Пухта ҳозирлик кўрилмоқда

/
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам шу йил 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик қизғин олиб борилмоқда. Бу муҳим сиёсий кампанияга оид барча тадбирларни 6-Наманган округ сайлов комиссияси мувофиқлаштириб бормоқда. Округ сайлов комиссияси ҳузуридаги матбуот маркази олиб борилаётган ишлар ҳақида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистларини ўз вақтида хабардор қилиб турибди.
Айтиш жоизки, 6-Наманган округ сайлов комиссияси жамоатчилик орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган, иш ва ижтимоий ҳаётда фаол, ҳар жиҳатдан намунали инсонлар – турли соҳа вакилларидан таркиб топган. Ушбу сайлов комиссиясига Наманган муҳандислик-педагогика институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Пахриддин Маткаримов раҳбарлик қилмоқда.
— Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди, — дейди П.Маткаримов. — Шу асосда 2016 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 15 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Наманган вилояти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи тузилиб, округ сайлов комиссияси учун шаҳардаги “Ёшлар маркази” биносида жой ажратилди. Вилоятимиз бўйича сайловда 1 миллион 771 минг киши қатнашиши кутилмоқда.
Ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг бир нечта мажлиси бўлиб ўтди. Уларда сайлов кампаниясини демократик тамойиллар асосида ташкил этиш ва ўтказиш, фуқароларнинг сайловда ўз хоҳиш-иродаларини эркин намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Масалан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига мувофиқ туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳарбий қисмлар командирларининг сайлов участкаларини тузиш тўғрисида округ сайлов комиссиясига топширган тақдимномалари асосида округ ҳудудида 690 та сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегараси, манзиллари кўрсатилган рўйхати тасдиқланди. Уларни алоқа воситалари ва кўргазмали воситалар, зарур адабиётлар, матбуот нашрларининг янги сонлари билан тўлиқ таъминлаш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Сайловнинг халқаро меъёрлар ва андозаларга мос бўлишини, очиқлик ва ошкораликни таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Шунинг учун комиссия ҳузурида тузилган матбуот маркази фаолияти аниқ ва пухта режа асосида йўлга қўйилган.
— Марказ таркибида беш нафар тажрибали журналист иш олиб боради, — дейди матбуот маркази раҳбари Соҳибжон Рапиқов. — Улар орасида босма ва интернет нашрлар, электрон оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бор. Ўтказилган брифингларда округ сайлов комиссияси олиб бораётган ишлар атрофлича ёритилмоқда. Журналистлар ташкил этилаётган тадбирлар ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида таъминланмоқда. Оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодий уюшмалардан аккредитациядан ўтказиш бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди ва уларнинг вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 февраль куни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот...
01 янв 1970
Ўзбекистон замини дунё тамаддуни ва илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. ...
01 янв 1970
Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт
01 янв 1970
Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам тарихий, дея эътироф этилаётган мазкур учрашув кейинги 16 йил мобайнида илк марта юз берди....