Валютага... илдиз сотиб ёки корхонанинг экспорт имкониятини кенгайтираётган тадбиркор хусусида

/
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп. Лекин бошқалар ҳали синаб кўрмаган ёки журъат қилмаган ишнинг этагидан тутиб, тадбиркорликда ўз йўлини топа олган кишига тасанно десангиз арзийди.
Самарқанд шаҳрининг “Фарҳод” қўрғонида замонавий корхона очиб, ўз маҳсулотини юз фоиз чет мамлакатга экспорт қилаётган Одил Асимовнинг тадбиркорлик фаолияти хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Қаранг, излаган имкон топади деганларидек, у республикамизнинг Оролбўйи ҳудудида табиий шароитда ўсиб, кўпаядиган қизилмия ўсимлиги илдизларини йиғиб, қайта ишлов бериб, кукун ҳолида экспорт қилишни йўлга қўя олди. Фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида бебаҳо ҳисобланган мазкур хомашёга чет элда талабгор кўплигини назарда тутадиган бўлсак, янги ишнинг истиқболини дарров сезиб олишимиз мумкин.
— Хитойга тадбиркорлик мақсадидаги сафарим чоғида озиқ-овқат ва қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, улар билан айни шу соҳада ҳамкорлик қилиш имконияти борлигини тушуниб етдим, — дейди тадбиркор Одил Асимов. — Хитойлик саноатчилар бизга қизилмия илдизини майдалаб, уни кукунга айлантириб берадиган ускуна ва технологияларни етказадиган бўлишди. Биз эса хомашёни чет мамлакатга экспорт қилиш мажбуриятини олдик ва тез орада бунинг уддасидан чиқдик.
Дарвоқе, Самарқанд шаҳрининг саноатчи-тадбиркорлар меҳнат қилаётган “Фарҳод” қўрғонида “Райс продакшин бизнес” номи билан фаолият юритаётган мазкур корхона шу йилнинг олти ойи мобайнида бир миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни четга экспорт қилди. Бу кўрсаткични йил охиригача 2 миллион АҚШ долларига етказиш мўлжалланган. Шунинг ҳисобига корхонани янада кенгайтириб, қўшимча ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Шуниси аҳамиятга моликки, янги корхона юқори даражада модернизациялаштирилгани туфайли деярли 100 фоиз чиқиндисиз технология асосида ишламоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, қизилмия илдизини қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган хомашё қолдиқлари аммиакка бой бўлганлиги учун қишлоқ хўжалигида бемалол маданли ўғит ўрнини босмоқда ва ернинг унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шуни назарда тутган самарқандлик тадбиркор вилоятдаги фермер хўжаликларига бир неча ўн тонна шундай қимматли ўғит етказиб берди.
Шугина эмас, илгари табиий шароитда ўсадиган қизилмия ўсимлигини етиштиришни маданий асосда йўлга қўйиш мақсадида Оролбўйи ҳудудининг шўр тупроқли ерларидан 300 гектар майдон ўзлаштирилди. Бу ҳам табиий шароитда ўсадиган қизилмия ўсимлигини кўпайтиришнинг кафолатли воситаси бўлиб хизмат қилиши билан бирга мазкур ҳудудда 100 дан ортиқ янги иш ўринларини яратишга имкон берди.
— Ҳозир 100 кишини даромадли иш билан банд қила олдик, — дейди О.Асимов — Корхонани кенгайтириш ишларини якунига етказгач, яна шунча ходимни ишга қабул қилиш имконияти яратилади. Аниқроқ қилиб айтганда, шу чоққача четга қизилмия илдизидан хомашё тайёрлаб сотиш билан шуғулланган бўлсак, энди мева-сабзавотларни ҳам экспорт қилмоқчимиз. Булунғур туманидаги фермер хўжаликлари билан узум, мош, ловия ҳосилини четга етказиб бериш бўйича 500 тонна маҳсулотга шартнома тузганмиз.
Зеро, Ўзбекистон боғларида, сабзавот ва полиз пайкалларида бирин-кетин пишиб етилаётган маҳсулотларга бугун жаҳон бозорларида талаб катта. Буни яққол ҳис этган самарқандлик тадбиркор-фермерлар экспорт имкониятларини янада кенгайтириш чораларини ишга солмоқда. Вилоятдаги ўнлаб замонавий қайта ишлаш корхоналари модернизациялаштирилиб, юқори қувват билан ишлатилмоқда. Улар қаторида “Райс продакшин бизнес” масъулияти чекланган жамияти ҳам рақобатда ўз омадини синаб кўрмоқда. Ва, бемалол айтиш мумкинки, қисқа вақтда эришилган иқтисодий кўрсаткичлари билан кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Юз киши меҳнат қилиб, ҳар бири бир миллион сўмдан кам маош олмаётган корхонанинг ўз технологияси, ўз мижозлари ва ўз истиқболи бор. Бунга эса фақат изланиш, ҳаракат ва дунё бозорининг талабларини ўрганиш туфайли эришилмоқда.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижон вилоятида зукколиги ва билимдонлиги билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...
01 янв 1970
Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугун...
01 янв 1970
Замондошимиз — Самарқанд туманидаги “Гулобод” касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Усмонова “Президент асарларининг энг яхши б...
01 янв 1970
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида соҳани модернизациялаш, замонавий техника ва технол...