Дам олишми, табиатга қирон келтиришми?

/
Хумсон қишлоғига ўтган асрнинг 70-йилларидан бери бориб тураман. Кўчалари кенг, файзли, қишлоқ одамлари меҳр-оқибатли, меҳмондўст. Қишлоқ бағридан ўтган Угом дарёси тўлиб-тошиб оқади, турли сайроқи қушлар базмидан инсон руҳияти ором олади. Аммо сўнгги ўттиз йил ичида бу ерга ҳар хил жойлардан дала ҳовли қиламан, деб турли одамлар кўчиб кела бошладилар. Кенг, равон кўчаларга ноқонуний иморатлар тушди, ҳатто Угом дарёси бўйига ҳам турар жойлар қуриб ташланди. Одамзот қадами етган жойдан табиат қочади, дегани рост экан. Экология бузилганидан Угом дарёсида балиқлар камайди. Сув бўйида яшайдиган қундузларга қирон келтирилди. Жўшиб оқадиган Угом аста-секин чиқиндихонага айлана бошлади.
Шу йил ёзнинг иссиқ кунларида дўстларим билан сўлим Хумсон қишлоғидаги Угом дарёси бўйига дам олгани чиқдик. Кўчаларда йўл-йўлакай, худди тераклардек қатор-қатор 7 ёшдан 40 ёшгача ёшу қари қўлида “дача” ва “тапчан” (сўри) сўзи ёзилган ёрлиқлар билан туришарди. Машинамизни тўхтатдик. Ширинликни асаларилар қандай ўраб олса, бизни шундай ўраб олишди. Бир кунлик бассейнли дачалар ижара нархини суриштирдик.
— 400 минг сўмдан 3 миллионгача, — деди маклерлардан бири.
— Бунча қиммат?
— Хизмати шунга яраша, ака, — деди иккинчиси.
— Бундан ҳам қимматлари бор, фақат у сизлар учун эмас, — деб бараварига устимиздан кулишгандек бўлишди.
Дача чўнтагимизга тўғри келмаслигини англаб, сўрининг нархини суриштирдик. Шундоққина Угом дарёси қирғоғига жойлаштирилган темир сўри, ўрин-кўрпачаси, қозон-товоғи билан ижара ҳақи бир кунга 150 мингдан 300 минг сўмгачалигини айтишди.
Улфатларим ичида кам маош оладиганлар менга савол назари билан қараб қўйишди. Шоҳсупача — сўрининг нархи ҳам тўғри келмади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир соатча қидириб, Угом дарёси қирғоғида бирорта текис жой тополмадик. Ҳамма қулай, текис жойларни қўштирноқ ичидаги тадбиркор "тапчанчи"лар эгаллаб олган эканлар. Дам олиш сарсонликда ўтди. Шу кунги аҳвол менга тинчлик бермади.
Дарё бўйига сўри ўрнатиб, жой эгаллаб, уни пуллаш тадбиркорликми ёки тирикчилик манбаими? Агар бу тадбиркорлик бўлса, унинг қонуний асоси борми?
Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг мутахассиси Тиллабой Абдуваҳобовга шу саволларни бердик.
— Угом дарёси қирғоқларини ўзлаштириб олган бу каби ноқонуний “ижарачилар” Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунларига, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистраль каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик сув ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 174-сон қарорига бўйсунмай фаолият кўрсатмоқдалар. Қарор билан тасдиқланган низомнинг 25-бандига кўра, дарё ва сойларнинг қирғоқлари бўйида сувни муҳофаза қилиш зонаси доирасида қирғоқ минтақаси ажратиб кўрсатилган. Бу минтақада бирорта хўжаликнинг фаолият юритиши қатъий чеклаб қўйилади. Саноат корхоналарини бунёд этиш, ижтимоий-маиший ва маданий иншоотлар қуриш, фуқаролар томонидан уй-жой барпо қилиш тақиқланади. Бу йил Угом дарёсининг қирғоқ олди минтақасида жойлашиб олиб, ноқонуний фаолият кўрсатаётган 147 объектга огоҳнома хатлари тарқатилиб, улар маъмурий жаримага тортилган.
Шундан сўнг “Хумсон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Қорабоевга учрашдик.
— 2015-2016 йилларда Хумсон қишлоғида солиқ тўламаётган дала ҳовли ва Угом дарёси қирғоғида ноқонуний иш юритаётган фуқароларимиз билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган эди. Қонунни тушунган ва уни билиб-билмай бузган фуқароларимиз солиқларни тўлай бошладилар. Сўри-тапчанларини ўзлари бузиб, ўз фаолиятларини тўхтатдилар. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳамон қонунбузарлар учраб турибди. Буни қаранг, ҳозир Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан бу масалани ўрганишни режалаштирган эдик, — деди раис.
Солиқчилар келишгач, улар билан биргаликда қирғоқ бўйлаб юра бошладик. Фуқаролар Воҳиджон Исроилов 4 та сўри, Улуғбек Нуринбоев 5 та сўри, 1 та бассейн, Муқим Жумонов 3 та сўри, Охун Ниёров 5 та сўри, 1 та бассейн, Зокир Тошметов 4 та сўри, Роза Холдорова 6 та сўри, 2 та бассейн, Зоир ўуломов 2 та сўри, Ҳикмат Акбаров эса дарёга нақ 8 та сўрини жойлаштирган.
Юқорида номлари зикр этилган фуқаролар билан суҳбатлашдик.
— Сизлар тадбиркор бўлиб, рўйхатдан ўтганмисизлар?
— ... Йўқ, лекин ҳар тапчан учун бир мавсумда 200 минг сўм солиқ тўлаймиз.
Буниси қизиқ бўлди. Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари “тапчанчи”лардан ноқонуний фаолият кўрсатгани учун жарима ундирар эканлар. Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари сўри эгаларидан қонунга зид ҳолда солиқ оларканлар?! Аммо ҳеч бир ташкилот вакиллари бу қонунбузар “ижарачилар” фаолиятига чек қўйишни ўйламас экан.
2018 йилги мавсумда Угом дарёси бўйида жойлашган “Хумсон” МФЙдаги 39 та хонадон эгаларидан 107 та сўри учун 21 миллион сўмдан ортиқ солиқ ундирилган. Сўриларни кўздан кечирар эканмиз, бир нарсани тушунмадик: давлат солиқ инспекторлари қайси меъёрий ҳужжат асосида ҳар бир сўри учун 200 минг сўмдан пул ундиришган? Ахир сўрилар ўриндиғи 4 кишидан 10 кишигача бўлса, бири Угом дарёси бўйида, бири дарё устида бўлса...
Солиқ тўлаган тапчанчилар орасида кам таъминланган, Чернобиль ҳалокатида қатнашган ва ногиронлик гуруҳидагилар бўлиб, солиқларни имтиёзли равишда тўлашар экан. Улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишар экан. Аммо қонун олдидаги мажбурият ва бурчларини билсалар эди, янада яхши бўларди.
Сўрилар ва уларнинг атрофидаги жойлар санитария қоидаларига мутлақо жавоб бермайди. Ҳамма ёқда озиқ-овқат, мева-сабзавот чиқиндилари, целлофан халталар, турли ҳажмдаги баклашкалар уюмлари кўзга ташланади. Улар ўз вақтида олиб кетилмаганлиги учун Угом дарёсига ташланмайди, деб ким кафолат беради? Бассейнларда 4 ёшдан 70 ёшгача эркагу аёл, ўғилу қиз бараварига сувга тушиб, чўмилишларини кўриб, соғлом фикрлайдиган инсон ваҳимага тушса, не ажаб! Ахир улар орасида турли экзема, тошма, сачратқи тери касалликларига чалинган беморлар бўлиши мумкин-ку? Сўри эгаларига эса пул бўлса, бас, инсон соғлиғи билан нима ишлари бор?
Тушдан кейин, соат 16 лардан сўнг Угом дарёсида оқиб келаётган чиқиндиларни кўриб, уни шу аҳволга келтирган имонсиз ва инсофсиз кимсалардан нафратландик.
Маҳалла аҳли вакилларидан айримлари билан гаплашдик.
— Тапчан эгалари орасида бир-икки йил ичида икки-учталаб енгил автомобиль олганлар бор. Улар кибрланиб қолди. Угом бўйини тирикчилик манбаига айлантирдилар. Йилдан-йилга уларнинг сони кўпаймоқда. Атоф-муҳитга зарар етмоқда, — дейди 80 ёшли отахонлардан бири.
Юқорида зикр этилган салбий ҳолатлар борасида шу ҳудуддан сайланган халқ депутатлари, Бўстонлиқ туман ҳокимияти ва тегишли ташкилотлар вакиллари қандай фикр билдирар эканлар?
Даврон АҲМЕДОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...
01 янв 1970
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб олий ўқув юртлари талабалари ўртасида...
01 янв 1970
2012 йилда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг амалий санъат йўналиши бўйича вилоят босқичида I ўринни эгалладим....