Қонун инсон қадри учун хизмат қилмайдими?

/
Матбуот соҳасида узоқ йиллар ишлаганим боис таҳририятларга йўлланадиган хат-хабар, таклиф-мулоҳаза ва шулар қаторида сон-саноқсиз шикоят хатларини кўп ва хўп ўқиганман. Инсоният олис мозийдаёқ ихтиро қилган ёзувнинг бир хусусияти шундаки, унда муҳим янгилик хусусида гап борадими, муаллиф маълум муаммо хусусида ўз қарашларини баён қиладими ёки кимнингдир устидан шикоятми, бундан қатъи назар, ёзув эгасининг нима мақсадда қўлига қалам олгани шундоққина кўриниб туради. Шу боис раҳбар, бошлиқ, раис ёки бирор ташкилот фаолияти умумий танқид остига олинган, жойларда меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётгани, адолатли талаблари инобатга олинмаётгани баён қилинган мактублар таҳририятнинг дарҳол эътиборини тортади.
Газетамизга Наманган вилоятидан келган бир мактуб шу маънода бизни бироз ўйлантириб қўйди. Унинг мазмунини баён қилишда холис бўлиш учун исм-фамилияларни ўзгартириб мулоҳаза юритишга қарор қилдик.
Одилжон Камолов 2004 йили Насиба Асқарова билан турмуш қуради. Насибахоннинг биринчи турмушидан бўлган тўрт ёшли ўғли Маҳмуджон онаси билан янги оилада яшай бошлайди, шу ерда вояга етади. Одилжонни ота, деб улғаяди. Йиллар ўтиб, Одилжон Маҳмуджонни расмий равишда фарзандликка олишга қарор қилади. Бунинг учун Маҳмуджоннинг биологик отасига мурожаат қилиб, ундан нотариал тартибда розилик олади. Бу иш учун қонунчилигимизда белгилаб қўйилган барча ҳужжатларни тўплаб, фуқаролик судига мурожаат қилади.
Аммо... суд бу мурожаатни рад этади!
Бунга эса Одилжоннинг 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси, 1-қисми билан судланиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилгани сабаб бўлган. Бир томондан қарасангиз, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг “Ҳал қилув қарори” тўғридек. Лекин иккинчи томондан Одилжоннинг 14 йил мобайнида Маҳмуджонга оталик қилгани, унга меҳр бериб, бошини силагани, ўз фарзандлари қаторида едириб-ичириб, вояга етказгани масаласи-чи?! Наҳотки ёшлик шўхликлари боис 20 йил аввал қилинган хато шунча йилдан сўнг ҳам “қоғоз кема”чаларда қалқиб чиқаверса, бир болага кўрсатган 14 йиллик меҳр-оқибат ҳисобга олинмаса?!
Одилжон Камолов таҳририятга ёзган аризасида ҳам ўз хатосини инкор этмайди. Ҳатто қилган жинояти — бир танишининг “Запорожец” машинасини олиб қочиб, кечгача сайр қилиб юргани эканини ҳам очиқ айтади. Аммо, орадан йигирма йил вақт ўтгани, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 78-моддаси “д” бандида “Беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталгандан кейин орадан тўрт йил ўтгач, судланганлик ҳолати тугалланиши» назарда тутилганини ёзиб, суднинг ҳал қилув қароридан норози эканини маълум қилади.
Аризанинг шу ерига келганда бир фикр туғилди. Орадан йигирма йил ўтибди. Бу вақт ичида Одилжон ўзини қандай тутди, қилган хатосини тушуниб етдими, тегишли хулоса чиқариб олдими? Оилада қандай муҳит мавжуд? Бирор фойдали иш билан шуғулланадими? Маҳалладошлари, қўни-қўшниларнинг у ҳақдаги фикри қандай?
Аризани ўрганар эканмиз, бу саволларга етарли жавоб олдик. Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланган тафсифномада қуйидаги маълумотлар бор: “Одилжон Камолов маҳалла ҳаётида фаол иштирок этади. Тадбиркор сифатида кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатади. Маҳаллани ободонлаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Адир жойни ўзлаштириб, бодом ва ёнғоқзор бунёд қилди. Меҳнатдан қочмайди. Турмуш ўртоғи билан 14 йилдан бери аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Оилада уч нафар фарзанд бор...”
Одилжоннинг қўни-қўшнилари имзо чеккан фикрномани ўқиймиз: “Одилжон билан 14 йилдан буён ёнма-ён яшаймиз. Тадбиркор, меҳнаткаш инсон. Фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор беради. Қўни-қўшниларга иссиқ-совуқ кунларда биринчи бўлиб ёрдамга келади. Маҳалламизда ўтказиладиган Мустақиллик, Наврўз байрамларида ташкилотчилик қилади...”
Йигирма йил аввал ёшлик шўхликлари боис тўғри йўлдан адашиб, билиб-билмасдан жиноятга қўл урган, бунинг учун жазоланган, ҳалол меҳнати, намунали фаолияти билан маҳалладошлари ҳурматига сазовор бўлган йигитнинг оталик ҳиссини тушуниш, унинг оиласини маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун шу маълумотлар етарли эмасми? Балки бу ишда биз билмаган, ўша хатони ҳали ҳам кечириш мумкин бўлмаган бошқа бир қонуний асос бордир? Агар шундай бўлса, бу бизга маълум эмас, фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2017 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги ажримида буни аниқ далиллар, фактлар асосида баён қилиши ва аризачига инсонийлик нуқтаи назаридан тўғри маслаҳат бериши лозим эди. Борди-ю бундай асос бўлмаса, ажрим бошқача бўлиши мумкин эди. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Хўш, Маҳмуджоннинг биологик отаси ундан нотариал тартибда воз кечган бўлса, уни тарбиялаб вояга етказган Одилжонга расман оталик ҳуқуқи берилмаса, энди Маҳмуджоннинг тақдири қандай кечади?..
Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин деганларидек, биз наманганлик ҳуқуқшуносларимиз билан мунозарага киришмоқчи, уларнинг фикрларини ўзимизча рад этмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз ушбу масалага ойдинлик киритиш, матбуотнинг бош вазифасидан келиб чиқиб, бир эзгу ниятнинг амалга ошишига кўмаклашиш. Давлатимиз раҳбарининг адашган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларни жамият, маҳалла, оила учун фойдали фаолиятга қайтариш, тўғри йўлга қайтганларни маънавий рағбатлантириш борасидаги муҳим кўрсатмалари ҳам айни шуни тақозо қилади. Бу кўрсатмани бажаришда яқин ўтмиш сарқити бўлган қоғозбозлик балоси бизга халақит бермаслиги керак. Акс ҳолда, бир пайтлар бўлгани каби қоғознинг қадри инсон шаъни, қадр-қимматидан устун бўлиб қолаверади.
ТАҲРИРИЯТДАН: Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, биз бир оиланинг, қолаверса, катта ҳаёт остонасида турган ўсмирнинг шаънини ўйлаб, мақолада аризачининг аниқ манзили ва исм-шарифини келтирмадик. Аризани мақола билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий судига жўнатишга қарор қилдик. Демак, газетамизни ўқиб борсангиз, яқин кунларда ушбу муаммо қандай ечим топганига ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Жиянларим вояга етмаган. Уларнинг ота-онаси икки йиллик хизмат сафарига чет элга кетишган. ...
01 янв 1970
Онам билан аёллар учун кийим-кечаклар тикиб, бозорга чиқармоқчимиз. Ўзимиз яшаётган турар жойда фаолиятни амалга оширсак бўладими?...
01 янв 1970
Юридик ташкилотлар ҳайдовчиларига малака оширганлик ҳақида бериладиган сертификат, ташкилот номига бериладими ёки ҳайдовчига?...