Маҳаллада ҳамманинг рўзғори бут

/
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Ташаббуслар рағбатлантирилади, меҳнат қилган одам шунга яраша даромад топади, оилалар фаровонликка эришади. Бундай ижобий ўзгаришларни юртимизнинг узоқ қишлоқларида ҳам кўриш мумкин.
“Ёш ғайрат” — Шўрчи туманидаги маҳаллалардан бири, бу ерда 3849 киши истиқомат қилади. Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, Сурхондарё вилоятида ҳам амалиётга жорий этилган “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури қишлоқда кўпчиликка асқотмоқда.
Ушбу маҳаллада ҳам ўн саккиз оила 15 миллион сўмгача имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
— Юртимизда тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг учун қулай муҳит яратилган. Ташаббус кўрсатиб, ҳалол меҳнат қилган киши кам бўлмайди. Фаоллар билан уйма-уй юриб, аҳолига шуни тушунтирдик, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўрол Шерхонов. — Ҳозирги пайтда 38 хонадонда иссиқхона бор. Уларда турли деҳқончилик маҳсулотлари етиштирилаяпти. Чорвачилик билан шуғулланаётганлар ҳам анчагина. Жумладан, маҳалладошларимиздан Тоғай Мирзатов ва Баҳодир Хўжақулов қурган иссиқхоналарда турли кўкатлар, помидор етиштирилмоқда. Алишер Қаршиев, Шерқобил Назаров чорвачилик билан шуғулланиб, уларнинг ҳар бири 40-50 бошгача қорамол боқади. Очиғини айтсам, бизда ҳеч ким бекор юрмайди. Бири парранда боқса, яна бири томорқасида сабзавот экинлари етиштиради. Натижада ҳар бир оилада тўкин-сочинлик, ризқ-барака кўнгилдагидек бўлишига эришилади, бошқа зарур харажатлар учун ҳам яхшигина даромад топилади.
Ана шундай эзгу амаллар, саъй-ҳаракатлар туфайли одамларнинг турмуш шароити тобора яхшиланиб, фаровонлиги ошиб, қишлоқ янада обод бўлмоқда. Хонадонларнинг тоза ичимлик суви, табиий газ таъминоти яхши эканлиги ҳам бу ишларда ижобий ўрин тутмоқда. Равон йўллар, обод кўчаларга қараб баҳри-дилингиз очилади.
— 2018 йил 1 январь холатига кўра, маҳалламизда бирорта кам таъминланган оила қайд этилмади, содда қилиб айтганда, ҳамманинг рўзғори бут. Бу борада маҳалламиз фуқаролар йиғинининг нуронийлар ва ёшлар бўйича маслаҳатчилари Зоҳиддин Ёқубов ҳамда Садоқат Исоқова, шунингдек, кўчабошиларимиз бир-бирига қанот бўлиб иш кўраётгани самара бермоқда, — деб сўзини давом эттиради маҳалла фуқаролар йиғини раиси. — Одамлар ўртасида аҳил-иноқликни мустаҳкамлашга, айниқса, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Яқинда фаоллар маҳалла ҳудудида жойлашган 37-, 65-умумтаълим мактабларидаги дарс жараёнларини бевосита кузатдик. Ота-оналар ҳам ўқувчиларнинг давоматига бефарқ эмас. — дейди Садоқат Исоқова. — Пировардида жонкуяр, фидойи ўқитувчиларни фахрий ёрлиқлар билан тақдирладик, аълочи ўқувчиларга китоблар совға қилдик.
Дарвоқе, маҳаллада кутубхона ишлаб турибди. Мутахассислар, ота-оналар бу маскандаги китоблар сонини кўпайтириш ҳаракатида, чунки улар кутубхона фондини бойитиш нафақат ёшлар, балки барча ёшдагилар учун беқиёс маънавий хазина эканлигини яхши англайдилар.
Қурбон ЖЎРАНАЗАРОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...
01 янв 1970
9 май – Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. ...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолияти...
01 янв 1970
Ҳар сўзидан ҳикмат ёғилиб турадиган, маънили сўзлари билан кишини бир зумда ўзига тортадиган нуроний отахон билан суҳбатлашсангиз, худди қадрдон од...