Иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш доимий эътиборда

/
Халқимиз фарзандлари истиқлол берган имкониятлар боис дунёни таниб, дунёга танилиб, нималарга қодирлигини жаҳон миқёсида намоён этаётганининг ҳар соҳада гувоҳи бўлаяпмиз. Юртимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар бугунги кунда мамлакатимизни жадал тараққий топтириш, бошқалар ҳавас қилаётган юксак марраларга эришишда ҳал қилувчи омилларга айланди.
Шуни айтиш жоизки, фан олимпиадалари, турли мусобақалар, ўқув юртларида ташкил этилаётган кўрик-танловлар ёшларимизнинг ўз истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда таълим соҳасида бир қатор қонун ҳужжатлари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Ушбу қонун ҳужжатлари, миллий дастурлар фуқароларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлайди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида таъкидланганидек, мамлакат келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлидадир. Шунингдек, партиянинг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизимининг фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига мос мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат.
Бухоро вилоятида ҳам таълим соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда Бухоро шаҳрида 2015-2016 ўқув йили якунлари бўйича вилоят ҳокими стипендиясига умумтаълим мактабларидан номзод этиб тавсия этилган ўқувчилар иштирокида танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган вилоят ҳокими стипендияси танлови ўқувчи-ёшларнинг илм-фан ва ижодкорликка бўлган интилишларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаяпти. Жорий йилда умумтаълим мактабларидан танловнинг шаҳар босқичида қатнашиш учун ўқувчилардан 17 нафар номзод тавсия этилганди. Танловнинг шаҳар ишчи гуруҳи аъзолари номзодларнинг ҳар бири билан суҳбат ўтказиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишдилар.
Танловда ўқувчилар истеъдоди, билими ва тайёргарлиги учун 10 балл, ижодида Ватанга садоқат, миллий ғурур, она юрт равнақига ишонч руҳининг сингдирилганлиги, дунёқараши ва фикр доираси кенглиги, таҳсил олаётган босқич ўқув дастуридаги фанларни ўзлаштириш даражаси, Ўзбекистон тарихи фанидан ўрганган билимлари, хорижий тилларни билиши, компьютер саводхонлиги учун эса 5 баллик системада баҳоландилар.
Якуний натижаларга кўра, Бухоро шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Хуршидабону Алимардонова, 4-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Шаҳинабону Ҳасанова, 17-умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси Тофиқбек Акрамов, 30-умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси Сабина Раҳматовалар вилоят ҳокими стипендияси танловининг шаҳар босқичи ғолиблари, деб топилди. Бундай муваффақият ёшларни илм-фан сирларини пухта эгаллашга рағбатлантиради, албатта.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда юқори салоҳияти эътироф этилган олимлар кўп.
01 янв 1970
Бахт шаҳри билан “Янгиобод”, “Иброҳим Каримов”, “Ўзбекистон” МФЙлари оралиғида бир неча йиллардан буён йўловчи ...
01 янв 1970
Наврўзни қалдирғочсиз тасаввур этиш қийин. Халқимиз кўкламда қанотлари қоп-қора, миттигина қушнинг келишини соғиниб кутади....
01 янв 1970
Наврўз эшик қоқмоқда. Фасли навбаҳор яқин, унинг тароватли эпкинлари эса бошлади....