Қуруқ гаплар, асоссиз ғоялар билан ишонч қозонилмайди

/
Бугун сайловчилар ишончини қозониш осон иш эмас. Бунинг учун сиёсий партия халқ олдига шунчаки қуруқ гаплар ёки асоссиз ғоялар билан эмас, аниқ ва ҳаётий вазифалар, халқни ўйлантираётган муаммоларга ечимлар билан чиқиши лозим. Партиянинг дастурий ҳужжатлари ҳам шундан келиб чиққан ҳолда шакллантирилиши зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳудудларда, бошланғич партия ташкилотларида, маҳаллаларда Сайловолди дастури лойиҳасини кенг муҳокамадан ўтказмоқда.
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган ушбу тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, депутатлар, фаоллар ҳамда экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, партия Сайловолди дастури лойиҳаси 3000 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларида кенг муҳокамадан ўтказилди. Шунингдек, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда “Менда таклиф бор” (#MendaTaklifBor) хештеги асосида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрлари олинди. Ўтган давр мобайнида ҳар икки йўналишда партия экспертлар гуруҳига мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Мазкур таклифлар экспертлар томонидан умумлаштирилиб, муҳокамага қўйилган дастур лойиҳасида ўз аксини топгани қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида Дастур лойиҳасидаги суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фанга доир устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан партиянинг қатъий позициясини билдириш, таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Таълим соҳаси экспертлари томонидан мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этаётган шароитда, уларнинг атиги 10 фоизигина олий таълим муассасаларига қамраб олинаётганлиги қайд этилди. Олий ўқув юртларига қабул квотасининг камлиги, тест саволларидаги айрим мураккабликлар боис бир қатор ёшларимиз хорижий давлатларда таълим олишни маъқул кўрмоқда. Бундан ташқари, мазкур омиллар туфайли ўқишга кириш жараёнида коррупция ҳолатлари учрамоқда.
Шу боис ўз дастурида таълим соҳасини устувор деб билган “Адолат” СДП олий таълим муассасаларига қабул квотасини бекор қилиш таклифини илгари сураётганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Фахриддин МУСАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти “Гуманитар ва ижтимоий фанлар” кафедраси профессори, партия эксперти:

— Партия томонидан олий таълим муассасаларига киришда белгилаб қўйилган квотани бекор қилиш ташаббуси ўринлидир. Лекин шу ўринда сифатли таълим тизимига ҳам бирдек эътибор қаратиш керак. Шу боис квота масаласини босқичма-босқич моддий ва техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш лозим. Бу ташаббуслар мақсадли ҳамда манзилли бўлиши керак. Шунингдек, кадрлар етишмаслиги масаласини ҳудудлар кесимида тўлиқ таҳлил қилиш талаб этилади. Масалан, Бухоро вилоятида математика фанидан дарс берувчи ўқитувчилар кўп, лекин улар Тошкент вилояти ёки Сирдарё вилоятига келиб мактабда дарс бермайди, бунинг учун биринчи галда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш керак. Кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш учун агар квоталар оширилса, супер контракт деган тушунчани бекор қилиш зарурати вужудга келади.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳам партия дастурининг асосий йўналиши бўлиши лозимлиги билдирилди. Чунки мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, халқаро индексларда мамлакатимиз рейтинги ўта пастлигича қолмоқда. Ушбу кўрсаткични ижобий томонга ўзгартириш мақсадида партиянинг парламентдаги фракцияси изчил ўрганишлар олиб бориб, аниқ натижаларга эришиши устувор вазифа эканлиги ҳам алоҳида қайд этилди.
Бунинг учун партия мутасадди идоралар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши кураш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ўз дастурида белгилаши лозимлиги эътироф этилди.
Муҳокамалар жараёнида жамият ва давлат ҳаётида адолат тамойилини жорий этиш партия дастурининг устувор ғояси бўлиб қолиши таъкидланди. Бунинг учун партия аҳоли орасига янада кенг кириб бориши, уларни ўйлантираётган масалаларни, мазкур соҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал этиши зарур. Шу билан бирга, партия экспертлари томонидан турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш таклифи билдирилди.
Бунда фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича ҳудудий судларини бирлаштириш орқали битта маъмурий ҳудудда ягона суд идораси ташкил этилади.
Адҳам ЭЛТОЕВ,
тадбир иштирокчиси:

— Партия Сайловолди дастуридаги электорат тушунчасини умумий сайловчилар тушунчаси билан алмаштириш лозим. Партия учун сайловлар жараёнида ҳар бир овоз муҳим. Шунингдек, Сайловолди дастури лойиҳасини ихчамлаштириш керак. Дастурда умумий баён тарзидаги қуруқ жумлалардан фойдаланиш, мантиқан чалкашликлар сайлов жараёнида номзодлар учун ҳам қийинчилик туғдириши мумкин.
Қизғин баҳс-мунозаралар, амалий таклифларга бой бўлган учрашувда билдирилган таклифлар инобатга олиниши кераклиги қайд этилди. Дастур лойиҳаси юзасидан билдирилган кўплаб фикр ва таклифлар асосида партиянинг мамлакат келажагига дахлдор Сайловолди дастурини янада такомиллаштириш, унда декларатив мазмундаги жумлалардан бутунлай воз кечиб, содда, тушунарли, халқона тарзда шакллантириш учун жойларда танқидий муҳокамадан ўтказишни давом эттириш белгилаб олинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда....
01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...
01 янв 1970
Сайловлар якунланди. Депутатлар сайланди. Халқ вакиллари сайловчиларига берган ваъдаларини унутдими? Энди улар аҳолини эшитмайдими? Ушбу саволларга...