Натижа, сабоқ ва хулоса

/
Вақт бамисоли тезоқар дарё, дейдилар. Беш йил аввал, худди шу кунлари навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўраётган эдик. Ўшанда партиямиздан кўрсатилган номзодлар ёмон натижа кўрсатмади. Халқ депутатлари туман кенгашида илк бор олти ўринга эга бўлдик. Бу эса депутатлик гуруҳи тузиш имконини берди.
Мана, орадан беш йилга яқин фурсат ўтди. Энди ғалвирни сувдан кўтариш, ўтган даврда қилинган ишларнинг сарҳисобини чиқариш мумкин. Чуқурроқ таҳлил этилса, ютуқлар қаторида айрим камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўзга ташланади. Буларнинг ҳаммаси биз учун сабоқ бўлади, албатта. Келгуси даврга иш режаларини тузганда уларни ҳисобга оламиз ва ўйлаймизки, кейинги натижалар янада юқори самара келтиради.
Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳимиз аъзолари турли касб эгаларидир. Масалан, депутатлик гуруҳи раҳбари Саидолим Абдураҳмонов журналист, республика ва вилоят газеталарида ишлаган. Айни пайтда “Тараққиёт мезони” газетасининг бош муҳаррири. У маҳаллий Кенгаш сессияларида, доимий комиссия йиғилишларида фаол қатнашиб, муҳокама этилаётган ҳар бир масала бўйича партиядошларимиз фикрини айтишга ҳаракат қилади.
С.Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси, ундаги доимий комиссиялар йиғилишлари кун тартибига қатор масалалар киритилди. Айниқса, ўтган йил охирида партиядошларимиз умумий ўрта таълим мактабларидаги тиббий хизмат, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланиш даражаси, ичимлик суви етказиб бериш каби ҳолатларни ўрганганликлари жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Сабаби — ушбу жараёнда ҳудуддаги таълим муассасалари қамраб олинди. Мавжуд камчилик ва нуқсонларни аниқлашга эътибор қаратилди.
Ушбу ўрганишларда депутатлар билан биргаликда партия фаоллари ҳам иштирок этдилар. Шу боис халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига батафсил маълумотлар тақдим этилди. Масалан, мактабларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётгани ошкор бўлди. Уларда тор доирадаги мутахассислар — травматолог, эндокринолог, окулист ва бошқалар иштирок этмаётгани, ҳамма иш педиатрлар зиммасига юклаб қўйилгани аниқланди. Тиббий кўриклар барча ўқувчиларни қамраб олмаётганлиги ҳам қайд этилди.
Масалан, 35-умумтаълим мактабида Ҳусанбой Файзуллаев исм-шарифли ўқувчи бор. Маълум бўлишича, унинг бир буйрагида хасталик аниқланганлиги сабабли олиб ташланган. Лекин тиббий кўрик натижалари ўрганилганда, шифокорлар уни соппа-соғ деб қайд этганликлари депутат ва фаолларимизни ажаблантирди. Ана сизга кўзбўямачилик! Шунга ўхшаш бошқа мисоллар ҳам йўқ эмас.
Ёки айрим мактабларда тиббиёт хоналари ташкил этилмаганлигига нима дейсиз? Бунга 20-умумтаълим мактабини мисол келтирса бўлади.
Сессияда муҳокама қизғин ўтди, кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг ҳаммаси ҳисобга олиниб, энг муҳимлари қарор лойиҳасига қўшилди. Вазиятни ўнглаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Албатта, масала сессияга қўйилгани ва муҳокама этилгани, мазмундор ҳамда таъсирчан қарор қабул қилингани яхши. Аммо иш шу билан тугади, деб хотиржам бўлишга ўрин йўқ. Бу ҳақда яқинда депутатларимиз иштирокида ўтказилган йиғилишда фикрлашдик. Олимхўжа Мақсудов, Саидолим Абдураҳмонов ва Абдуллахон Жалилов сессия қарори қандай бажарилаётганлигини мониторинг қилишни таклиф этишди. Масала депутатлик гуруҳининг иш режасига киритилди. Янги ўқув йили бошланиши билан мактабларда яна ўрганишлар бошлаб юборилди.
Умидахон Абдуллаева ҳам фаол депутатларимиздан. У тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Вақт топиши билан кенгашимиз ўтказадиган ўрганишларда қатнашади. Буни ўзи учун биринчи даражали вазифа ҳисоблайди. Чунки аҳоли билан мулоқотларда ҳаётий муаммолар аниқланади, уларни ҳал этишга кўмаклашиш эса барчамизнинг бурчимиздир. Сайловчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар депутатлик сўровларига мавзу ҳам бўлади. Масалан, “Навбаҳор” маҳалласи аҳли билан учрашув чоғида электр таъминотида узилишлар кўплиги аҳолини қийнаётгани маълум бўлди. Симёғочларнинг аксарияти эскириб, яроқсиз ҳолга келганлиги аниқланди.
Туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборилгач, тез орада амалий ишлар бошланди. Орадан кўп ўтмай 40 та янги темир-бетон устунлар эскирган симёғочлар ўрнини эгаллади. Электр узатувчи симлар ҳам алмаштирилгач, маҳаллада электр таъминоти барқарорлашди.
6-Ифтихор сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат Умидахон Абдуллаева жорий йилнинг ўтган даврида сайловчиларнинг мурожаатлари асосида 10 та депутатлик сўрови тайёрлаб, тегишли мутасаддиларга юборди. Улардан саккизтаси ўз вақтида ҳал қилинди. Иккитаси бўйича ўрганишлар давом этмоқда. Бу ҳақда депутатимиз яқинда сайловчилар ҳузурида ҳисобот берганда ҳам айтиб ўтди. Кўпчилик унинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органидаги фаолиятини маъқул топганлиги ҳам эътиборга молик.
Депутатлик гуруҳимизнинг яна бир фаол аъзоси — Баҳромжон Ҳайитбоев туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий касалхонада врач бўлиб ишлайди. Депутат сифатида ўз сайлов округидаги аҳоли вакиллари билан доимий мулоқот олиб боради. У маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб боришни одат қилган. Бир йил аввал кўпчилик билан суҳбатда тўйлар ва бошқа маросимларни камчиқим, ихчам ва дабдабабозликсиз ўтказиш масаласи кўтарилганди. Депутат таклифи билан маҳалла оқсоқоллари, ҳурматли кишилар йиғилиб, маслаҳатлашдилар. Ҳар бир оилавий маросим янги тузилган ишчи гуруҳи билан бамаслаҳат ўтадиган бўлди.
Эндиликда тўйлар ортиқча дабдабозликларсиз ўтмоқда. Келин-куёвлар учун ўнлаб машиналардан кортежлар ташкил этишга барҳам берилди. Ҳамма маросимлар ихчамлаштирилгани оилаларга фақат фойда бўлди.
Яна бир депутатимиз — Абдукарим Дўсбоев тумандаги таниқли бинокорлардан, кўп йилдан бери “Чортоқархитектқурилиш” масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилади. Депутат сайловчилар билан доимий мулоқотда улар билдирадиган таклиф ва мулоҳазаларни эътиборсиз қолдирмайди. Масалан, яқинда бир гуруҳ ота-оналар 1-мактабгача таълим муассасасида шахмат-шашка майдончасини барпо этишда ёрдам сўрашди. Депутат ташаббуси билан таклиф амалга ошди. Бундан ота-оналар ҳам, педагоглар ҳам мамнун бўлишди.
Албатта, депутатларимиз ўтган салкам беш йил мобайнида муайян ишларни амалга оширдилар. Лекин бундан-да яхшироқ ишлаш, залворлироқ натижаларга эришиш ҳам мумкин эди. Келгусида албатта, шу йўлдан борамиз. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай, “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.
Ҳабибахон МИРАБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги мақсадлар изчил...
01 янв 1970
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмо...
01 янв 1970
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ғоялар, ахборотлар кураши инсоният тақдирига дахлдор курашлар сифатида намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда эркинлик ҳиссини туйиб, тинч-осуда диёрда умргузаронлик қилиш, эртанги кунга комил ишонч билан юксак мақсадлар сари интил...