Ишончни оқлаш йўлида

/
Депутатнинг фаолияти сиёсий куч мавқеини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши ҳам бўлиб ўтган сайловларда муносиб номзодларни танлашга алоҳида эътибор қаратганлиги натижасида шаҳар ва туман маҳаллий Кенгашларига “Адолат”СДПдан сайланган депутатлар бугунги кунда ўз сайловчилари ишончини қозонган ҳолда партиямиз нуфузини оширишга ҳисса қўшмоқдалар.
Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши депутати Сайфиддин Хўжагелдиев ана шундай фаол депутатларимиздан бири. Барча ишда адолат барқарор бўлишини истаган Сайфиддин ака ҳар доим эл хизматига камарбаста.
— “Хўжамулки” маҳалласи туман марказидан 35 километр олисда жойлашгани боис ечимини кутаётган айрим муаммолар мавжуд. Ана шулардан бири — аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш эди. Мутассадди ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови киритиш орқали кам таъминланган оилалар жами 100 дона газ баллони билан таъминланишига эришдик. Шунингдек, сел келиш хавфи юқори бўлган маҳалладан ўтувчи канални кенгайтирдик, — дейди Сайфиддин Хўжагелдиев.
Бундан ташқари, “Лалмикор-Қушчекка-Хўжамулки” автомобиль йўлининг 3-6 километрлари ҳар йили сел келиши сабабли ювилиб, йўл торайиб қолиши туфайли транспорт қатнови қийинлашар эди. Ушбу муаммога бефарқ қараб туролмаган депутат амалий ёрдам беришни сўраб, Қумқўрғон туман йўл хўжалиги корхонасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Депутат сўровида келтирилган масалани ижобий ҳал қилиш мақсадида корхона томонидан ташкилий ишларга киришилди. Бир неча йилдан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммо яқин орада ижобий ечим топишига имкон яратилмоқда.
— Фуқароларнинг маҳалла ҳаёти, ёш авлод манфаатлари билан боғлиқ масалаларда мурожаат қилаётганлиги, уларнинг ижтимоий фаоллиги янада ортаётганини ифодалайди. Қумқўрғон туманидаги “Хўжамулки” ва “Чаёнтепа” маҳаллаларида жойлашган 6-, 65-умумтаълим мактаблари ҳамда қўшни Сариосиё туманининг “Томшўш” ҳамда “Бештом” маҳаллаларидаги 65-, 59-умумтаълим мактаблари масофа жиҳатдан бир-бирига яқин жойлашган. Бироқ ушбу мактабларга энг яқин касб-ҳунар коллежи 40-45 километр узоқда. Бу мактаб битирувчиларини ҳам, ота-оналарни ҳам қийнамоқда. Шу боис улар ариза билан мурожаат қилишди. Бу ҳақда мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиб, ёшлар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда яқин жойда касб-ҳунар коллежи ёки коллеж филиали барпо этиш ҳақида таклиф билдирдим, — дейди С.Хўжагелдиев.
Бир сўз билан айтганда, халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари, Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Сайфиддин Хўжагелдиев зиммасидаги вазифаларни адо этиш йўлида изланмоқда. Унинг бу саъй-ҳаракатлари эса туманда фуқароларнинг партиямизга бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу пайтгача ҳам бу ердаги саноат корхоналарида олимлар томонидан турли ихтиролар, ишланмалар, кашфиётлар ҳаёт талаби билан яратилар, қисман ишлаб ч...
01 янв 1970
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш уларнинг мурожаатлари нечоғлик ҳал этилишида яққолроқ намоён бўлади....
01 янв 1970
Жорий йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. ...
01 янв 1970
2018 йил 1 июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг беғараз донорлик акцияси ўтказилиб, унда республикамиз бўйича 466 нафар хайрихоҳ иштир...