Газеталар инқирозга юз тутадими?

/
Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби.
Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

(Охири. Бошланиши олдинги сонда)
Тўртинчи сабаб. Газеталарда танқидий мақолаларнинг ёритилиши ва уларнинг ҳаётда қандай аҳамият касб этаётганлиги билан боғлиқ. Ҳаётда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, тараққиёт йўлларини тўғри белгилаб олишда матбуотнинг, хусусан, газеталарнинг роли катта эканлиги ҳаммага маълум. Айтайлик, бир корхона ёки жамоанинг хато ва камчиликлари, муаммолари бўлса, улар газета саҳифаларида очиб берилса, улардан халос бўлиш йўллари кўрсатилса, бундай камчиликлардан нафақат ўша корхона ёки жамоа халос бўлади, балки яна ўнлаб, юзлаб ташкилотларнинг ўз фаолиятларини тўғри изга солишига имкон яратилади. Шундай экан, газеталарда таҳлилий асосга эга жиддий танқидий мақолалар, фельетонлар нега камайиб кетди? Ёки бугунги кунда муаммолар йўқми? Фаолиятимиз хато ва камчиликлардан фориғми? Муаммолардан фориғ эмаслигимиз маълум, албатта.
Эътибор беринг, кейинги икки йилдан ошиқ вақт ичида Президентимиз томонидан бир неча юзлаб қарорлар, фармонлар, фармойишлар эълон қилинди. Буларнинг бари ижтимоий ҳаётимизни юксалтириш билан бирга кўп соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш, хато ва камчиликларга барҳам беришга қаратилган.
Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда икки мингдан ортиқ мансабдор шахслар жавобгарликка тортилибди. Хўш, уларнинг қайси бири ҳақида матбуотда, газеталарда бу жараённи фош этувчи, унинг туб илдизларини очиб берувчи танқидий мақолалар эълон қилинди? Ёхуд баъзи мансабдор кимсалар томонидан содир этилаётган коррупция деб аталган иллатнинг омилларини очиб берувчи танқидий-таҳлилий мақолалар газеталарда чоп этилдими? Афсуски, бу борада матбуотнинг, газеталарнинг фаолияти қониқарли эмас. Газеталарда танқидий мақолаларнинг камайиб кетганлиги масаланинг бир томони, холос. Унинг иккинчи томони, эълон қилинаётган танқидий мақолаларнинг эътибордан четда қолаётганлигида, ижтимоий кучининг камлигидадир. Яъни, танқидий мақолалар эълон қилинадию лекин улар жамиятда бирор ўзгаришнинг юзага келишига хизмат қилмайди. Бу ҳам халқ орасида матбуотнинг нуфузини туширмоқда.
Бешинчи сабаб. Газеталар сони ва сифати билан боғлиқ. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин истиқлол эпкинликлари бошқа соҳаларда бўлгани каби матбуот соҳасида ҳам бўй кўрсата бошлади. Бу эпкин туфайли матбуотнинг нуфузи ошди. Кейинчалик газета ва журналлар нашр этишда ғалати тенденция юзага келди. Вазирлик, агентлик, ташкилотларнинг ўз нашрлари пайдо бўлди. Яъни, газета чиқариш ташкилотларнинг фаолиятини кўрсатувчи мезонга айланди. Бундан ташқари, хусусий нашрлар ҳам чоп этила бошланди. Натижада дастлаб 100-150 та номдаги газеталар сони 300 тага етди. Эндиликда эса 1500 дан ошиқ номда газеталар нашр қилинмоқда. Бир қарашда бу қувончли воқеадай кўринади. Турли анжуманларда бу рақамлар матбуотнинг ютуғи сифатида тилга олинади. Лекин, афсуски, матбуот нашрларини, газеталарни чоп этишда рақамлар кетидан қувдик, уларнинг сифатини, бугунги ҳаёт ва муштарийлар талабларига қай даражада жавоб бериши ёки бермаслигини унутдик. Журналистика соҳасида кўп йиллар давомида шаклланган устоз-шогирдлик анъаналарига путур етди. Бу соҳада бадиий маҳорат, таҳлил, жанрлар хилма-хиллиги, профессионал сабоқларга эътибор берилмади. Сўз қудратини унутдик. Газеталарни нашр этиш ўз соҳасининг билимдонлари бўлган профессионал журналистлардан кўра матбуотни чала-чулпа биладиган ҳаваскор қаламкашлар қўлида қолиб кетди. Бугун ҳар ким ўз билганича, профессионал даражаси ўртамиёна ва ундан ҳам паст бўлган газеталарни чиқариш билан банд. Оқибати эса аён: бугун 1500 тадан ошиқ газетанинг нашр нусхаси аввалги 300 та газетанинг ададига ҳам етмайди.
Умуман, таҳлил қилинса юқоридаги каби сабаблар яна кўплаб топилади. Буларнинг ҳаммаси бугунги кунда матбуотнинг, газеталарнинг халқ орасидаги нуфузига салбий таъсир кўрсатди. Уларнинг адади ҳам, обуначилар сони ҳам камайди. Энг ёмони, одамларда газеталарнинг кучига, қудратига, тарғиботчилик борасидаги фаолиятига ишонч сусайди, матбуотнинг тўртинчи ҳокимият даражасидаги роли пасайди. Бунга исбот излаб статистиканинг сирли сандиғидан яширин маълумотни ахтариб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Эътибор беринг, республика Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис нашри бўлган “Халқ сўзи” газетаси бор-йўғи салкам 60 минг нусхада чоп этилади. Бағрига миллионлаб аъзоларни бирлаштирган Республика Касаба уюшмаларининг нашри “Ишонч” газетаси 30112 нусхада, Ёшлар иттифоқининг нашри “Ёшлар овози” эса 21170 нусхада босиб чиқарилади. Ҳар бири 400-500 мингдан аъзога эга бўлган ХДП, O’zLiDeP, “Миллий тикланиш”, “Адолат” партиялари муассислигидаги “Ўзбекистон овози”, “ХХI аср”, “Миллий тикланиш”, “Адолат” газеталари атиги 4-5 минг нусхадан нашр қилинади, холос. Ёхуд мамлакатимиздаги таълим соҳасидаги миллионлаб устозлар, мураббийларнинг доимий ҳамроҳи бўлиши керак бўлган “Маърифат” газетасининг салкам 16 минг нусхада чоп этилишини қониқарли деб бўладими? Бундай саноқни давом эттирсангиз умум аҳволдан кўнгил хижил тортиб бораверади. Мана, сизга вазирликлар, ташкилотлар, партияларнинг фаолият кўзгуси, тарғиб-ташвиқот ойнаси бўлган газеталарнинг бугунги аҳволи. Хўш, бундай аҳволда ушбу вазирлик, ташкилот, партиялар ўзларининг мақсад ва вазифаларини, режаларини, амалга ошираётган ва оширмоқчи бўлган ишларини халққа қандай етказади?
Норасмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда нашр қилинадиган барча газеталарнинг муштарийлари сони 2,5-3 миллиондан иборат экан. Агар республикамиз аҳолисининг 22-23 миллиони матбуот нашрларидан хабардор, газета ўқиш имкониятга эга фуқаролар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, юртимизда газетхонлар сони 15 фоизга ҳам етмаслиги ниҳоятда ачинарли ҳолдир.
Албатта, газета ўқиш-ўқимаслик ҳар кимнинг ўз шахсий иши. Аммо бугунги кунда газета ўқимай, матбуотни кузатмай, радио-телевидение орқали дунё ҳаётидан хабардор бўлмай, интернет орқали келаётган янгиликларни билмай инсон ўз қобиғига ўзи ўралиб, оламдан ажралиб, ёлғиз яшай оладими? Ахир бу инсоннинг маънавий инқирози, ижтимоий фожиаси эмасми? Шу аснода республикамизнинг баъзи қишлоқларида бу борада юз бераётган аҳволни бир кўз олдингизга келтиринг. Улар электр энергияси билан тўла таъминланмаган. Чироқ икки соат ёнса, 8-10 соат ўчади. Электр энергияси бўлмагач телевизор ҳам, компьютер ҳам, радио ҳам ишламайди. Газета-журналлар эса, юқорида айтганимиздек, саноқли одамларга етиб боради. Хўш, бундай ҳолда аҳолига хорижда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни қўятурайлик, юртимиз, мамлакатимиз ҳаётида бўлаётган янгиликларни, амалга оширилаётган ўзгаришларни, тараққиётимиз аъмоллари бўлган ишларни қандай етказамиз? Президентимиз бугун жамиятимиз ҳаётида фаол бўладиган, шу юрт эгасига айланадиган, ҳар бир соҳада етакчи бўладиган фидойи, маънавий жиҳатдан юксак шаклланган шахсларни тарбиялаб етиштириш вазифасини кун тартибига қўяётган бир пайтда номигагина чиқаётган босма оммавий ахборот воситалари фаолиятини қониқарли, деб бўладими?..
Кейинги йилларда республикамизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш билан боғлиқ қарорлар, фармонлар, фармойишлар қабул қилинди. Шу билан боғлиқ ҳолатда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини, матбуотни бошқарадиган ташкилотлар, агентликлар, уюшмалар, фондлар фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти, табиийки, оммавий ахборот воситаларини, жумладан, даврий нашрларни ривожлантиришдан, газета-журналларнинг юртимиз ижтимоий ҳаётидаги ролини оширишдан, матбуотни қўллаб-қувватлашдан иборат. Бир қарашда, улар зиммаларидаги вазифаларини “астойдил” бажармоқдалар. Оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилмоқдалар, улар фаолияти устидан назоратни амалга оширмоқдалар, мажлислар, анжуманлар ўтказиб “маслаҳатлар” бермоқдалар. Аммо бу фаолият негадир газета-журналларга амалий ёрдамга — моддий ёрдамга айланмаяпти. Аслида эса бугунги кунда бу фаолиятнинг асосида амалий ёрдам бўлиши зарур.
Бундан бир неча йил илгари атоқли адиб Шукур Холмирзаев адабий жараёнда ва бадиий адабиётда рўй бераётган “ўзгаришлар”ни кузатиб “Адабиёт ўладими?” деган саволни ўртага ташлаган эди. Бугунги кунда босма даврий нашрлар ададларининг озлиги, обуначиларнинг, газетхонларнинг камлиги сабабли матбуотда интернет ва электрон нашрлар кўпайгани учун газета-журналлар инқирозга юз тутадими, деган мулоҳаза пайдо бўлмоқда. Ҳаёт бу оламда адабиётнинг инсоният учун хизмати мангулигини исботлагани каби газета-журналларнинг ҳам ҳар бир давлат ва жамият учун зарурлигини намоён қилмоқда. Агар интернет тармоқлари ва электрон нашрлар газета-журналлар ўрнини эгаллаши мумкин бўлганида бу ҳолат, аввало, юксак тараққий этган мамлакатлар матбуотида рўй берган бўларди. Ваҳоланки, уларда интернет ва электрон ахборот тармоқлари қанчалик ривож топган бўлмасин, газета ва журналлар ҳам миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Демак, юртимизда ҳам босма нашрларни, жумладан, газеталарни инқироздан сақлаб қолиш, уларнинг аҳволини яхшилаш учун ҳали умид бор. Инқироз деб аталган хавотирли мулоҳазаларга ўрин йўқ.
Хўш, шундай экан, газета-журналларни ҳозирги иқтисодий ва маънавий мураккаб аҳволдан олиб чиқиш имконияти борми? Бор, албатта! Бунинг учун, энг аввало, кўпчилик таклиф қилаётганидек, даврий нашрлар, газеталарга давлат томонидан, матбуотни қўлла-қувватлайдиган жамғармалар ва ҳомийлар томонидан моддий ёрдам, кўмак берилиши керак. Бунда давлат ҳисобидан матбуот нашрларига субсидия ажратиш, газеталар таҳририятлари билан ҳомийлар ўртасида ҳамкорликларни юзага келтириш, аҳолининг газеталарга обуна бўлишлари учун моддий ёрдам бериш, корхона ва ташкилотларда обуна ишларини амалга ошириш учун маблағлар ажратиш каби масалаларга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Айни пайтда, бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди фаолиятини тубдан янгилаш керак. Ҳозирги ҳолатда уларнинг фаолияти талабга жавоб бермайди. Айниқса, жамоат фонди матбуот соҳасидан мутлақо узилиб қолган. Фонднинг жамғармаси ҳам оз. Фонд учун ажратиладиган маблағни кўпайтириш керак. Булардан ташқари, ҳар йили матбуот нашрлари — газета-журналлардан олинадиган солиқ маблағларидан ҳеч бўлмаганда 2 фоизини фонд ҳисобига ўтказиш зарур. Фонднинг асосий мақсади эса ўз-ўзини боқиш ёки мажлисбозликлар қилиш эмас, матбуотга амалий ва моддий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлиши лозим. Бошқача айтганда, матбуот, оммавий ахборот воситалари соҳасига дахлдор давлат ва нодавлат ташкилотлари идоралари фондлари ва бошқа органларини мувофиқлаштирувчи ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилса, айни муддао бўларди.
Энг асосийси, газета-журналлар таҳририятлари, уларда хизмат қиладиган журналистлар ўз фаолиятларини тубдан қайта кўриб чиқишлари керак. Газеталар саҳифаларида даврнинг энг долзарб масалаларини, ҳаёт муаммоларини чуқур таҳлил қилувчи мақолалар, публицистик асарлар яратишлари, газетхонларга хабарлар, янгиликлар, маълумотларни тезкорлик билан етказиб беришлари зарур. Газета ҳаёт талабларидан орқада қолмаслиги лозим. Ана шунда улар ҳам моддий жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан юксалади. Бошқача айтганда, ҳар бир газета ўз қиёфасига, ўз сўзига, ўз фикрига эга бўлиши шарт. Ана шунда у ўз обуначисига, ўз газетхонига эга бўлади. Четдан бериладиган моддий ёрдам ва кўмакка зориқмайди. Бундан бошқа йўл йўқ. Даврий нашрларимиз, газеталаримиз яқин келажакда шундай мавқега эришади, деб орзу қиламиз. Орзуга эса айб йўқ.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Уни чуқур ҳис қилган одам асло ўз бурчига хиёнат қилмайди. Кимки ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилса, албатт...
01 янв 1970
Маълумки, Қашқа воҳасида қадимда кўплаб алломалар, донишманд мутафаккирлар яшаб ўтганлар....
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашиши жараёни тўхтатилди. ...