Водий марвариди

/
Юртимиз довруғини оламга таратган улуғ алломалардан бири Муҳаммад ал-Марғиноний “Назм ал-жамъи ал-кабир” асарида “Агар Фарғона водийси Турон ўлкасида тоғлар орасидан униб чиққан, барқ уриб очилиб, қизил ёноқларини офтобга тутган лолага ўхшаса, Марғилон шаҳри лоланинг ёноғига қўнган бир томчи шабнам, яъни водийнинг марваридига монанд”, деб ёзади. Бу қиёснинг Марғилонга нисбатан берилиши бежиз эмас. Шаҳар ўзининг олис ўтмиши, тарихи, асрлар давомида намоён қилиб келган мафтункор, яшилликка, гўзалликка бурканган қиёфаси билан, бағрида халқимизнинг беқиёс миллий қадриятларини асраб келаётгани, тараққиёти билан бу баҳога муносиб эканлигини исботлади. Зеро, барча даврлар тарихчилари “Марғилон — Мовароуннаҳрдаги, Турон ўлкасидаги гўзал, аҳолиси кўп, ер-суви яхши, ҳунармандчилик ривож топган, Яратганнинг назари тушган шаҳар”, деб эътироф этадилар.
Фарғона водийсининг тарихи қадимий Косон, Қува, Ахсикент, Эйлатон, Қайроғоч, Куйиктепа, Далварзинтепа, Қорадарё шаҳарлари, Симтепа, Арктепа, Миқтиқўрғон каби масканлар харобалари тимсолида намоён бўлади. Бугунги Марғилон бағрида олис қадимият изларини кўрсатувчи кўҳна обидаларни, архитектура ёдгорликларини учратиш қийин. Лекин археологларнинг ХХ асрнинг охирги беш-олти йили ичида бу ерда олиб борган қазишма ишлари ўз самарасини берди. Марғилон остидан 20-25 гектарга тенг қадимий шаҳар ва шаҳар ҳукмдорларининг қароргоҳи, саройлари харобалари излари топилди. Шаҳарнинг яна бир қисмидаги археологик қазишмалар натижасида зардуштийларнинг ибодатхонаси ва олов доимо ёниб турган оловхоналари, меҳроб қолдиқлари ўринлари аниқланди.
Бу ердаги 30 дан ошиқ археологик ёдгорликлар туфайли ҳунармандлар маҳалласи ўрни белгиланиб, улардан топилган тош, бронза, мис ва темирдан ясалган буюмлар, сопол идишлар, қизил ангоб бериб ишланган хум ва кўзалар, ҳар хил ҳайкалчалар ўрганиб чиқилди. Натижада буларнинг ҳаммаси эрамиздан олдинги II ва милодий I асрларга оидлиги тасдиқланди. Зеро, 3-4 минг йиллик қадимиятга доир икки бошли илон акси туширилган тош тумор, сакларнинг бронзадан ясалган 2,5 минг йиллик тарихга эга қозони, қадимий лашкарларнинг тасвирлари топилган водий заминидан Марғилон билан боғлиқ бу ноёб осори-атиқаларнинг қазиб олиниши табиий эди.
— Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги муносабати билан унинг ўндан ортиқ жойида археологик қазиш, илмий тадқиқот ишлари олиб борилди, — дейди археолог Муҳаммаджон Исомиддинов. — Барча нуқталарида кекса тарих изларига дуч келдик. Айниқса, шаҳарнинг ғарбий қисмида тарихий иншоотлар қолдиқлари кўпроқ топилди. Бир жойда бошқа иморатларга нисбатан юксак платформа устига қурилган уйнинг деворлари қолдиқлари сақланиб қолган экан. Уй ниҳоятда катта бўлган. Унинг атрофида ноёб ашёлар, буюмлар намуналари сочилиб ётарди. Уйнинг пойдевор асоси ҳам бошқаларига нисбатан мустаҳкам эди. Шу сабабли уни шартли равишда ҳукмдорлар саройи деб белгиладик. Ҳукмдорлар саройининг қурилиш санаси 20 асрдан кам эмасди. Ана шунинг ўзи ҳам шаҳар ёши ҳақида аниқ маълумот берарди. Умуман, Марғилонда шаҳар бир жойда барпо этилган. Натижада эски шаҳар устида янги шаҳар қад ростлаб бораверган. Шунинг учун унинг қадим тарихи замонавий шаҳар остига кўмилиб кетган.
Марғилон сўзининг келиб чиқиши ҳақида ҳар хил ривоятлар, маълумотлар мавжуд. У битикларда Марғилон, Марғинон, Мурғинон шаклларида ёзилади. “Тарихи Фарғона” ва “Шайбонийнома” асарлари муаллифлари Марғинон шаҳри номи мурғ ва нондан олинган, яъни ҳукмдор ҳузурига товуқ ва нон кўтариб чиққан одамларнинг илтифотига биноан Мурғинон атала бошланган, деган афсонани келтирадилар. Этнограф олимлар Марғинон сўзи марғ—майсазор, ўтлоқ, яйлов жой маъносини англатади, деб изоҳлайдилар. Муаррих Ибрат тарихий асарида “Фарғона водийси ҳудудларида 2000 йиллар муқаддам муғлар яшаганлар. Улар шаҳарлар барпо этганлар”, деб ёзади. Агар шундай бўлса, Марғинон Муғиноннинг ўзгарган шакли эмасмикан? Сўз таркибидаги “ғино” бойлик, мулкдорлик, “ино” эса кўза, хум мазмунини англатган. Демак, бундан Марғинон муғ халқининг бой ҳунармандлари яшаган макон маъносини англатади, дейиш мумкин. Хуллас, шаҳар қандай номланмасин, номи қандай мазмунни билдирмасин, бир нарса — унинг 20 асрдан ошиқ тарихга эга эканлиги аниқ эди.
Марғилон тарихда ҳунармандлар шаҳри сифатида ҳам донг таратган. Хитойликлардан ипак етиштиришни ўзлаштириш ва уни дунёга ёйиш ҳам ана шу шаҳар тарихи билан боғлиқ. Шаҳар музейида сақланиб келаётган қорайиб кетган ипак мато парчалари ҳам, урчуқлар қолдиқлари ҳам олис ўтмишдан гувоҳлик беради. Бу ерда тайёрланган ипак матолар дунё бозорларида ниҳоятда эъзозланган. Аллома Шамсиддин Табризий “Марғилонннинг бир кўйлаклик шойиси Исфахоннинг бир йиллик даромадига тенг” деб ёзган эди. Дарвоқе, тўқимачилик ва ипак тўқиш саноати — дастгоҳлар ҳам илк бор шу шаҳарда пайдо бўлган. Бу ерда ҳунарнинг бирор тури йўқки марғилонликлар шуғулланишмаган бўлсин. IX асрда Марғилонга келган Хитой тарихчиси Чжан Хиу шаҳарда ҳунармандчиликнинг 60 дан ошиқ тури мавжудлиги хусусида маълумот беради. Дегрез, жибачи, бахмалбоф, бужгун, заргар, тубриз, чакассоз, тикувчи, читгар, найчасоз, кандакор, қулол... яна қанча ҳунармандлик турлари бу ерлик аҳолининг фаолияти асосига айланган. XV асрдан кейин шаҳарда ҳунармандчилик янада юксалган.
Эндиликда бу ҳунарларнинг барчаси қайтадан тикланди. Нафақат тикланди, балки ҳунармандчиликнинг янги турлари ҳам пайдо бўлди. Бугун марғилонликлар орасида “чор ҳунар” деган атама мавжуд. Бунинг маъноси шуки, шаҳардаги ҳар бир ҳунарманд камида тўртта ҳунарни билиши, эгаллаши зарур. Ҳунарманднинг етуклик даражаси бир жиҳатдан ана шу билан ҳам ўлчанади. Аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган ноёб ашёлар ёки бугунги авлод яратаётган гўзал буюмларга бир назар ташласангиз улар ўртасидаги меросий боғлиқликни кўрасиз. Буларнинг ҳаммасида марғилонликларнинг юксак қадриятлари, ҳунармандчиликка алоҳида эҳтиромлари намоён бўлади.
Марғилон шаҳри билан боғлиқ араб тилидаги илк ёзма маълумотлар IX-X асрларда яшаб ўтган тарихчи олимлар Мақдисий, Истахрий асарларида учрайди. Мақдисий “Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма” асарида Фарғонада Х асрда 40 та шаҳар ва 70 дан ошиқ қишлоқ бўлганлигини кўрсатиб ўтади. У бу шаҳарларни 3 тоифага — Миёнрўдий, Несия, Вағзи туркумларига ажратади. Несия шаҳарлари орасида Қубо, Баранг, Ўш, Марғинон, Риштон, Баннат, Кент шаҳарларини келтириб ўтади. Истахрий эса Марғилонни Мовароуннаҳрнинг ҳунармандчилик тараққий қилган гўзал ва катта шаҳри сифатида эътироф этади. XI-XII асрларда Марғилон ҳар жиҳатдан юксалган. Айниқса, Қорахонийлар ҳукмронлиги даврида шаҳарнинг ўз ҳукмдорлари пайдо бўлган ва улар мустақил равишда тангалар зарб қилдирганлар. Шаҳар ниҳоятда кенгайган. Унинг атрофига қурилган илк мудофаа девори ўрнига ўн иккита дарвозалик янги мудофаа девори тикланган. Шаҳарда арк, шаҳристон, унинг атрофида рабодлар қад ростлаган. Муаррихлар бу даврни Марғилоннинг шаҳарсозликда гуллаб-яшнаган даври сифатида таърифлайдилар.
— Марғилон тарихий манбаларда савдо шаҳри сифатида ҳам тилга олинади. Жумладан, Мақдисий ўрта асрларда Марғилонда 10 дан ортиқ бозорлар ва карвонсаройлар бўлганлигини келтириб ўтади, — дейди Фарғона давлат университети доценти Эргаш Мўйдинов. — Бунинг сабаби бор, шаҳар водийнинг қоқ марказида жойлашган. Қўқондан Андижонга, Намангандан Қўқонга, Шошдан Ўшга, Ахсикентдан Қубога борадиган йўллар ана шу шаҳар орқали ўтган. Айниқса, бу ерда ҳунармандчиликнинг ривож топиши уни савдо шаҳрига айлантирган. Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари қаҳрамони Отабекнинг савдо ишлари билан айнан Марғилонга келиши ҳам бежиз эмас. Шаҳарнинг савдо йўлида жойлашиши унинг маданияти, санъати, илм-фани ривожланишига, водийнинг тараққиётга эришган гўзал кентларидан, қалъаларидан бирига айланишига хизмат қилган.
Амир Темур ва темурийлар даврида Марғилон янада кенгайиб, обод шаҳарга айланган. Муаррихлар Соҳибқирон Амир Темурнинг бу шаҳарда мадраса ва масжидлар, маҳобатли иморатлар қурдиргани, мудофаа деворларини ниҳоятда мустаҳкам қилиб барпо эттирганлиги ҳақида маълумот берадилар. Шу сабабли Жамол Қарший “Мулҳақот ас-суроҳ”, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарларида “Марғилон — Фарғона мулкидаги энг обод ва гўзал шаҳар”, деб улуғлайдилар. Шаҳарнинг кенгайганлигини унинг бир неча дарвозали, мустаҳкам мудофаа деворига эга бўлганлиги, Жомеъ масжиди, миноралари, катта бозори ва ўнлаб карвонсаройлари мавжудлиги ҳам исботлайди. Қўқон хонлиги даврида Марғилон шаҳри бир неча бор вайрон этилиб, қайтадан обод қилинди. У Туркистоннинг марказий шаҳарларидан бири сифатида донг таратди.
Марғилон тарихий обидалар, ёдгорликлар, меъморий иншоотларга бой шаҳар. ХХ аср бошларидаги архив маълумотларида шаҳарда XVIII-XX аср оралиғида бунёд этилган 50 дан ошиқ мадраса, 250 дан ортиқ масжид, кўплаб миноралар, хонақолар ва 20 дан кўп меъморий иншоотлар бўлганлиги қайд қилинган. XIX асрда фотосуратларга муҳрланган Исмоил Махсум, Маткаримбек, Ёр оталиқ, Қози калон, Искандар пошша, Саид Аҳмад ҳожи, Шоҳ Мансур номлари билан аталган обидалар ана шу тарихий ёдгорликларнинг бир қисми ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, истиқлол йилларида юртимизнинг бошқа шаҳарларида бўлгани каби Марғилонда ҳам тарихий обидаларни, ёдгорликларни ўз асл ҳолида, тарихий кўринишига монанд тарзда қайта тиклашга киришилди. Хожа парсо, Ҳазрат бобо, Хожа Маоз, Улуғ мозор каби масжидлар, зиёратгоҳлар қайтадан қад ростлади. 2000 йилда улуғ аллома Бурхониддин Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги халқаро миқёсда нишонланишии муносабати билан шаҳарда бунёдкорлик, қурилиш ишларига алоҳида эътибор берилди. Унинг кунчиқар уфқида улуғ аллома хотираси учун катта майдон барпо этилди. Гулларга кўмилган, фавворалар сув таратиб, атрофга гўзаллик бағишлаб турадиган майдоннинг марказида алломани дунёга машҳур қилган “Ал-ҳидоя” асари учун муҳташам ёдгорлик ўрнатилди. Юксак гумбазли, ислимий нақшлар билан безатилган баланд устунли, айвонли бу ёдгорлик шаҳарнинг ҳам тарихий, ҳам замонавий қиёфасига монанд тарзда яратилди. Туну кун одамларнинг оёғи узилмайдиган бу маскан эндиликда Марғилоннинг тимсолига айланди.
— Ҳар гал шу майдонга келганимда буюк бобокалонимизнинг тарихда қолдирган улуғ мероси, илм-фан ва ислом фалсафаси, ҳуқуқшунослиги асослари ҳақида яратган ўлмас асарлари кўз олдимга келади, — дейди фахр билан шоир Исмоил Маҳмуд. — Аллома яратган асарлар нафақат ўз даврида, ҳатто бугунги кунда ҳам шарқ мамлакатларида, дунё миқёсида илмий тадқиқ қилинмоқда. Дунё қонуншунослигининг илмий асоси, деб эътироф этилмоқда. Ана шундай улуғ инсоннинг, алломанинг шаҳримиздан етишиб чиққанлиги ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур бағишлайди. Биласизми, муаррихлардан бири Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-Ансоб” асарида “Марғилон водийнинг машҳур шаҳарларидан. Бу шаҳардан кўп илм аҳли етишиб чиққан”, деб таъриф беради ва шундай илм аҳлларидан бири ҳақида “Имом Абдулазиз ибн Абдураззоқал-Марғиноний шу шаҳардан. Олтита ўғиллари бор эди. Ўғилларининг ҳаммаси олим ва солиҳ фарзандлардан бўлиб, мударрис ва фатво соҳиблари эдилар. Абдулазиз аз-Марғиноний олти ўғиллари билан чиқсалар, одамлар “Қаранглар, бир ҳовлидан 7 та муфти чиқди”, деб айтар эдилар”, деб ёзади. Албатта, Марғилондан бундай алломалар кўплаб етишиб чиққан. Шунинг учун Бурхониддин Марғиноний бобомизнинг асарига атаб барпо этилган бу майдон барча аждодларимиз хотираси эъзозланган маскан сифатида намоён бўлади.
2005 йилда шаҳар ҳаётида яна бир катта, муҳим воқеа рўй берди. Мамлакатимиз Президенти ва халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг қарорлари билан Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик тўйи дунё миқёсида нишонланди. Шу муносабат билан шаҳарда бунёдкорлик, қайта қуриш, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Юртбошимиз ташаббуси билан шаҳардаги энг қадимий иншоотлардан бири Бурҳониддин Марғинонийнинг қадами теккан маскан — чиллахона деб аталган хонақо, мақбара ва масжиддан иборат ёдгорлик мажмуалари тўла қайта қурилди. Мажмуалар бағрида шарқона меъморий усулда безатилган айвонлар барпо этилди. Буларнинг бари кўркам, обод хиёбонга бирлаштирилди. Натижада шаҳар марказида унинг тарихини асл кўринишда намоён этувчи ёдгорликлар мажмуаси юзага келди. Шаҳарнинг бошқа қисмидаги яна бир тарихий обида — Саид Аҳмад ҳожи мадрасаси ҳам асл меъморий тарҳига кўра қайта бунёд этилди. Бу ер Марғилоннинг миллий ҳунармандчилик марказига айланди. Булардан ташқари, шаҳарда улуғ шоира Жаҳон отин Увайсий уй-музейи ҳам барпо этилди. Тўй муносабати билан шаҳарда 20 дан ортиқ тарихий ёдгорликлар қайтадан таъмирланди.
Марғилоннинг тарихий қиёфаси асл ҳолида тикланди. Марғилонда замонавий шаҳарсозлик лойиҳаси асосида кўплаб янги иншоотлар бунёд қилинди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмасига мувофиқ шаҳар марказида янги деҳқон бозори қад ростлади. Барча талабларга жавоб берадиган бу бозор янги меъморий тарҳ асосида яратилди. Шаҳарнинг ғарбий қисмида кенг кўчалар, хиёбонлар, кўкаламзор масканлар, обод турар жойлар, муҳташам ўқув юртлари ва бошқа иншоотларни ўз бағрига олган янги мавзе барпо қилинди. Бу ердаги ўқув масканлари замонавий асосда жиҳозланган. Замонавий ва миллий асосда қурилган тиббиёт коллежи биноси кўркамлиги, гўзаллиги, ўзига хос дизайни, ўқувчиларга яратилган имкониятлари билан бирорта олий ўқув юртидан қолишмайди. Бундай масканлар шаҳарнинг келажак рамзи ҳисобланади.
Болалар учун қурилган аквапаркда ёш авлоднинг бугунги кундаги талаб-эҳтиёжларини қондириш учун барча шароитлар ҳисобга олинган. Ўйин майдонлари, сув ҳавзалари болаларнинг севимли масканига айланган. Умуман, шаҳар тўйи арафасида юқоридагилардан ташқари Ёшлар хиёбони, Ёпиқ сув саройи, Амфитеатр, Болалар ижодиёт маркази, Тиббиёт коллежи, мактаблар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уларни бунёд этиш учун 30 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Буларнинг ҳаммаси эндиликда Марғилоннинг янги, замонавий шаҳарсозлик қиёфасини намоён этмоқда.
Марғилон шаҳрида бошланган бунёдкорлик, қайта қуриш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Ҳар бир кўча, маҳалла, мавзеда янги муҳташам иншоотлар қад ростламоқда. Кўчалар кенгайтирилмоқда. Янги турар жойлар, савдо расталари, маиший хизмат корхоналари қурилмоқда. Буларнинг бари шаҳарнинг яшиллик оламига зиён етказмасдан, унинг кўркига кўрк қўшган, замонавий қиёфасини шакллантирган ҳолда амалга оширилмоқда. Шаҳардаги Маъмуржон Узоқов номидаги истироҳат боғида ҳам кенг кўламда қайта қуриш ишлари бажарилди. Шаҳарнинг ғарбий қисмида ёш оилалар учун янги турар жойлар барпо этилди. Бундай лойиҳадаги уйлар келгусида яна кўплаб қурилади. Ёхуд унинг ёнгинасидаги гўзал иншоот — санъат мактабининг муҳташам биноси ҳисобланади. Унинг нафақат номи, ўзи ҳам ҳақиқий санъат кошонасига айланган. Марғилон шаҳри кўчалари бўйлаб юрсангиз ҳар бир қадамда ана шундай яратувчиликларга дуч келасиз. Ҳа, улуғ алломамиз Муҳаммад ал-Марғиноний Марғилонга берган таърифида ҳақ. Бугун ўз бағрида ҳам ноёб тарихий ёдгорликларни, ҳам замонавий шаҳарсозликнинг гўзал намуналарини жамулжам этган бу шаҳар бунёдкорлик борасида нафақат Фарғона водийсининг, мамлакатимизнинг ҳам марваридига айланмоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Ҳунармандлар шаҳри истиқболи
Марғилоннинг бугунги миллий ҳунармандчилик соҳасида эришган ютуқларини кўраман десангиз, шаҳарнинг марказида жойлашган тарихий иншоот — Саид Аҳмад ҳожи мадрасасига келинг. Асл тарҳига монанд қайта қурилган, таъмирланган бу бинонинг ўзи марғилонлик, фарғоналик, умуман, водийлик қўли гул ҳунармандларнинг бунёдкорлик ишларининг намунасига айланган. Бу ерда аждодларимизнинг ноёб мероси қайтадан тикланган. Мадрасанинг Марғилон миллий ҳунармандчилик марказига айлантирилгани унинг маданият маскани сифатидаги мавқеини янада оширди. Мадраса хоналарининг деворларига нақшинкор панжарали дарчалар ўрнатилган, шиплари вассажуфт шаклида ишланган, айвонлари тоқилари, устунлари ёғоч ўймакорлиги, ислимий нақшлар билан безатилган. Мадраса саҳнидаги ариқ устига ўрнатилган тиним билмайдиган бежирим чархпалак ҳаёт абадийлигидан дарак бераётгандек.
Марказда шаҳар ҳунармандлари томонидан яратилган энг яхши буюмлар, ашёлар, матолар кўргазмага қўйилган. Улар орасида турфа хил дўппилар, табиий чармдан ясалган ўнлаб оёқ кийимлари, қуроқлардан нақш бериб тикилган кўрпа-ёстиқлар, қўлда ясалган чолғу асбоблари, кўз олдингизда ял-ял товланувчи заргарлик буюмлари, ипакдан тўқилган турфа матолар, газламалар, матога гул солишда ишлатиладиган қолипларнинг ҳар хил намуналари, кандакорлар томонидан нақш тушириб ишланган патнислар, офтобалар ва яна бошқа кўплаб буюмлар ўрин олган. Марказда бу буюмлар кўргазмаси билан биргаликда буюртма асосида уларнинг савдоси ҳам йўлга қўйилган.
Энг муҳими, марказ ёш ҳунармандлар учун мактаб вазифасини ҳам ўтамоқда. Бу ерда ёш йигит-қизлар, болалар турли касбларни ўрганишмоқда. Кейинги йилларда бу ерда гилам тўқиш, заргарлик, кандакорлик ҳунарларини ўрганишга эътибор янада кучайди.
Марғилонлик ҳунармандлар тайёрлаган гўзал, бежирим, дидингизга мос буюмларини, матоларини кўраман десангиз шаҳар кўчалари, бозорларидаги расталарни бир-бир айланинг. Ана шунда ниҳоятда чиройли, миллий анъаналар асосида тўқилган адрас, банарос, беқасам, атлас, шойи, духобаларнинг ўнлаб хиллари кўз олдингизда намоён бўлади. Халқимизнинг ижодкорлиги, яратувчилигига тан берасиз.
Уларни кўриб, бизга шундай имкониятларни яратиб берган мустақиллигимизга, озодлигимизга, бунёдкорлигимизга кўз тегмасин, дейман. Ҳунармандлар шаҳрининг келажаги бугунгидан ҳам истиқболли бўлишига ишонаман.
Улуғбек РАҲМОНОВ,
халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Деҳқон — ер султони, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ер билан тиллашган, унга меҳр берган киши борки, ўз олдига қўйган мақсадига эришади....
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда Бухоро вилоятида қўшилган қиймат солиқ тўловчилари 2 054 тани ташкил этади....
01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.