Кассагамас, киссага...

/
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ. Давлат хизматчиси ўз фаолиятида қонунга риоя этиши, аҳоли билан муносабат ўрнатишда ҳалоллик, очиқлик ва хушмуомалалик тамойилларига амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Афсуски, орамизда ҳамон бу оддий, аммо муҳим қоидани ҳар доим ёдида сақламайдиганлар, унга амал қилмайдиганлар учраб туради.
Қобил Рамзиддинов (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Мирободтумангаз” унитар корхонасида назоратчи сифатида ишлаб юрганди. У вақти-вақти билан ўзига бириктирилган маҳаллаларни айланиб, аҳолини газ қарздорлиги бўйича тўловларни тўлашга чорларди. Табиий газни қазиб олишдан тортиб, магистрал қувурлар ўтказиш, зарур техника ва технологияни янгилаш, хуллас, истеъмолга тайёр ҳолга келтириш учун давлат ғазнасидан озмунча маблағ сарфланадими, ахир? Истеъмолчи, яъни аҳоли ёки ташкилот ва муассасалар масъуллари фойдаланилган газ учун тўловни вақтида амалга ошириш иқтисодиётнинг бир маромда ривожланишида қанчалик муҳимлигини тушуниб етиши лозим.
Қобил Рамзиддинов зиммасидаги масъулият қанчалик юксак эканлигини ич-ичидан ҳис қилса-да, ўзининг фуқаролик мажбуриятини тўлиқ англаган, тўловларни ўз вақтида амалга оширишга шай турган фуқаролар томонидан нақд пул маблағи олиб чиқиб берилганида, мақсади бутунлай ўзгариб, шайтон етовига юрганини билмай қолди.
Миробод тумани, Мироншоҳ кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролардан бири — О.Суслова газтаъминот ходимига салкам 500 минг сўм олиб чиқиб, газ ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги квитанцияга эга бўлди. Бироқ ўшанда фуқаро берган пули ўз ҳисоб рақамига эмас, балки “газчи”нинг киссасига бориб тушишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, Қ.Рамзиддинов О.Сусловани ҳар 2-3 ойда йўқлаб келар, пулини олиб, квитанция бериб кетар, аслида эса пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборар эди. Шу аснода Қ.Рамзиддинов О.Сусловага жами 1.882.000 сўм миқдорида моддий зарар етказгани маълум бўлди.
Иш юзасидан жабрланувчи О.Сусловага етказилган моддий зарар суммаси суд жараёнида тўлиқ қопланди. Суд Қобил Рамзиддиновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топди ва 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шу билан бирга, суд ушбу кодекснинг 45-моддасини қўллаб, икки йил муддат давомида газдан фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилот (корхона)ларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Кези келганда таъкидлаш лозим, бу вазиятда ҳуқуқбузар нафақат биргина фуқаро, балки ўзи фаолият юритаётган давлат ташкилотининг ишончини ҳам суиистеъмол қилган. Энг ёмони, “Мирободтумангаз” хизматчилари орасида бу каби фирибгарликлар, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни ҳам суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш одати худди юқумли касаллик сингари кенг тарқалганида.
Йўқса, юқорида исми келтирилган жабрланувчи О.Суслова биргина Қ.Рамзиддиновдан зарар кўрган бўларди. Гап шундаки, О.Суслованикига “Мирободтумангаз” унитар корхонасидан келиб, ўзини Баҳодир деб таништирган назоратчи “қарздорлик туфайли” газни узиб қўймоқчи бўлади. Ана шунда фуқаро Қ.Рамзиддиновга тўлаган пуллари ўз ҳисоб рақамига “бориб тушмагани”ни тушуниб етади. Шундан кейин О.Суслова Баҳодирга ҳам 500.000 сўм пул беради ва бу ҳақида квитанцияга эга бўлади.
Эртасига Жасур исмли назоратчи келиб, қайта ҳисобдан ўтказиб, унинг қарздорлиги 9 миллион сўм эканлигини маълум қилади. Демак, бир кун аввал Баҳодир исмли назоратчи ҳам “устози” Қ.Рамзиддиновнинг йўлидан юрган. Ҳаммасига кўз юмиб, О.Суслова Жасур исмли назоратчига 2 миллион сўм ва 400 АҚШ доллари миқдорида пул беради. Пулни кўриб, фикри бузилган Жасур эртасига келиб “қарздорлиги йўқлиги тўғрисида далолатнома тузиб бериш”ни ваъда қилиб, жуфтакни ростлайди. Оқибатда қарздорлиги катта миқдорга етган О.Суслованинг хонадони газ таъминоти узилади.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, Баҳодир Комилов ва Жасур Жамолов каби назоратчилар нафақат О.Сусловани чув туширишади, балки улар ўзаро тил бириктириб, фуқаролар Х.Авлакулова, К.Константиноваларга бир неча маротаба “Мирободтумангаз” унитар корхонаси етакчи бухгалтерининг имзоси бўлмаган ёки айрим пайтларда ҳисобчининг имзосини қалбакилаштирилган сохта маълумотномаларни бериб кетишади.
Албатта, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қопланди. Жиноятчилар ўз қилмишига яраша жазосини олди. Бироқ масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Ачинарлиси шундаки, юқоридагига ўхшаш фирибгар мутахассислар туфайли аҳолининг давлат ташкилотларига, уларда фаолият юритаётган ҳалол ходимларга бўлган ишончига путур етиши мумкин.
Бобур ИНОҒОМОВ,
Тошкент шаҳар Миробод туман суди судьяси,
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак....
01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?...
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....