Узоқ кутилган кунлар

/
Сўнгги бир ярим, икки йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларда фараҳбахш муҳит юзага келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган “барча қўшни давлатлар билан яхши, дўстона муносатабларни йўлга қўямиз” деган мақсади рўёбга чиқмоқда.
Энг муҳими, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбари томонидан изчил амалга татбиқ этилмоқда. Буни Ўзбекистон—Тожикистон давлатлари ўртасидаги алоқаларда ҳам кўриш мумкин. Сўнгги йиллар ичида деярли музлаб қолган давлатлараро муносабатлар эрий бошлади, икки қондош-жондош биродар ўзбеку тожиклар ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бормоқда.
Мен тарихчи-журналист сифатида Ўзбекистон, умуман минтақа халқлари ҳаётида рўй берган кўп воқеаларнинг, муҳим жараёнларнинг гувоҳи бўлганман. Давлат раҳбарларининг ташланган қадамлари, кўрилган чора-тадбирлари аҳолининг муайян бир қатлами ёки бир халқни хурсанд ва рози қилиши мумкин. Аммо бирданига миллион-миллион элни мамнуну масрур этиб, қалбларига бир олам қувонч, кўзларига шодлик ёшларини бахшида этганини тарихда камдан-кам кўрамиз.
Ўзим Тожикистоннинг Истравшан шаҳрида, турмуш ўртоғим Конибодом шаҳрида туғилиб вояга етганмиз. Душанбеда университетни тугатганмиз. 1981 йилдан буён Тошкент шаҳрида яшаб келмоқдамиз. Аллоҳга шукр, кам бўлганмиз йўқ. Манзил-маконимиз бор, уч нафар фарзандимиз олий ўқув юртларини имтиёзли диплом билан тугатиб, ҳаётда ўз йўлларини танлаб, ризолик билан ҳаёт кечирмоқда.
Ўзбекистон — табаррук замин, бизнинг Ватанимиз ҳам. Лекин то Президентимизнинг Душанбе шаҳрига (2018 йил 9-10 март кунлари) қилган давлат сафаригача туғилган еримиз, киндик қонимиз тўкилган она-ота юртимизга бориш, тўйларни қўяверинг, у ерда аждодларнинг мозорини зиёрат қилиш, маъракаларида қатнашиш армон бўлиб қолаётганди. У ерда асли туғилган жойи Ўзбекистон замини бўлган минглаб-минглаб аҳоли ҳам бу ерга келолмас эдилар. Йўллардаги ғовлар, азоб-уқубатлар инсонлар қалбини чегараларда эзиб-эзиб, қон қиларди. Ахир ўтган асрнинг 20-йиллар охирида Фарғона водийсидан минглаб аҳоли Тожикистоннинг Вахш водийсига, янги ерларни ўзлаштириш учун юборилгани, улар эса Тожикистонни ўз Ватани деб, фидокорона меҳнат қилиб, авлодлари илдиз ташлаганларини тарих, ҳатто табаррук ёшидаги отахонлар яхши биладилар-ку. Қуда-андачилик-чи?! Мана ниҳоят, биз ҳам ака-укалар, ёру биродарлар, қариндошлар дийдорига мушарраф бўлдик.
Аслида ўзбеку тожиклар асрлар давомида қондош-жондош бўлиб, минтақада бир булоқдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, бир само остида ягона халқ бўлиб яшаб келганлар. Бир маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлиб, дунё тамаддунига, исломий қадриятларнинг ривожига ҳисса қўшганини тарих сўзлаб келмоқда. Халқларимизнинг нафақат зоҳири, ботини, турмуш тарзи, чойхонаси, тўй-маъракаси, санъати, айниқса, Шашмақоми муштарак экани кўп нарсадан далолат беради аслида.
Адабиётда ноёб ҳодиса — икки тилда ижод қилиш — зуллисонайнлик анъанасини мумтоз адабиётларимизнинг буюк зотлари асрлар оша бизга мерос қолдиришган. Биз бир халқ бўлиб, икки тилда сўзлашувчи эллармиз. Бу ҳолат, руҳий-маънавий ва зоҳирий ўхшашлик тарихда уникал ҳодисадир. Энг муҳими, тилимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам, дилимиз бир, динимиз бир!
Президентмизнинг Душанбе шаҳрига қилган сафаридан сўнг, назорат постлари очилганда, икки мамлакат аҳолиси вакиллари, миллатидан қатъи назар, кўзларига қувонч-масрурлик ёши олганларига, боболар-у момолар давлатлар раҳбарларига дуо учун қўл очиб, “Илоҳо, дўстлигимиз абадий бўлсин, ушбу кунлар, бу дамларга кўз тегмасин!” деганларига эътибор берганмисиз?! Элнинг, икки халқнинг дуосини олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг замирида катта шижоат, жасорат ва матонат ётибди. Зеро, минтақанинг тинчлигини асрашдек буюк иш, тарихий масъулият зийраклик, заковат, донишмандликни тақозо этади. Ўзбекистон, минтақа давлатлари доимо катта-катта давлатларнинг геополитик манфаатлари марказида бўлиб келаётганини ҳам бежиз эмас.
Бугун икки халқнинг қалбидан жой олган орзу-умидлари рўёбга чиқаётгани эса кўпчилигимизга мўъжизадай туюлаётгани ҳам рост. Буни ҳаётнинг барча соҳаларида кўриш мумкин. Тожикларда бир мақол бор: “Ангур зи ангур гирад ранг, Ҳамсоя зи ҳамсоя гирад панд” (Яъни “Узум узумдан ранг олади-ю, қўшни қўшнидан панд (ҳикмат) олади”). “Гилам сотсанг ҳам қўшнингга сот, чеккасида ўзинг ҳам ўтирасан” деган нақл каби қўшничилик ҳақидаги ҳикматомуз мақоллар ўзбекларда ҳам жуда кўп. Энг муҳими, бошланган ташаббусни халқ ўзининг иродаси сифатида қабул қилиб, ҳамкорлик, яхши қўшничилик йўлида интилмоқда. Бугун Хўжанд шаҳрининг бозорларида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан сотилаётган турли хил товарлар, Бекобод, Ховос, Бешариқ, Узун... бозорлари пештахталаридан жой олган Тожикистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари тинчлик ва ҳамкорликлигимиз маҳсули.
Ҳа, савдо-иқтисодий ҳамкорлик катта суръатлар билан ривожланиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми эса хизматлар билан ҳисобга олганда, кейинги икки йилда 10 мартадан ортиққа кўпайди.
Айниқса, гуманитар, маданий соҳада ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши икки республика зиёлиларига чексиз қувонч ва илҳом бағишлади. Зеро, бизнинг адабиётларимиз, қўшиқчилик санъатимиз, умуман олганда, маънавиятимиз бир булоқдан сув ичган. Халқларимизнинг ғаму ташвишлари, қувончу шодликлари эш бўлган. Неча минг йиллардан бери бу икки дилдош, жондош халқни адабиёт-санъат, савдо-сотиқ, яқин қўшничилик, қуда-андачилик ришталари мустаҳкам боғлаб турибди.
— Биз-икки халқ вакиллари “Шашмақом” санъатининг ворисларимиз, — дейди Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов. — Менга атоқли ҳофизлар Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаровлар устозлик қилган. Таниқли ўзбек санъаткорлари Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраев, ўуломжон Ёқубов, Хайрулла Лутфуллаев, бастакорлар Мустафо Бафоев, Жўра Шукуровлар билан ака-укадек яқинмиз. Бизни Аллоҳ нафақат ҳамсоя, балки анъанаси, урфу одати, ташқи кўриниши, маданияти, адабиёт ва санъатини бир хил қилиб яратган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари биз, санъат аҳлини ҳам бу борада янада ташаббускор бўлишга ундамоқда. “Ўзбекконцерт” ва бизнинг “Базморо” муассасалари ўртасида санъаткорларимиз гастролларини ташкил этиш борасида қилинаётган ҳаракатларни кўриб, қувондим. Мен Тожикистоннинг атоқли ўзбек шоири Ўлмас Жамолнинг “Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфто писар” мисраси билан бошланадиган ва икки халқнинг дўстлик мадҳиясига айланган қўшиғимдаги дўстлик чорловларига содиқ қолиб, икки халққа хизмат қилишга тайёрман.
Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида икки мамлакат адиблари ўртасида ижодий ҳамкорлик, адабий алоқаларга оид меморандум имзоланди. “Жаҳон адабиёти” журналининг жорий йил апрель сони тожик адабиёти ва санъатига бағишланди. Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси нашри “Садойи Шарқ”нинг июль сонидан эса ўзбек адабиётнинг энг сара намуналаридан таржималар ўрин олган.
Демак, ижодкорларимиз ҳам бир-бирини соғинган, тожикча қилиб айтганда, “ба дийдор пазмон шудаги”. Яъни Президентимиз томонидан бошланган ташаббус, ташланган шахдам қадам халқларимиз ташаббуси, юрагидаги юмушга айланди.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон истиқлолга эришган илк йиллардан бошлаб, давлат ва жамият бошқарувидаги институционал, демократик ислоҳотларнинг марказида қонун устувор...
01 янв 1970
Мазкур депутатлик гуруҳи саккиз кишидан иборат.
01 янв 1970
Юртимизда болалар ўйинчоқлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Ҳаракатлар страте...