Илм-фан юксалишида янги босқич

/
Ахборот ва технологиялар асри деб ном олган XXI асрда ҳаётнинг барча жабҳаларида — саноат, қурилиш, кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик ва бошқа соҳаларда юксак тараққиётни юзага келтириш учун илм-фанни ривожлантириш, бу борада янгиликлар яратиш ҳаётий заруратга айланди. Бу жараён эндиликда дунёда тараққиёт йўлини тутган барча мамлакатларда эътироф этилмоқда. Республикамизда ҳам ана шу жараёнга алоҳида эътибор берилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини юртимиз академиклари, етакчи олимлари, умуман, илм аҳли билан учрашувдан бошлаганлиги, республикамизда илм-фан ривожини ишлаб чиқариш тараққиёти билан уйғунлантиришга қаратганлиги бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг шундан кейин соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини яхшилаш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китобхонликни кучайтириш, республикада янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш, мамлакатни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини яратиш, Имом Термизий халқаро марказини ташкил қилиш борасида ва шу каби бошқа кўплаб қабул қилинган қарорлари, фармонлари, фармойишларида илм-фанни юксалтириш асосий масалалардан бири сифатида белгиланиши ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодаси эди. Мамлакатимиз Президентининг яқинда қабул қилинган “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу соҳада белгиланган энг улуғвор ишлардан бири бўлди. Хўш, бу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад нималардан иборат эди?
Маълумки, Фанлар академияси республикамизда илм-фан соҳасида фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланадиган етакчи даргоҳлардан бири саналади. Унинг кўп тармоқли тизимида ниҳоятда салоҳиятли, чуқур билимга эга бўлган зиёлилар, етук олимлар, академиклар тўпланган. Улар томонидан йиллар давомида кўп соҳаларда фундаментал йўналишларда илмий янгиликлар, ихтиролар, кашфиётлар қилинган. Булар интеллектуал мулк ташкилотлари томонидан эътироф этилиб, рўйхатларга олинган, ихтироларига патентлар берилган. Аммо бу ихтиролар, кашфиётларнинг аксарияти ишлаб чиқаришга жорий қилинмаган. Натижада бугунги кунда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун янги технологияларни, техник дастурларни, инновацион тузилмаларни юртимизда ўз илмий кучимиз билан яратиш имкони бўлгани ҳолда хорижий мамлакатлардан келтиришга мажбур бўлмоқдамиз. Бундай ҳолат, яъни чет эллардан доимий равишда янги технология, инновацион технологиялар сотиб олиш ҳисобига мамлакатни ҳар жиҳатдан юксак тараққий эттириш қийин эканлиги барчага беш қўлдай аён. Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятнинг ҳозирги кундаги аҳволи, кадрлар билан таъминланганлиги, илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техник, тажриба ва лаборатория базаларининг ривожланиш даражаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётидан ортда қолмоқда. Илмий-тадқиқот муассасаларини молиялаштириш борасида ҳам муаммолар мавжуд. Шу сабабли илмий фаолият нуфузи бироз пасайиб, иқтидорли ёшларнинг бошқа соҳаларга кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Олимлар, академикларнинг ўртача ёши 50-60 дан ошиқни ташкил этмоқда. Шунингдек, мамлакатимиздаги академик фаннинг халқаро миқёсда нуфузини ошириш, дунё илм-фани билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳам бугунги кун талабига айланди.
Қарорда илм-фан соҳасида тўпланиб қолган ана шундай муаммоларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб берилган. Шу билан бирга, бу ҳужжатда давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш, олимларга кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширишлари учун барча зарур шароитларни яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида олимлар, жумладан, ёшлар учун ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари, технопарклар ташкил этиш, илмий изланишларни ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг реал муаммоларига йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш, академия билан хорижий мамлакатлардаги академиялар, илм-фан марказлари ўртасида ҳамкорликларни кучайтириш каби масалаларни амалга ошириш Фанлар академиясининг асосий вазифалари сифатида белгиланган.
Бу ишларни амалга ошириш мақсадида Фанлар академияси таркибида Математика, Ядро физикаси, Ион-плазма ва лазер технологиялари, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги, Полимерлар кимёси ва физикаси, Шарқшунослик, Археологик тадқиқотлар, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтлари ташкил этилиб, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги тарих институти академия тасарруфига ўтказиладиган бўлди. Шунингдек, академияда Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ташкил қилиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгаши ва бу кенгашнинг мувофиқлаштирувчи-методик маркази ҳам унинг таркибига киритилди.
Қарордаги муҳим янгиликлардан яна бири — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссиясининг тузилиши бўлди. Бу комиссия илмий-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаб бериш билан шуғулланади. Ушбу давлат комиссиясининг ишчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти тугатилаётган Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилади. Агентлик республиканинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалари томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техника дастурлари ҳамда лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифасини бажаради. Агентлик замонавий илм-фан ютуқларини инобатга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди. Фан ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликларни ривожлантиради.
Қарорда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилган. Яъни, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган.
Бу жамғарма маблағлари замонавий илмий лабораториялар ташкил этишга, олимларимизнинг интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш)га, лабораторияларни доимий замонавий ускуналар билан жиҳозлаб туришга, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг жаҳоннинг етакчи илмий электрон маълумотлар базаларидан фойдаланишга, ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда илмий стажировкаларини молиялаштириш каби харажатларга сарфланади. Бошқача айтганда, жамғарма илм-фан равнақи учун хизмат қилади.
Қарорда самарали илмий фаолиятни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилган. Шу мақсадда Фанлар академияси илмий ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этиладиган бўлди. Жамғарма маблағи академиянинг илмий-тадқиқот муассасаларининг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган соф фойданинг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалари ҳисобидан шакллантирилади. Мукофотга илмий-тадқиқотлар якунлари бўйича салмоқли натижаларга эришган академия илмий ходимлари сазовор бўлишади.
Хулоса қилиб айтганда, бу қарор республикамиз Фанлар академияси фаолиятини тубдан янгилайди ҳамда мамлакатимиз илм-фани ривожида, илм-фан ва ишлаб чиқариш тараққиётида, олимларимизнинг жаҳон илмий жамоатчилиги ўртасида ўз нуфузига эга бўлишида, ёшлар орасида илмий салоҳиятнинг ошишида муҳим босқични юзага келтирадиган ҳужжат бўлиб қолади.
Саъдулла ИСКАНДАРОВ,
академик

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Касби туман тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши ва “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида “Эл соғлиғи &mda...
01 янв 1970
Бугунги кунда бирон-бир ашёни текинга фойдаланиш шартномаси фуқароларимиз орасида кенг тарқалган шартнома турларидан бири ҳисобланади....
01 янв 1970
Мамлакатмиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи чоғида шаҳарнинг яна бир дарвозаси — замонавий темир йўл вокзалида бўлди....
01 янв 1970
Сўнгги пайтларда бувимнинг кўриш қобилияти бироз сусайиб қолди. Шу боис менга ҳар ойлик пенсиясини олишим учун нотариус орқали ишончнома берди....