Йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш — устувор вазифа

/
Маълумки, 2015 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан мамлакатимизда 2016 йилнинг 1 мартидан бошлаб янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари амалга киритилди. Ушбу қоидалар жорий этилгач, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати ҳам юзага келди. Шунга кўра, тегишли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. 2016 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Ушбу қонун билан киритилган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид ўзгартиш ва қўшимчалар моҳияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Аҳмедович Сайдалиев қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ҳозирги кунда бутун дунёда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб муаммолардан бирига айланган. Чунки йўл-транспорт ҳодисалари натижасида мамлакатлар иқтисодиёти жуда катта зарар кўрмоқда. Бундай кўнгилсизликлар маънавий жиҳатдан ҳам инсонларга ўнглаб бўлмас даражада зиён етказаяпти. Машина уриб кетиши оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмаётган бегуноҳ инсонлар орасида кимнингдир отаси, онаси, яна кимнингдир жондан азиз фарзанди борлигини тасаввур қиладиган бўлсак, бу ҳодисаларнинг аянчли кўриниши кўз олдимизда яққол намоён бўлади.
Олдимизда ана шундай муаммо турган экан, унинг ечимини топиш устида ҳамма бирдек бош қотирмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори билан мамлакатимизда 2016 йилнинг 1 мартидан бошлаб кучга кирган, бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари айнан ана шу муаммолар ечимига тўғри ва оқилона йўл топиш мақсадига хизмат қилади. Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар йўл-транспорт ҳодисаларининг йилдан-йилга камайиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, мустақиллик йилларида соҳага тааллуқли қонунлар, ҳукумат қарорларининг янгиланиши, давр талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимчалар билан тўлдириб борилиши ҳам муаммо ечимига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Албатта, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишларининг самарадорлигини оширишда Йўл ҳаракати қоидаларининг ўрни беқиёс. Шу сабабли ушбу қоидалар доимий ва узлуксиз, маҳаллий шарт-шароит, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида орттирилган тажрибалар асосида такомиллаштириб борилади. Ўз-ўзидан равшанки, қоидаларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам ўз аксини топмоғи зарур. Чунки, бирор-бир ҳолатни тақиқлагандан сўнг унга нисбатан кўриладиган чораларни ҳам белгилаш зарур. Ана шундагина қоидаларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ўзининг ижобий самарасини беради. Жаҳондаги кўплаб давлатлар тажрибасидан, қолаверса, ўзимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларидан маълумки, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда қоидабузарликларга нисбатан кўриладиган чоралар алоҳида ва муҳим ўрин тутади.
Янги қабул қилинган қонун ҳам худди шу мақсадларни кўзда тутади. Унинг лойиҳаси барча мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларнинг тажрибали масъул мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган.
Қонун шу йилнинг 24 сентябрь кунидан бошлаб расман кучга кирди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 125-,128-,138- ва 248-моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида ҳайдовчиларга бир қатор муҳим мажбуриятлар ҳам юклатилди. Биласиз, сўнгги вақтларда, айниқса, тўй-тантаналарда танасини машина ойнасидан ташқарига чиқариб, видео тасвирга олиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу эса ҳаракатланиш хавфсизлигига жиддий рахна солади. Эндиликда ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни ҳаракат вақтида танани (қўлни чиқариш бунга кирмайди) автомобиль салонидан ташқарига чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириши шарт. Агар ЙПХ инспекторлари томонидан шундай қоидабузарлик аниқланадиган бўлса, ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддаси 2-қисми асосида чора кўрилади. Яъни бу ҳайдовчи республикамизда жорий этилган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробарида жарима тўлайди. Худди шу талаб қоиданинг йўловчиларга тегишли 24-бандига ҳам қўшимча қилинди. Демакки, шундай қоидабузарлик содир этган йўловчиларга нисбатан МЖтКнинг 138-моддаси 4-қисмига асосан жавобгарлик белгиланди. Яъни йўловчиларнинг бу қоидабузарлиги улар томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солинишига асос бўлади.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида яна бир янгилик жорий этилди. Маълумки, куннинг қоронғи вақтларида, айниқса, ёритилмаган жойларда транспорт воситаси бирон-бир сабаб билан, масалан, носозлик туфайли тўхтаб қолиши мумкин. Шундай вақтда ҳайдовчи машинасини таъмирлаш учун ташқарига чиқади. Натижада хавфли ҳолат юзага келади. Йўлдан ўтаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари таъмирлаш ишлари билан банд бўлган ҳайдовчини кўрмай қолиши мумкин. Қоронғи ва ёғингарчилик бўлаётган вақтларда бунинг эҳтимоли ниҳоятда кучаяди. Айнан шундай ҳолатларда йўл-транспорт ҳодисасига учраб жароҳат олганлар ҳақида кундалик маълумотларимизда қайд этилган. Мана шуларни эътиборга олган ҳолда янги қоидаларда тунги вақтларда ҳайдовчиларга нур қайтарувчи махсус нимчаларни кийиб олиш мажбурияти юклатилди. Эндиликда ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ёнғин ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтарувчи махсус нимчалар ҳам бўлиши, шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловасига кўра, фавқулодда ҳолатларда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача (болғача фақатгина М2 ва М3 тоифадаги йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун) билан жиҳозланиши шарт. Янги қонунда бу каби қоидабузарлик учун МЖтКнинг 125-моддаси 2-қисми билан чора кўрилади. Яъни энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси қўлланилади.
Сўнгги вақтларда кўпчиликни ташвишлантираётган, йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган, умуман, ҳаракатланиш хавфсизлигига жиддий рахна солаётган яна бир муаммо бор эди. Гап йўлда ҳаракатланаётган пиёдаларнинг уяли телефондан, планшетлардан фойдаланишлари, қулоқларига турли мосламаларни тақиб олиб гаплашишлари, мусиқа эшитиш ва ҳатто кино кўришлари ҳақида кетмоқда. Бу салбий ҳолат, айниқса, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари орасида урф бўлиб қолган. Кундалик маълумотларимиз орасида айнан шу ҳолат сабабли йўл-транспорт ходисасига учраб ҳаётдан кўз юмиш ҳолатлари тўғрисида ҳам маълумотлар бор.
Шу каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 19-бандида пиёдаларга йўлда юрганда, пиёдалар учун ажратилган жойлардан ўтаётганда хаёлни чалғитувчи нарсалардан, жумладан, телефон, планшетлардан фойдаланиш, видео кўриш, газета, журнал ва китоб ўқиш ман этилди. Эндиликда ушбу турдаги қоидабузарлик учун МЖтКнинг 138-моддаси 1-қисмига асосан чора кўрилади ва энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима қўллашга сабаб бўлади.
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш учун куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришлари шарт, деб белгиланди. Ушбу тартиб қоидаларнинг 128-бандига қўшимча қилиб киритилди. Бу турдаги қоидабузарлик аниқланса, ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 128- моддаси 1-қисмига асосан жазо чораси қўлланилади ва унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солинади.
Умуман олганда, янги қабул қилинган қонун, аввало, ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган. Унинг талабларини сўзсиз бажариш эса йўлларимизда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаб, фуқароларимизнинг соғлиғи ва ҳаётини муҳофаза этишга хизмат қилади.
Мансуржон РИХСИЕВ
ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Россия Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети – МИСиС филиа...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар кўлами янада кенгайди. ...
01 янв 1970
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
01 янв 1970
Ҳар йили февраль ойининг аввалида сўз мулкининг султони Алишер Навоий, ундан сўнг шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг таваллуд айёмла...