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Уруш йилларининг аянчли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий дастур қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эргаш ХУДОЙНАЗАРОВ билан суҳбат
01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
Амударё туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгашида тузилган ишчи гуру...
01 янв 1970
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Россия Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети – МИСиС филиа...