Сени соғиндик, Қалдирғоч!

/
Наврўзни қалдирғочсиз тасаввур этиш қийин. Халқимиз кўкламда қанотлари қоп-қора, миттигина қушнинг келишини соғиниб кутади. У баҳор даракчиси, азиз ва қутлуғ меҳмон.
Андижон шаҳридаги “Мусаев” маҳалласида умргузаронлик қилиб, тўқсонинчи баҳорини қаршилаётган Лолахон ая Содиқова қалдирғоч ин қурган хонадонга файз, бахт киради, ғам-андуҳ нари кетади, — дейди.
Яқинда Андижон шаҳар “Бўстон” даҳасидаги кўп қаватли тураржойлардан бири капитал таъмирланди. Унда яшовчилар қурувчилардан тўртинчи қаватдаги йўлакнинг шифт билан туташган бурчагида қалдирғочлар қурган инни бузмасликни илтимос қилишди.
— Кўп ўтмай қалдирғочлар инига учиб келишади, бола очади, — деди қўшнилар. — Уларга қараб баҳри дилимиз очилади. Шу қушларни аҳил яшаётганимиз, тинчлигимиз, хонадонларимизнинг файзу баракаси тимсоли, деб биламиз.
Балиқчи туманининг “Оқтепа” маҳалласидаги хонадонларнинг ҳар бирида бир нечтадан қалдирғоч инлари бор. Баҳорда улар дам осмонни тўлдириб, дам кўм-кўк далаларга кўкси теккудай бўлиб учадилар, гўё қишлоққа ризқ-рўз улашаётгандай.
Қалдирғоч деганимиздаёқ юзимизга табассум, илиқлик югуради. Уни ўзгача таърифлаб, шеър битмаган шоир йўқ. Қанча қўшиқ ва куйлар шу қуш номи билан боғлиқ. Шоира Мунавваранинг “Эй қалдирғоч” шеърида у она диёрга меҳр ифодаси сифатида таърифланади. Шеър таниқли санъаткор Озодбек Назарбеков ижросида куйланаётганда қалбларга баҳор шуури сочилаётгандай, борлиқни қуёш тафти қучаётгандай ҳузур қиласиз:
Эй қалдирғоч, қайга шошасан,
Чуғурлайсан, недан хафасан?
Айвонига ин солган қушни
Кутган элни қайдан топасан?

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши фаоли 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаётда барча соҳалар каби савдо-сотиқда ҳам, аввало, ҳалол, тўғрисўз ва виждонан фаолият юритиш талаб этилади. ...
01 янв 1970
Маълумки, молиявий қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш ва фаровон турмуш тарзини яратишнинг энг муҳим омилларидан б...
01 янв 1970
Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига
01 янв 1970
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни