Дабусийнинг илмий жасорати

/
Ислом манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди. Бу илмий марказлардан бири IX-X асрларда Бухорода, иккинчиси X-XI асрларда Самарқандда юксак даражада ривож топди”, деб маълумот берадилар.
Қадимшунослар маълумотларига кўра, Бухоро ҳанафия мазҳаби илмий марказининг вужудга келиши мусулмон оламида улуғ аллома саналган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди, буюк фақиҳ Абу Ҳафс Кабир ва у тарбиялаб етиштирган олимлар билан боғлиқ бўлса, Самарқанд илмий марказининг асос солинишида Имом ал-Бухорий, Имом ад-Доримий, Абу Мансур Мотуридий кабиларнинг хизматлари катта бўлган. Бу иккита илмий марказдан ислом оламида машҳур бўлган бир неча минглаб алломалар етишиб чиққанлар. Улар орасида Абу Ҳафс Кабир Ўрта Осиёда фиқҳ илмига асос солди, Имом Бухорий ҳадис илмининг султони даражасига етишди. Абу Мансур Мотуридий суннийликда калом мактабини яратди. Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ илмининг қонунларини ҳужжатлаштириб берди. Абу Бакр Колободий тасаввуфнинг илмий асосларини ишлаб чиқди. Буларнинг бари ислом илмининг тараққий этишига хизмат қилди. Шу даврда ҳар икки илмий марказнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган улуғ алломалардан бири, буюк фақиҳ, ватандошимиз Абу Зайд Дабусий бўлди.
Унинг номи тарихий асарларда Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ал-Қозий ад-Дабусий деб келтирилади. Исмидаги Абу Зайд Убайдулло алломанинг куняси ва номини англатса, Дабусий нисбаси унинг туғилган жойи маъносини билдиради. Муаррихлар қадимий битикларида у туғилган жой Дабусияни гоҳ қишлоқ, гоҳ қалъа, гоҳ шаҳар деб тилга оладилар. Абу Бакр Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” асарида “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Ҳарқонруд, Вардона, Тарновча, Сафна ва Исвона ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд эди. Дабусий катта қалъа бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар”, деб маълумот беради. Бошқа бир муаррих Ийсо ибн Мусо Абу Аҳмад Бухорий ўунжор “Бухоро тарихи” асарида “Дабусия ўз аркига, шаҳристони ва работларига эга, ўнлаб мадрасалари мавжуд илм шаҳри эди”, деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари оралиғида, ҳозирги Пахтачи тумани ҳудудида, Зарафшон дарёси соҳилида жойлашган Дабусиянинг 160 гектардан ошиқ харобалари унинг қадимда ниҳоятда улуғвор шаҳар бўлганлигини кўрсатади. Бўлғуси аллома ана шу шаҳарда ҳижрий 367, милодий 978 йилда дунёга келади. Дастлабки таълимни Дабусиядаги илм даргоҳларида олади. Кейин таълимни Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида давом эттиради. Фиқҳ илмини мукаммал ўрганади. Бу борада у икки буюк фақиҳ – Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Жаъфар ибн Абдулло Уструшоний ўзига устозлик қилганини алоҳида эҳтиром билан эътироф этади.
Абу Зайд Дабусий ислом оламида фиқҳ, усул, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича ниҳоятда иқтидорли аллома сифатида улуғланган. У илмнинг бу соҳаларида кўплаб асарлар яратиш билан чекланиб қолмади. Фаннинг янги тармоқларини, йўналишларини кашф қилди, фиқҳ илмини янада юксак даражага кўтарди, уни янги ҳаётий хулосалар билан бойитди. Шунинг учун унинг илмий иқтидори, салоҳияти барча даврларда кўплаб олимлар томонидан тан олинган. Муаррихларнинг “Вафоёт ул-аъён”, “Тож ут-тарожим”, “Жавоҳир ул-музия”, “Фавоид ул-баҳия” каби асарларида келтирилишича, у ҳар доим Бухоро, Самарқанд, Дабусия шаҳарларида машҳур ва таниқли олимлар билан фаннинг турли соҳаларида мунозаралар олиб борган. Бу мунозараларда, баҳсларда ғолиб бўлган. Мунозараларда янги фикрларни, ғояларни ўртага ташлаган. У фиқҳ соҳасида илмий йўналишдан ташқари амалий фаолият билан ҳам шуғулланган. Бухорода қозилик қилган. Мусулмон оламида машҳур бўлган Бухоронинг етти қозиси (қуззоти сабъа)дан бири ҳисобланган. Ҳанафия мазҳабидаги фақиҳлар Дабусийни нафақат қуззоти сабъанинг вакили деб, балки унинг раиси деб улуғлаганлар. Шу сабабли алломанинг номига “ал-Қозий” нисбаси доимо қўшиб айтилган. Бу ном унинг шахсига нисбатан эҳтиром билан бирга буюк фақиҳлигини ҳам билдирган.
Илм-фан оламида алломанинг ўнта асари ҳақида маълумот етиб келган. Уларнинг аксарияти фиқҳ илмига – ислом қонуншунослигига бағишлаб ёзилган. Булар орасида “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”), “Тақвим ул-адилла” (“Далилларни баҳолаш”), “Китоб ул-асрор фил-усул вал-фуруъ” (“Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб”), “Ал-амад ул-ақсо” (“Энг олис мақсад”) деб номланган асарлари алоҳида ажралиб туради. Бу асарларнинг нодир қўлёзмалари дунёнинг турли кутубхоналари хазиналарида сақланиб қолган. Улардан иккитаси “Таъсис ун-назар” ва “Тақвим ул-адилла” бугунги кунда мукаммал ҳолда нашр қилинган. Қолган икки асарининг айрим қисмлари чоп этилган. Булардан ташқари, алломанинг “Хизонат ал-ҳудо” (“Ҳидоят хазинаси”), “Шарҳ ал-Жамиъ ал-кабийр” (“Жамиъ ал-кабир”нинг шарҳи”), “Ал-анвор фи усул ал-фиқҳ” (“Фиқҳ асосларини очувчи нурлар”), “Ан-нузум фил-фатово” (“Фатволардаги тартиб-қоидалар”), “Тажнис уд-Дабусий” (“Дабусийнинг тартиб ва таснифи”), “Ат-таълиқа” (“Ҳошия”) каби асарлари номлари турли манбаларда кўрсатилган, лекин қўлёзмалари шу пайтгача топилмаган. Шу билан биргаликда унинг мунозара ва тасаввуф илмига оид асарлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор. Аммо ҳозирча бу асарларнинг номи ҳам, ўзи ҳам мавжуд эмас. Шунга қарамай мавжуд асарларининг ўзи алломанинг илм-фан оламидаги нуфузи юксак бўлганлигини кўрсатади.
Абу Зайд Дабусий Ўрта Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос янги илмий асослар яратган ва теран фалсафий тафаккури билан шуҳрат қозонган аллома ҳисобланади. У асарлари орқали фаннинг усул ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик асослари), илм ул-хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик), фуруъ ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик тармоқлари) ва тасаввуф илми соҳаларида катта янгиликлар яратди. Аллома “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”) асарида ҳуқуқшуносликнинг ўзига қадар ўрганилмаган “илм ул-хилоф” (қиёсий ҳуқуқшунослик) деб аталган қисми хусусида сўз юритади. У асарида бир ҳуқуқий масала ёки муаммони ўртага ташлайди. Уни ҳал қилишда фақиҳлар турли фикрлар, ғояларга асосланганликларини кўрсатиб беради. Натижада бир ҳуқуқий муаммони ҳал қилишда кўплаб фақиҳлар, турли фиқҳий мактаблар вакиллари, ҳар хил мазҳаблар алломалари ўртасида бир-биридан фарқ қилувчи қарашлар, ихтилофлар юзага келганлигини аниқлайди. У ихтилофли масалаларни 8 қисмга ажратади. Фиқҳий масалалар юзасидан келиб чиққан ихтилофларни, қарама-қаршиликларни 84 та умумий қоида асосида тартибга солади. Ҳар бир қоидани амалий масалалар билан изоҳлайди. Бошқача айтганда, у илм ул-хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик)нинг илмий назариясини ишлаб чиқади ва бу фаннинг асосчисига айланади. Абу Зайд Дабусийдан кейин фиқҳ соҳасида “хилоф илми”дан алломалар ниҳоятда кўп фойдаланишган. Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарини яратишда бу илмни ўзига асос қилиб олганлигини эҳтиром билан ёзади. Қиёсий ҳуқуқшунослик дунё илмида XX асрнинг иккинчи ярмига келганда алоҳида фан сифатида эътироф этилди ва ривож топди. Буларнинг бари ватандошимиз улуғ алломанинг минг йиллар илгари яратган илмий назариясининг ҳаётбахшлигини кўрсатади.
Алломанинг фиқҳ илмидаги яна бир муҳим кашфиёти “усул ул-фиқҳ” (ҳуқуқшунослик асослари) соҳасида ишлаб чиққан янги илмий йўналиш билан боғлиқ эди. Маълумки, шариатда қонунлар исломнинг асоси бўлган Қуръони Карим, ҳадислар, фатволар ва бошқа манбалардан мантиқий ҳукмлар чиқариб олиш натижасида белгиланган. Бу фиқҳ илмида нақлий ривоятлар асосида ҳукм чиқариш, деб аталган. Усул илми ана шундай ҳукмлар чиқариш учун асос, метод вазифасини бажарган. Абу Зайд Дабусий эса ҳукм чиқаришда нақлий ривоятлар билан бирга ақлий ривоятлардан ҳам фойдаланиш йўлларини яратган. Яъни ҳар бир ҳукмни исломий манбалардан ташқари ҳаётда рўй берган воқеа-ҳодисалар, муаммолар моҳиятини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш орқали чиқаришга эришган. Бу усул илмини, ҳуқуқшунослик асосларини бойитишга, уни янгилашга, ислом қонунларини эса ҳаётий асосда мукаммаллаштиришга хизмат қилган. Шу билан бирга, аллома фиқҳ илмига қиёс усулини, қонунларни ва қонунлар учун асос бўлган воқеликларни қиёсий ўрганиш жараёнини ҳам олиб кирди. Натижада илм ул-хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик)ни усул ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик асослари)нинг бир қисми деб белгилади. “Тақвим ул-адилла” асарида қиёс усулининг имкониятларини, унга оид барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидаларни изоҳлаб берди. Бу борада аллома ўзидан олдин ўтган фақиҳларнинг фикрларини илмий жиҳатдан исботлади ёки рад қилди. Алломанинг бу илмий фикри нафақат усул илми ривожида туб бурилиш ясади, балки ўз даври учун илмий жасорат ҳам эди. Шу боис араб алломаси Ибн Халдун “Ҳанафий имомларидан Абу Зайд Дабусий қиёс бўйича барчадан кўра кенг кўламли асарлар яратди, бу илмга тегишли бўлган барча баҳс-мунозараларга якун ясади. Уни биринчи бўлиб илмий асос билан қуроллантирди. Бу жасорат туфайли усул ул-фиқҳ илми мукаммал даражага кўтарилди, унга тегишли масалалар ечимини топди, қоидалар тартибга келтирилди. Аллома мусулмон оламида фиқҳ илмининг пешқадамларидан бирига айланди”, деб ёзган эди. Кейинги давр алломаларининг барчаси Дабусийнинг усул илмидан фойдаланган ҳолда асарлар яратдилар. XX асрнинг атоқли тадқиқотчиси Карл Броккельманнинг фикрича, эндиликда дунё ҳуқуқшунослиги ривожи асосида ҳам аллома кашф этган усул илми қоидалари муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Тарихдан маълумки, даврлар ўтиши билан ислом динида турли фирқалар, мазҳаблар юзага келган. Бу фирқалар, мазҳаблар вакилларининг қарашларида ҳар хилликлар, ҳатто ўзаро зиддиятлар, ихтилофлар пайдо бўлган. Жумладан, исломий илмлар – ҳадис, калом, тафсир, усул ул-хилоф, усул ул-фиқҳ ва бошқа шу каби соҳаларда яратилган асарларга фирқалар, мазҳаблар нуқтаи назаридан баҳо берилган. Яъни бирор аллома ҳанафия мазҳаби вакили бўлса, унинг асари ҳанафийлар томонидан улуғланган, шофиъийлар, моликийлар томонидан эса тан олинмаган ёки бу асар танқид қилинган. Ислом оламида камдан-кам алломалар асарлари билан барча мазҳаблар вакилларининг эътирофига сазовор бўлган. Ана шундай эътирофга сазовор бўлганлардан бири Абу Зайд Дабусий ҳисобланади. Аллома меросининг тадқиқотчилари, унинг асарлари барча мазҳаб вакиллари учун доимий қўлланма вазифасини ўтаганини таъкидлайдилар. Хусусан, шофиъий мазҳаби вакили аллома Абдулкарим ас-Самъоний Дабусийни ўзига устоз деб қарайди. Унинг “Тақвим ул-адилла” асаридан фойдаланиб “Қавотиъ ул-адилла” (“Қатъий далиллар”) асарини яратади. Ёки алломанинг “Китоб ул-асрор фил-усул вал-фуруъ” асари Испаниянинг Андалусия ҳудудларигача етиб борган. Андалусиялик тасаввуф олими Ибн ал-Арабий Бағдод шаҳрига келиб, Дабусийнинг асарларидан нусха кўчириб Шимолий Африка – Мағриб мамлакатларига олиб бориб тарқатганлиги унинг ислом оламида машҳурлигидан далолат беради. Ёхуд араб файласуфи Ибн Рушд асарларида Дабусийнинг илмий ғоялари таъсири яққол намоён бўлади. Унинг асарлари деярли барча мазҳаблар вакиллари томонидан шарҳланган. Буларнинг бари улуғ аждодимизнинг мусулмон дунёсида улуғ аллома сифатидаги нуфузини кўрсатади.
Тарихий битикларда улуғ алломанинг XI асрнинг 30-40 йиллари оралиғида ҳаётдан кўз юмганлиги ва Бухорода имом Абу Бакр Тархон мақбараси яқинида дафн этилганлиги ҳақида маълумот берилади. Ўша даврда алломанинг вафоти илм аҳли ўртасида ниҳоятда катта йўқотиш деб баҳоланган. Тадқиқотчи Халил ал-Малиснинг ёзишича, Абу Зайд Дабусийнинг “Тақвим ул-адилла” асари қўлёзмаларидан бирининг ҳошиясида алломага Абу Али ибн Синонинг ёзган марсияси сақланиб қолган. Араб тилида битилган мазкур марсияда “Агар бутун коинот кўксини йиртиб, қўллари билан юзига уриб, қон йиғлаб мотам тутган кишидек тасаввур қилинса ҳам Қози Абу Зайдга муносиб аза тутиш ҳаққи адо қилинмаган бўларди”, деган фикр билдирилган. Марсияда алломага бундай юксак эҳтиромнинг кўрсатилиши ва бу эҳтиром буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино томонидан билдирилиши улуғ ватандошимиз, фиқҳ илмининг султони Абу Зайд Дабусийнинг илм-фан оламидаги хизматлари беқиёс эканлигини кўрсатади. Унинг илмий меросини тадқиқ этиш, ўрганиш, аллома хотирасини абадийлаштириш авлодлар учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун фарзанди миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини адо этаётган ота-оналарнинг кўнглидан кечаётган ҳис-туйғулардир....
01 янв 1970
9 май – Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. ...
01 янв 1970
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Уларнинг айтишларича, яқинда Зангиота туманида 192 та биз истаган уйларнинг қурилиш ишлари бошланар эмиш, қизиғи, ўша уйлар учун бирорта ҳам шартно...