“Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум...”

/
Ўзбек мумтоз адибларининг таваллуд кунларида ажиб бир яқинлик бор: 9 февралда Алишер Навоийнинг таваллудини нишонлайдиган бўлсак, орадан бир ҳафта ўтмасидан 14 февраль — Бобур туғилган кун келади. Бу каби мисоллар адабиётимиз ижодкорларга ниҳоятда бой эканини кўрсатади. Ўзбек мумтоз адабиёти Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Носириддин Рабғўзий, Отойи, Саккокий, Лутфий, Навоий, Бобур, Гулханий, Машраб, Сўфи Оллоёр, Амирий, Нодира, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқат сингари ўнлаб улуғ ижодкорлар номи билан музайянки, дунёнинг бошқа кўп халқлари адабиётида бунчалик нажиб сўз санъаткорлари кам.
Ана шу муаззам силсилада Бобурнинг ўрни алоҳида, албатта. Абдулла Орипов қайд этганидек, Бобур – Навоийдан кейинги энг улуғ ижодкоримиз.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўн икки ёшга тўлгунига қадар, яъни отаси Умаршайх Мирзо жарга қулаб “шунқор бўлиши”дан аввал ҳам темурий шаҳзодаларидан бири сифатида мактаб таълимини олганлиги ёки махсус тайинланган устоз кўмагида савод чиқариб, муайян даражада билим эгаллаганлиги шубҳасиз. Бироқ ўша даҳшатли воқеадан кейин у – эндигина мучал ёшига етган чоғида подшоҳ бўлади, номи хутбага қўшиб ўқилади. Бундан кейинги ўттиз олти йиллик умри эса бетиним жанг-жадаллар, ғалаба ва мағлубиятлар билан кечади. Қизи Гулбаданбегим ҳақли равишда қайд қилганидек, “Соҳибқирон (Амир Темур – З.И.) замонидан тортиб, то Фирдавсмакон (Бобур) ҳазратлари замонигача ўтган султонлардан ҳеч қайсиси бу киши (Бобур) сингари нотинч бўлмаган». Дарвоқе, булар Бобур қаламига мансуб “Вақое” (“Бобурнома”)да ҳам, қизи Гулбаданбегим қаламига мансуб “Ҳумоюннома”да ҳам, ҳатто Муҳамммад Солиҳнинг “Шайбонийнома”сида ҳам битилган. Бобур Мирзо мадраса таълимини кўрмаган, ёвқур беклар ва амирлардан бўлак унинг ёнида бирон-бир илм йўлидаги устози ҳам бўлмаган. Бобур нимаики ёзган бўлса, бунга унинг ўша, ўн икки ёшга қадар олган мактаб билими асос бўлиб хизмат қилди. Қолгани – унинг ҳаёт мактабида ўқиб-ўрганиб, бошидан ўтган синоатлардан чиқарган хулосалари негизида барпо бўлди.
Бобурнинг ана шу беҳисоб урушлар, музокаралар, тож-тахт ташвиши орасида бадиий ва маънавий қиммати беқиёс бўлган девон тартиб бериши, филологик илмларнинг энг мушкули – шеършунослик билан шуғулланиб, аруз тизими тўғрисида “Муфассал” деган асар ёзгани, Хўжа Аҳрорга азбаройи ихлосидан унинг насрда битилган “Волидия” асарини назмга солиб таржима қилгани, исломнинг беш арконига бағишлаб, шеърий йўлда маърифий рисолалар битгани, йигирма ёшлик йигит чоғида “Хатти Бобурий” ихтиро қилгани, хусусан, бутун мусулмон дунёсида илк бор реалистик услубдаги автобиографик мемуар барпо этгани ҳайратланарлидир. Дунё халқлари орасида ўзаро маданий алоқалар кенг тус олган ҳозирги кунда “Вақое” жаҳондаги турли тилларга таржима қилиниб, талай халқларнинг маънавий хазинасидан ўрин олди. Айни асарда улуғ шоир Бобурнинг насрда ҳам нечоғлиқ тенгсиз бир ижодкор бўлгани яққол кўринади. Улкан бир салтанат соҳибининг оддий одам сифатидаги ўй-хаёллари, орзу-армонлари, нозик лутфу мутойибалари, одоб-ахлоқ, давлат арбобларининг этикети, мамлакат ишларини юритиш борасидаги кузатишлардан тортиб, турли дов-дарахтлар, ўт-ўланлар, уларнинг номи, этимологиясига қадар кенг ва қизиқарли маълумотлар муаллифнинг қомусий билим ва салоҳиятга эга бўлганлигини кўрсатиб туради.
Бобур бу асари (“Вақое”)да турли ўлкаларнинг табиати, тоғ ва дарёлари, эл-улуси, уларнинг тарихи, этнографияси, тили, адабиёти, тирикчилик воситалари, дунёқараши ҳақида, ўша ердаги наботот ва ҳайвонот сингари беҳисоб соҳалар тўғрисида шу қадар кўп маълумотларни жам этадики, уларнинг аксари ҳанузгача ўз илмий қимматини сақлаб келмоқда. Биргина филология соҳасини олсак, у ана шу саргузашт мемуари саҳифаларида “йўл-йўлакай” битиб ўтган айрим сўз ва атамаларнинг келиб чиқишига оид фаразлар ҳам, Навоий хусусида бор-йўғи бир саҳифада Хондамирнинг шоир ҳақида ёзган бутун бир “Макоримул ахлоқ” рисоласида топилмайдиган энг қимматли маълумотлардан тортиб, мутафаккир ижодкор шеъриятига баҳо берганда “то туркий тил била шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эрмас” деган бир оғиз қайди, мана, орадан беш аср ўтса ҳамки, каромат сингари, ўз аҳамиятини йўқотмай келаяпти.
Албатта, улуғ шоир ва давлат арбоби бу асарини ўз ҳаётининг тарихномаси, авлодларга ўгит тариқасида битган. Шу билан бирга, тарихга баҳо беришда ундаги турфа сабаб ва оқибатларни англашда ҳам “Вақое”нинг аҳамияти тенгсиз. Шоир унинг пировардида ёзади:
Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.
Ҳар ким бу “Вақое”ни ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.

Адабий асар ўз замондошларигагина эмас, балки келажак авлодларга ҳам таъсир қилиш қудратига эга. Аммо барча ҳолларда ҳам дафъатан ўз китобхонларини топавермайди. Хусусан, бошқа тилларга таржима қилишда шоир асарлари матнидаги дардни тўлиқ илғай олмаслик адибни ўртамиёна қаламкаш даражасига туширган ҳоллар оз эмас. Чунончи, ўзига яқин деб билган кишилардан аксар ҳолларда вафо ва садоқат ўрнига хиёнат кўрган, ўз ҳассос қалбига муносиб бир сирдош топмаган Бобур бир ғазалида чуқур изтироб билан шундай деб ёзган эди:
Ким кўрибтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма андин яхшилиғ.

Бу байт кўп тилларга “жаҳон аҳлидан ҳеч бири яхшилик қилмайди, кимда яхшилик йўқ бўлса, бу одамдан яхшилик кутиш беҳуда”, деган мазмунда ўгирилган. Кўриниб турибди, бу талқин хато. Аслида, иккинчи мисра “кимки, дунёда ундан яхши бошқа одам йўқ бўлса, ҳатто ана ўша кишидан ҳам яхшилик кутма”, дегани эди. Ана шунда шоирнинг изтироби тўла намоён бўлади.
Бобур ўзбек адабиётида рубоий жанри тараққиётини янги босқичга кўтарган ижодкордир. Шоир девонидан қарийб икки юз рубоий ўрин олган. Уларнинг бир қисми анъанавий тарзда ёр васфига бағишланган бўлса, бошқа бир қисми кундалик воқеа-ҳодисалар таъсирида дунёга келган. Аммо бундан қатъи назар, Бобур рубоийлари ҳам мазмунан, ҳам шаклан мукаммаллиги, жозибадорлиги, сўз ўйинлари, бадиий санъатлари билан эътиборга сазовор.
Бобур, неча бу даҳр мени зор айлар,
Сабримни каму ғамимни бисёр айлар,
То даҳрдурур, будур анинг расмиким –
Айриб кишини азизидин, хор айлар...

Сўз танлаш Бобур услубида алоҳида ўрин тутади. Адиб баъзи ўринларда шундай сўз ва иборалар қўллайдики, унинг маъносини ижодкорнинг ўша дамдаги кайфиятидан ёки унинг айрим одамлар ва ҳодисаларга бўлган муносабатидан қидиришга тўғри келади. Муаллиф бир сўз ёки иборани жумлаларда такрор қўлламайди. Масалан, асардан ўрин олган “кўп” сўзига берилган муқобилларга назар ташласак, бу маъно – беш, беҳад, пул, бисёр, бебадал, бепоён, вофир, зиёд, чўх, кулли, мабзул, маъфур, муфрид, пур, сер, фаровон, бешумор, кўчум, ғалаба, қалин каби вариантларда берилганини кўрамиз. Бу каби маънодош сўзларга деярли ҳар саҳифада дуч келинади ва уларнинг ҳар бири ўз жойида қўлланилганлиги муаллиф маҳоратига далилдир.
Аждодларимиздан ўтиб келган бу каби сўз ва иборалар ҳам халқимиз сўз хазинасининг мулки, албатта. Ҳозирда луғавий истифодада қайта ўз ўрнини топаётган аксар тарихий сўз ва хилма-хил истилоҳлар Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий ва бошқа алломаларимизнинг асарларида нозик дид билан ишлатилган ва мумтоз шеъриятимизнинг довруғини оширган.
Гарчи жуда кўп кўҳна сўз ва иборалар “эскирган” деб ҳисобланадиган бўлса ҳам, ҳали улар барҳаёт – муомаладан чиқмайди. Аксинча, янги-янги маънолар касб этиб, эврилиб, ёшариб боради. “Замонавий” авомга тушунарли бўлмаган калималарни тилдан чиқариш эмас, балки омма маърифатини уларни тушуниш даражасига кўтариш керак. Бунда изоҳлаш, тафсир, шарҳ, талқин мақсадга мувофиқ.
Бобурнинг пурмаъно ғазаллари, “Вақое” сингари олиймақом асарларининг хорижий тиллардаги мукаммал таржималарини барпо этиш учун, аввало, уларни теран тушуниш шарт. Ҳамонки чет эллик мутаржимлар ҳали-ҳамон кимдир эплаб-сеплаб берган тагламалар орқали шеърни таниб бўлмас даражага келтириб таржима қилишаётган экан, бу борадаги дастлабки вазифа – хорижий тилларни яхши биладиган, даҳо шоирлар асарларидаги қаватма-қават маъноларни, сўз ўйинларини, хуллас, бадииятини теран тушунадиган ёш ижодкорларимиз томонидан уларнинг бошқа тилларга маъно таржималарини тайёрлаб чоп этишдан иборат.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси биз, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириш учун улкан ишларни амалга ошириб...
01 янв 1970
Тилимизда “харидоргир”, “биринчи тоифали” ёки “арзон автомобиль давлат рақамлари” сингари сўз ва сўз бирикмалар...
01 янв 1970
Бугун кўпчилигимизни ташвишга солган, ҳатто баъзилар томонидан “оммавий васваса” дея баҳо берилган “ўлим гуруҳлари” чиндан ...
01 янв 1970
Обод ва озод юртда яшаш, мустақил Ватан истиқлоли йўлида хизмат қилишдан улуғроқ саодат йўқ. ...