Шаффофлик бор жойда коррупция бўлмайди

/
Буюк рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов эътироф этганидек, “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак: чеҳраси, либоси, қалби ва фикрлари”, “Кейинги йилларда одамларимизнинг фикрлаши, яшаш тарзи, дунёқараши шу даражада ўзгардики, улар кундалик турмушда фойдаланадиган ҳар қандай буюм ёки воситаларининг ҳам гўзал бўлишини истамоқда. Масалан, телефон ёки автомобиль давлат рақамларининг ҳам “чиройли” бўлишига эришмоқчи бўлганлар сони минглаб эканини кўраяпмиз, эшитаяпмиз. Ҳатто бу истакнинг амалга ошиши давлат ғазнасига келиб тушадиган маблағнинг ортишига ҳисса қўшаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.
Тилимизда “харидоргир”, “биринчи тоифали” ёки “арзон автомобиль давлат рақамлари” сингари сўз ва сўз бирикмалари пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатдики, автомобилларга бериладиган давлат рақамларининг шаффоф ва қулай механизмлар асосида сотилиши давлат бюджетига келиб тушадиган сармояни кўпайтирмоқда. Халқаро тажрибага аниқроқ тўхталадиган бўлсак, аксарият Европа Иттифоқи мамлакатларида махсус онлайн аукцион тизимларида давлат авторақамларини сотиб олиш ёки белгиланган меъёрга мувофиқ ҳолда ҳайдовчи хоҳлаган ёзувни ёздириши мумкин. Англияда энг арзон рақам (45 миллион хил комбинациялардан) 250 еврони ташкил этади. Бунга ҳайдовчи ўзи истаган ёзув учун анча йирик маблағни тўлаши талаб этилади. Масалан, 2008 йилда Формула 1 фанатларидан бири F1 ёзуви учун аукционда 440,000 евро миқдоридаги тўловни амалга оширган. Данияда янги шахсий автоуловни давлат рўйхатидан ўтказиш унинг таннархига нисбатан 100-150 фоиз тўлов эвазига амалга оширилади. Фақатгина водород ёқилғили ёки электромобиль каби транспорт эгалари бундай катта солиқлардан озод этилган.
Қўшни давлатларда, хусусан, Тожикистонда “чиройли” авторақамлар 2010 йилдан бери сотувга қўйилган бўлса, Молдовада энг арзон рақам 160 АҚШ долларидан, Беларусда фақат танлаб олиш хизмати 100 АҚШ доллари, буюртма бериш эса 600 АҚШ долларидан бошланади.
Юқорида тўхталганимиздек, Ўзбекистонда ҳам 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, автомототранспорт воситалари учун “чиройли” давлат рақами белгиларини рўйхатдан ўтказиш шаффоф ва рақобатдошлик асосида (Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси ахборот тизимида аукцион ўтказиш орқали) жисмоний ва юридик шахсларга муайян миқдордаги тўлов ставкаларида тақдим этилмоқда. Аввалига, ушбу механизмнинг жорий этилишидан халқимизга нима наф, деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Ушбу саволга жавобни Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси расмий веб-саҳифасида қайд этилган биргина рақам яққол намоён қилади. 2018 йил 2-6 июнь кунларидаги давлат авторақамлар бўйича онлайн аукцион савдолари умумий суммаси 2,7 миллиард сўмни ташкил этган. Бир ўйлаб кўринг, “чиройли” рақам учун амалга оширилган бир ҳафталик тўлов Навоий вилоятининг Кармана туманида барпо этилган 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси ёки Сурхондарё вилоятининг чекка бир қишлоғида қад кўтарган 4 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона учун сарфланган маблағ билан тенг экан. Бу мазкур янгилик ўзини оқлашини билдиради. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу механизм барча учун ошкор, қулай ва осон усулларда амалга оширилмоқда. “Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” дейишганидек, маблағи, имконияти мавжуд ҳар қандай инсон ўзига маъқул рақамни ҳалол ва шаффоф усул, йўллар билан қўлга киритиши мумкинлиги халқимизнинг давлат ташкилотлари фаолиятига бўлган ишончини оширади.
Бир қарашда барчаси рисоладагидек. Бироқ яқинда пойтахтимиздаги “такси” ҳайдовчиларидан бири билан йўл-йўлакай суҳбатлашар эканман, кўриниши, гап-сўзидан оқни қорадан ажратадиган, ҳаётда кўпни кўрган ҳайдовчи акамизнинг бир фикрлари эътиборимни жалб этди.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли низомига мувофиқ, белгиланган 3 тоифадаги автотранспорт давлат рақамлари биржа онлайн ахборот тизими орқали сотилаяти, лекин автоулов эгалари орасидаги катта талабга эга бошқа “Биржа тасарруфидан тушиб қолган рақамлар-чи?”, — деди у киши. — Масалан, 110, 171, 212, 252, 272, 277, 515, 525, 575, 705, 710, 711, каби рақамлар кетма-кетлигини жуда узоқ давом эттириш мумкин. Нима учун бу каби рақамлар шаффоф биржа савдоларидан тушиб қолган? Қолаверса, рақам ва унинг олди ҳамда якунидаги ҳарфлар мужассамлиги-чи? Мисол учун, А757АА, В788ВВ, В818ВВ, В828ВВ, В878ВВ каби комбинациялар биржа савдоларига чиқмасдан туриб фойдаланишга тақдим этилаяпти. Ахир комбинациялаштирилган рақамлар, индивидуал тарзда тузилган “чиройли” рақамлар ҳам муайян тоифа асосида сотувга қўйилганида давлат ғазнасига келиб тушадиган маблағлар янаям кўпаймасмиди?
Дарҳақиқат, пойтахтимиздаги бугунги кунда биржа онлайн савдолари орқали сотилаётган энг арзон рақам тоифасига кирувчи давлат рақами белгиси учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кўп маблағ ва биржа хизматлари учун 5 фоиз ҳақ талаб этилади. Яъни, агар биржа аукционида ушбу лот учун битта талабгор бўлса, у ушбу лотни энг камида 2.171.238 сўмга харид қилиши мумкин. Ҳамонки, энг арзон “чиройли” давлат авторақами нархи 2 миллион сўмдан ошар экан, нима учун юқорида қайд этилган “биржа савдоларидан тушиб қолган” бошқа талабгор давлатнинг “чиройли” авторақамлари ҳам анча арзон нархлардан бошлаб сотилмаслиги керак?
Шу ўринда миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатиб, рақамларни турфа тоифаларга ажратиб сотишда ўзига хос тажрибага эга мобиль операторларнинг фаолияти ёдга тушади. Бинобарин, уяли мобиль операторлар офисларида махсус маркетологлар томонидан ишлаб чиқилган формулалар асосида пуллик телефон рақамлари мижозлар эътиборига тақдим этилади. Бирор-бир “чиройли” рақам ушбу формулалар “назари”дан “тушиб қолмайди”. Демак, ўз-ўзидан бир таклиф юзага келади. Назаримизда, автомобилларнинг давлат рақамларини ҳозиргидек 3 эмас, балки 10 дан ортиқ ёки унданда кўпроқ тоифага ажратишнинг иложи бор. Бунинг учун мутахассислар махсус формулаларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этса бас.
Хўш, бу билан нимага эришамиз? Аввало, пуллик давлат авторақам комбинациялари кўпайиши натижасида давлат ғазнасига тушадиган маблағ миқдори янаям ортади ҳамда 3 тоифадан ҳеч бирига кирмаган, бироқ аслида харидоргир ҳисобланган рақамлар ҳалол ва холис, шаффоф усуллар ёрдамида сотилади. Бундан бойлигимиз янада ошарди. Бу билан ушбу соҳада коррупциянинг ҳам олди олинармиди?!
Козимбек ҒОФУРОВ
тадқиқотчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
01 янв 1970
Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришнинг муҳим воситаси, сайловл...
01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимизда содир бўлаётган, халқимиз тақдирига бевосита дахлдор воқеаларни ҳар бир киши адолат мезони орқали баҳолашга ҳаракат қилм...
01 янв 1970
Паркент тумани, Сўқоқ қишлоғи, “Сойлоқ” маҳалла фуқароларидан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳузуридаги жамоатчилик назорати ...