Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Шу кунларда телевизор орқали жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги солиқ декларациясини 2017 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан тақдим этишлари лозимлиги ҳақидаги хабарларни тез-тез эшитмоқдамиз. Айтинг-чи, қандай турдаги даромадлардан декларация асосида солиқ тўланиши керак? Айрим сабабларга кўра, декларация 1 апрелдан кечикиб тақдим этилса, қандай чоралар қўлланилади?
З.Жуманиёзов, Хоразм вилояти
— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан жисмоний шахслар 2016 йил давомида олган:
мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;
фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;
асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар;
икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган ҳамда солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар юзасидан 2017 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этишлари лозим.
Агар солиқ тўловчининг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи унинг аризасига кўра белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди (Ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва еттинчи хатбошларида кўрсатилган даромадлар бундан мустасно).
Жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси 3-қисмига асосан энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саволга Давлат солиқ қўмитаси Солиқ солиш методологияси бошқармаси масъул ходими Икром АЛЛАБЕРГАНОВ жавоб берди.
 
— Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилгани учун жазо чоралари кучайтирилган, деб эшитганман. Шу хусусда батафсил маълумот берсангиз?
М.Облоқулов, Зангиота тумани
— Ҳақиқатан ҳам, жазо чоралари кучайтирилган. 2015 йилнинг 29 декабрида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, кодекс янги, 561-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, эндиликда чекиш тақиқланган жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилган шахсга энг кам иш ҳақининг учдан бири миқдорида жарима солинади.
Муқаддам қонунчиликда бундай жазо санкцияси мавжуд эмас эди. Қонунга мувофиқ, республикамизда 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш мумкин эмас. Чеклов нормалари баъзи ижтимоий соҳа объектларига ҳам тааллуқлидир. Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда чекиш тақиқланади. Айрим транспорт воситаларининг белгиланган жойларида чекиш учун маъмурий чора аввал ҳам қўлланиларди. Энди жазо кучайтирилган. Поезд вагонлари, сув кемалари, йўловчи автобуслари, шаҳар ичидаги электротранспорт, маршрутка ва такси салонларида сигарет чеккан киши олдингидек энг кам иш ҳақининг йигирмадан бири эмас, балки учдан бир қисми миқдорида жарима тўлайди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига кўра, бундан буён жамоат жойлари (ишхона, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари)да алкоголь маҳсулотини истеъмол қилувчиларга энг кам иш ҳақининг ярми ҳисобида жарима тайинланади. Илгари жарима миқдори энг кам иш ҳақининг ўндан биридан учдан бир қисмигача ташкил қилган. Бордию бу турдаги ҳуқуқбузарлик бир йил мобайнида такрор содир этилса, маъмурий жазо энг кам иш ҳақининг икки баробаригача (аввал учдан биридан бир баробаригача) етказилади ёки ҳуқуқбузар 15 суткагача қамоққа олиниши ҳам мумкин.
Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Ойбек ҚАЮМОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Йўл патруль хизмати ходимлари мендан тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичлик камзул бор-йўқлигин...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман кенгаши томонидан “Ахборот олиш маданиятини шакллантиришнинг аҳамияти” мавзусида семина...
01 янв 1970
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг қилган меҳнати, қолдирган изи вақт билан эмас, балки эл-юртга келтирган нафи, беминнат хизмати билан ўлча...