Устувор вазифа — аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш

/
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда молия муассасалари фаолияти муҳим ўрин тутади. Бунда, хусусан, аҳолининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб этиш, корхоналарнинг инвестициявий имкониятларини янада кенгайтириш, аҳолига кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини ошириш ва тадбиркорликка жалб этишга кўмаклашиш катта аҳамиятга эга. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши молия муассасаларига янада кўпроқ масъулият юкламоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, тадбиркорлик ҳаракатининг умумиқтисод равнақига қўшадиган ҳиссасини кўпайтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Бугунги кунда республикамиз банклари зиммасидаги энг долзарб ва масъулиятли вазифа — «Аҳолини тадбиркор қилиш» бўйича «Асака» банкнинг Тошкент шаҳар филиали томонидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Банк филиали жамоаси тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга интилмоқда, банкнинг малакали ходимлари пойтахтимиздаги хонадонларга ташриф буюриб, аҳолига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун тушунтириш ва тавсиялар бермоқда ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кредит маблағларини олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмак бермоқдалар. Хусусан, банк филиали мутахассислари Тошкент шаҳридаги 4208 та хонадонга ташриф буюриб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун тушунтириш ва тавсиялар берди, 4200 дан зиёд хонадонга тадбиркорликка даъват этилиб мурожаатлар юборилди. Бу тадбирлар натижасида 350 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирди. 51 нафар фуқарога 770,3 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Демак-ки, шунча оиланинг тадбиркорлик туфайли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга замин яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари учун фаолиятлари ривожи ва қонуний манфаатларини химоя қилишнинг кафолатига айланди.
Мазкур фармон, энг аввало, хусусий мулкни ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради. Хусусан, фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувларни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
2017 йил 1 январь ҳолатига банк филиали кредит портфели ҳажми қарийб 295,0 миллиард сўмни ташкил этди. Кредит қўйилмаларининг асосий қисмини узоқ муддатли кредитлар ташкил этади.
Банк филиали томонидан 2016 йил мобайнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга жами 140,0 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Бу маблағлар Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариш, сервис ва хизмат кўрсатиш кўламларини кенгайтириш, шаҳар иқтисодиёти ва ижтимоий турмушини юксалтиришга хизмат қилиши ва қолаверса, мамлакат куч-қудратини оширишга муносиб улуш бўлиб қўшилиш баробарида, ушбу сармоялар эвазига қўшимча кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, шаҳардаги ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иш билан таъминланди.
Банк филиали томонидан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ички бозорни тўлдириш мақсадида 60,1 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 34,0 миллиард сўм, аёллар тадбиркорлигини ташкил қилиш ва ривожлантириш учун 4,0 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
— Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда ва бунинг натижасида бизнинг маҳсулотга ҳам талаб ортиб бормоқда, — дейди Тошкент вилоятининг Зангиота туманида фаолият кўрсатаётган «AL SYS» хусусий корхонаси раҳбари Фарид Сафагариев. — Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида юртимизда ҳар соҳада кўрсаткичлар яхшиланиб бораяпти. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу эътибордан руҳланиб, бизнинг корхонада ҳам ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш мақсадида молиявий кўмак учун «Асака» банкка мурожаат қилдик. Банк ходимлари бизнинг мурожаатимизни қисқа вақт ичида кўриб чиқиб, хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналарни олиш учун узоқ муддатли кредит маблағини ажратиш бўйича қарор қабул қилишди. Ҳозир корхонамизда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ускуналар ишга туширилгандан кейин металл профиллар ишлаб чиқариш имкониятларимиз кенгаяди ва шу билан биргаликда 25 та янги иш ўрни яратилади. Бизга тезкор кўрсатилган молиявий мадад учун «Асака» банк ходимларига миннатдорлик билдирамиз.
— Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятига алоҳида эътибор берилиб, зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги биз, тадбиркорларга катта имкониятлар яратмоқда, — дейди Яккасарой туманида фаолият юритаётган «SALS» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сергей Конов. — Бизнинг корхонамиз ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Асосий фаолиятимиз — республикамиздаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга хориждан турли зарурий технологик ускуналарни етказиб беришдан иборат. Айланма маблағларни кўпайтириш мақсадида кредит учун «Асака» банкнинг Тошкент шаҳар филиалига мурожаат этдик. Банк томонидан мурожаатимиз қисқа муддатда ҳал этилди. Банк кредитлари ҳисобига фаолиятимиз кўлами бир неча бараварга ошди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида корхонамизда 10 тага яқин янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларни иш билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш учун барча имкониятлар мавжуд. «Асака» банкнинг Тошкент шаҳар филиали мутахассислари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган турли анжуманлар ва тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар, ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида «Ёш тадбиркор—юртга мададкор» лойиҳаси доирасида ўтказилган анжуманда банк филиали мутахассислари фаол иштирок этди. Анжуман якунида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган битирувчиларга уларнинг бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун молиявий кўмак бериш мақсадида имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
— Мамлакатимизда ёш тадбиркорларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида молиявий кўмак сўраб «Асака» банкка мурожаат этдим, — дейди ёш тадбиркор, «BEST MEET TREAT» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бекзод Умаров. — Банк томонидан имтиёзли шартларда ажратилган кредит ҳисобига электрон тўловлар тизими орқали хизмат кўрсатишни ташкил қилдик. Ҳозир шаҳримиз аҳолиси ҳамда меҳмонларига хизмат кўрсатишни янада юқори савияга кўтаришга интилмоқдамиз. Ўнга яқин янги иш ўрни яратилиб, ўзимга ўхшаш касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга эришдим. Шуни мамнуният билан айта оламанки, «Асака» банк кредитлари биз каби тадбиркорлик йўлини тутган ёшларга катта имкониятлар эшигини очмоқда. «Асака» банкнинг молиявий кўмагида мулкдор бўлиб, жамиятда ўз ўрнимизни топаяпмиз. Шунинг учун ҳам банк хизматларидан мамнунмиз ва келгусида ҳам фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида “Асака” банкнинг хизматларидан фойдаланамиз деган ниятдамиз.
Мухтасар қилиб айтганда, «Асака» банкнинг Тошкент шаҳар филиали аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилаётган банк маҳсулотлари ва хизматлари турларини кенгайтириш, сифатини яхшилаш ва банк амалиётлари тезкорлигини янада ошириш бўйича фаол ишлар олиб боришни мақсад қилган. Жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, айниқса, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасида улкан режалар тузилган. Банк филиали истиқболли лойиҳалар, ғоялар устида тинимсиз изланиб, мижозлар эҳтиёжи учун мақбул ва қулай бўлган хизмат турларини кенгайтириб бормоқда. Бу эса уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, Тошкент шаҳри иқтисодиётини янада ривожлантириш ва турли ижтимоий масалаларни ҳал этишда ўз самарасини бермоқда.
Банк Ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қорамоллардан йилига ўртача 400 бош насл олинган тақдирда ҳам бу шунча миқдорда импортни камайтириш ҳисобига 1 миллион евро маблағни иқтисод қилиш ...
01 янв 1970
Замондошимиз — Самарқанд туманидаги “Гулобод” касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Усмонова “Президент асарларининг энг яхши б...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда молия муассасалари фаолияти муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтиришга қаратилган навбатдаги семинарлар ташки...