Буюк аждодларнинг муносиб ворислари Ватанимиз довруғини дунёга таратмоқда

/
Юртимиз бўйлаб истиқлол шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тўёна сифатида янграётган ҳар бир хушхабар, янгилик қалбларимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирмоқда.
Жумладан, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этаётган спортчиларимизнинг кетма-кет ғалабаларидан фахрланиб турган бир пайтимизда Сингапурда ўтказилган математика фани бўйича халқаро олимпиадада Ўзбекистон фарзандларининг 5 та олтин ва яна бир нечта кумуш, бронза медалларини қўлга киритганини эшитиб, очиғи ҳам она, ҳам педагог ҳамда шу юртнинг оддий фуқароси сифатида жудаям қувондим.
Мазкур халқаро олимпиадада дунёнинг турли давлатларидан келган 780 нафар мактаб ўқувчилари орасида ёш математик билимдонларимизнинг энг кучлилар сафидан ўрин олиши бежиз эмас, албатта.
Бу, шубҳасиз, истиқлол фарзандларининг ҳеч бир соҳада дунёдаги тенгдошларидан кам эмаслигининг исботи, ўғил-қизларимизни юксак марраларни забт этишга ундаб келаётган “Биз киммиз, қандай буюк зотларнинг, қандай буюк мероснинг ворисларимиз?” деган саволга муносиб жавобдир. Яъни, бу бир вақтлар илм-фаннинг қатор соҳалари бешигини тебратган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимизнинг анъаналарини давом эттиришга қодир муносиб авлод етишиб чиқаётганининг, тарихи буюк халқнинг келажаги ҳам буюк бўлишидан далолат, десак адашмаган бўламиз.
Бунга эса, албатта, истиқлолнинг илк кунлариданоқ ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибор, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, уларга муносиб билим бериш, ўқиб-ўрганиши учун зарур шароит, кенг имкониятлар яратиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрлик эвазига эришмоқдамиз.
“Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бунёд этилган ва жиҳозланган замонавий ўқув бинолари, компьютер хоналари, мультимедия дастурлари ҳамда дарсликлар биз педагоглар учун ўқувчиларга билим беришда янада кенг имконият яратиб, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида ўқувчиларимиз орасидан фан, санъат ва спортнинг турли йўналишларида кўплаб иқтидорлар кашф этилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимиздаги таълим тизимининг энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда, илм-фанни янада ривожлантириш, таълимга инновацион технологияларни ва мультимедия дастурларни кенг жорий этиш, пировардида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда.
Шу маънода, биз, партия фаоллари мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда, аҳоли, айниқса, ёшлар билан учрашув ва мулоқотларда юртимиз довруғини дунёга танитаётган ёшларимизни ибрат қилиб кўрсатишимиз, ўсиб келаётган авлодда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтиришимиз, уларни янада юксак мақсадлар сари руҳлантирмоғимиз зарур.
Хуррам ОТАМУРОДОВА,
Мирзо Улуғбек туманидаги 275-мактаб ўқитувчиси,
“Адолат” СДП фаоли 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишларга мос равишда мансабдор шахслар, депутатлардан тортиб, оддий...
01 янв 1970
Бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов тўлиқ тўланган бўлса-да фуқаро хизматга яроқсиз деб топилса, тўланган пулни қайтариб олса бўладими? Бунинг тарти...
01 янв 1970
Партиялараро рақобат тобора кучаяётгани, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортаётгани ҳам масъулият билан ишлаш...
01 янв 1970
Депутатнинг фаолияти сиёсий куч мавқеини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга....