Сайловолди ташвиқоти партия сайлов штабларининг масъулиятини кучайтирмоқда

/
Шу кунларда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш ишлари қизғин суръатларда давом эттирилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Президентликка кўрсатилган номзод — Наримон Умаров илгари сураётган таклиф ва ғоялар, номзоднинг сайловолди дастурини кенг тарғиб қилиш, умуман олганда, Президент сайловига пухта ҳозирлик кўриш, сайловолди ташвиқотини юқори даражада юритиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий сайлов штаби аъзолари билан суҳбатлашдик.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий сайлов штаби раҳбари:

— Бўлажак сайловни юқори савияда ўтказиш мақсадида партиямизнинг Марказий сайлов штаби, 14 та ҳудудий сайлов штаби ва 194 та туман, шаҳар сайлов штаблари фаолият олиб бормоқда. Улар сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказишда таянч тузилмалар вазифасини ўтамоқда.
Бугунги кунда барча сайлов штабларида партия фаоллари номзодни кенг халқ оммаси орасида тарғиб этиш, партия ҳамда номзоднинг сайловолди дастурини сайловчиларга тушунтириш, сайлов кампаниясининг жойларда самарали ўтишини таъминлаш, барча фаолият ОАВларда ёритиб борилишини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларининг фаолияти Марказий сайлов штаби томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.
Сайлов штабларимиз сайловга оид барча ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланмалар, партия дастурий ғояларини ва номзодимизни тарғиб қилувчи тарғибот материаллари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Партиянинг сайлов штабларида фуқароларнинг ташриф буюришлари, сайлов қонунчилиги ҳамда партия томонидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури билан танишиши, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари учун барча шароитлар яратилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайловолди ташвиқотининг муҳим воситаларидан яна бири ташқи реклама ва жозибадор шиорлар саналади. Айни пайтда сайловолди ташвиқоти доирасида марказда ва ҳудудларда Президентликка номзод Наримон Умаровга овоз беришга чақирувчи жами 642 та баннерлар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида тайёрланиб, реклама тахталарига жойлаштирилди. Жойларда партия номзодининг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури акс этган “Адолат” газетаси ҳамда ўзбек ва рус тилларида кўп минг нусхада чоп этилган брошюралар ва буклет, флаер, календарь, блокнот сингари тарғибот материаллари тарқатилмоқда.
Аҳоли билан гавжум масканларда тарғибот материаллари тарқатиш кенг йўлга қўйилди. Шунингдек, сайловчилар билан бевосита ва билвосита мулоқот ўрнатишда интернет тармоғидан унумли фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, facebook, twitter, davra.uz ва бошқа шу сингари ижтимоий тармоқларда номзодимизнинг шахсий саҳифасининг очилганлиги сайловчиларимизнинг эътиборидан четда қолмаяпти. Буни ушбу саҳифаларга ёзиб қолдиралаётган изоҳлар, фикр-мулоҳаза ва саволлардан ҳам билса бўлади.
Шу билан бирга, сайлов кампанияси давридаги ташкилий-сиёсий тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳудудий ва маҳаллий сайлов штаблари раҳбарлари учун Марказий сайлов штаби томонидан семинар ва сиёсий ўқувлар ташкил этилмоқда. Уларда масъулларга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиядан кўрсатилган номзод ва унинг ишончли вакиллари томонидан жойларда ўтказилаётган учрашувлар қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда, таъсирчан усуллар ва воситалар асосида ўтказилишини таъминлаш, халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, сайлов штабида фуқароларнинг қабули учун шароитлар яратиш, уларнинг савол ва мурожаатларига ўз вақтида жавоб йўллаш бўйича маслаҳат, кўрсатмалар берилмоқда. Уларнинг сиёсий билим, тажрибалари мустаҳкамланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, сайловолди ташвиқоти доирасида амалга ошираётган барча саъй-ҳаракатларимиз бир мақсадга, яъни мамлакатимиз ва халқимиз тақдирига дахлдор бўлган муҳим тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда, демократик андозалар даражасида ўтказиш, аҳолимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали уларнинг сайловда фаол иштирок этишини таъминлаш ва албатта, партиямиздан кўрсатилган номзоднинг кўпчилик овозини қўлга киритиши ҳамда партиямизнинг мамлакат сиёсий майдонидаги нуфузини янада юксалтиришга қаратилган.
Илёс САХАТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари:

— Сайловга тайёргарлик кўришга оид тадбирлар доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказилаётган ҳар бир тадбир, учрашув ва давра суҳбатлари оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик эътиборидан четда қолмаётгани қувонарлидир. Жумладан, Ўзбекистон МТРКнинг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида партиямизнинг 15 октябрь куни бўлиб ўтган VIII Қурултойи ҳақида 60 дақиқалик кўрсатув ҳамда Наримон Умаровнинг меҳнат фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловчилар билан ўтказган барча учрашувлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий ва ҳудудий телеканалларидаги информацион дастурларда фаол ёритиб келинмоқда. Шу билан бирга, партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини ифодаловчи роликлар ҳам намойиш этилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссиялари қарорлари билан марказий ва маҳаллий ОАВларда барча сиёсий партиялар учун ажратиб берилган тенг миқдордаги нашр майдонлари ва эфир вақтларидан унумли фойдаланиш баробарида партия расмий веб-сайти www.adolat.uzда ҳамда “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида қонунчиликда белгиланган тартибда чекланмаган миқдорда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида партиямиз расмий сайтида Президентлик сайлови учун алоҳида саҳифа ташкил этилган. Унда номзодимизнинг фотосурати, таржимаи ҳоли ва дастури мавжуд бўлиб, сайлов кампанияси даврида олиб бораётган ишлар ва мазкур муҳим жараёнга доир барча янгиликлар жойлаштириб борилмоқда. Ушбу маълумотлардан баҳраманд бўлаётган сайт фойдаланувчилари ўзларида туғилган савол ва фикрларни партияга ҳавола этиш имкониятига ҳам эга бўлишмоқда.
Шунингдек, номзоднинг сайловолди ташвиқоти давридаги фаолияти ва унга доир хабарлар республика ахборот агентликлари ва маҳаллий ҳокимиятлар электрон сайтларида ҳамда 20 дан ортиқ оммабоп информацион порталларда, мамлакатимиздаги мавжуд нодавлат оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинмоқда.
Мухтасар айтганда, сайловолди ташвиқоти даврида ОАВларда чиқишлар ва фуқаролар билан учрашувлар орқали вакилларимиз партиямиздан кўрсатилган номзоднинг дастуридан ўрин олган устувор вазифаларни юқори савияда, маҳорат билан сайловчиларга етказиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда муносиб иштирокимизни таъминлашга интилмоқдалар.
Ислом ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий сайлов штаби раҳбари ўринбосари:

— Сайловолди ташвиқоти даврида партиянинг расмий нашри сифатида “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида чекланмаган миқдорда тарғибот материаллари чоп этиб борилаяпти. Хусусан, газетамиз саҳифаларида Президентликка номзод Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури, партия Қурултойидаги маърузаси, ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари ҳамда номзоднинг ишончли вакиллари томонидан жойларда ўтказилаётган учрашувлар батафсил ёритиб келинмоқда.
“Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока”, “Овози тожик” ва “Нурлы жол” газеталарида ажратилган бепул нашр майдонларидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Жумладан, шу кунга қадар ушбу газеталар орқали Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг партиямиз VIII Қурултойидаги маърузаси матни ҳамда партия Марказий сайлов штабининг сайлов кампанияси давридаги фаолияти кенг ёритилди. Шу билан бирга, мазкур нашрларда номзодимизнинг шу кунга қадар республикамизнинг ҳудудларида сайловчилар билан ўтказган учрашувлари ҳақида мақолалар чоп этилди.
Номзод ва унинг ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ҳақида маҳаллий босма нашрларда шу кунга қадар юздан ортиқ мақолалар эълон қилинди. Бундан ташқари, юқорида қайд этилган марказий нашрлар ҳамда маҳаллий газеталарда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Репсубликаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли ва дастури 5 та тилда тўлиқ чоп этилди.
Шунингдек, шартнома асосида “Маърифат”, “Жамият”, “Ҳуррият”, “Даракчи”, “Суғдиёна” каби тармоқ ва нодавлат нашрларида ҳам ташвиқот материаллари ҳамда мақолалар бериш орқали партиямиз электорати ҳамда кенг жамоатчилик орасига янада чуқурроқ кириб боришга ҳаракат қилаяпмиз.
“Adolat” мухбири
Шаҳло ТЎРАЕВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари Олий ...
01 янв 1970
16 май куни Оқ уй қароргоҳида давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. 
01 янв 1970
“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси айни кунларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қили...
01 янв 1970
Мен бу йил сайловда илк марта қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдим, — дейди Самарқанд шаҳрининг “Геофизиклар” маҳалласида яшовчи фуқаро Р...