Кенгаш сессиялари сони нега кам? Вазифалар озми ёки ташаббускорлик?

/
Мутасадди ташкилотларга аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан депутатлик сўрови киритиш орқали уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари фаолиятида алоҳида ўрин тутади.
Жойларда ўтказилган мулоқотлар, фуқароларнинг мурожаатлари асосида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан масъул ташкилотларга жорий йилда 14 та депутатлик сўрови чиқарилди. Ушбу сўровларда асосан коммунал тўловлар, бандлик ва бошқа ижтимоий масалалар, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти, тиббий хизматга доир муаммолар ўз аксини топган. Айни пайтда депутатлик сўровларининг 7 таси мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, ўз ечимини топди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Қизларшой Раҳматова Жарқўрғон тумани “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Наргиза Қодировани ишга жойлаштириш бўйича туман халқ таълими бўлимига қарашли “Баркамол авлод” болалар маркази директори номига депутатлик сўрови чиқарган эди. Муаммо ҳал этилиб, ҳозирги кунда Н.Қодирова мазкур марказда ишламоқда.
Ушбу маҳаллада яшовчи фуқаролар Бибиойша Содиқова, Жасур Абдиев ҳудуддаги 23-сонли мактабгача таълим муассасасига фарзандларини жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб депутат Қ.Раҳматовага мурожаат қилишди. Депутат аралашгач, муаммо ечим топди ва айни пайтда мазкур фуқароларнинг фарзандлари 23-МТМда тарбияланмоқда.
Туманнинг “Наврўз” маҳалласида жойлашган кўп қаватли турар жойларда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар хонадонларда тоза ичимлик суви йўқлигидан шикоят қилишди. Депутатлик гуруҳи томонидан муаммо ўрганилгач, “Наврўз толачи” уй-жой мулкдорлар ширкати раиси номига депутатлик сўрови чиқарилди. Натижада ширкат мутасаддилари ҳамда туман “Сув-оқава” унитар корхонаси ҳамкорлигида сув қувурлари жорий таъмирланиб, хонадонларга ичимлик суви келтирилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нигора Тошқулова оғир хасталикка чалинган беморларга даволаниш учун бериладиган йўлланмалар сонини ошириш ҳақида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Норқобиловга юборган депутатлик сўрови натижасида шу турдаги тиббий йўлланмалар сони кўпайтирилганлиги ҳам эътиборга молик.
Денов туманидаги “Қизилжар” МФЙ ҳудудида жойлашган 7-МТМ аҳоли истиқомат қиладиган баъзи ҳудудларга узоқлиги бир қатор ноқулайликларни юзага келтираётган эди. Эҳтиёждан келиб чиқиб, маҳаллада давлат тасарруфидаги янги боғча барпо этиш масаласида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборилди. Депутатлик сўрови мутасаддилар томонидан ўрганилиб, мазкур ҳудудда янги МТМ қуриш вазифаси тегишли дастурга киритилди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Абдурашид Артиқов Жарқўрғон тумани “Дам” маҳалласи аҳли билан ўтказган очиқ мулоқотлар чоғида ҳудудда ичимлик суви қувурларини реконструкция қилиш зарурлиги қайд этилган эди. А.Артиқов мазкур масала юзасидан вилоят “Сув-оқава” корхонаси бошлиғи Ю.Менглиевга депутатлик сўрови юборди. Мутасаддилар муаммони ўз жойига бориб ўрганишди. Муҳими, шу кунларда маҳаллада сув қувурларини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган.
Шу билан бирга, маҳаллаларда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, диний экстремизмнинг олдини олишнинг ҳаётий аҳамияти, ОИТС, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, оилани мустаҳкамлаш каби мавзуларда тарғибот ишлари олиб бориш партия депутатларининг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Депутатларнинг фикрича, жорий йил давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган сессиялар сони жуда кам эканлиги депутатларда ташаббус етишмаганини кўрсатади. Кенгашнинг доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда ҳам замон талаби даражасида фаоллик кўрсатилмагани жиддий камчилик, депутатлик ваколати тақозо этган мавжуд имкониятни бой бериш деганидир. Сайловчилар ишончини оқлаш ва ҳудудда партия нуфузини мустаҳкамлашда ваколатлардан унумли фойдаланиш лозим.
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳар бир партия ходими ва депутат олдида турган муҳим вазифадир....
01 янв 1970
Беғараз донорлик акцияси партия аъзолари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз фаоллигида ўтди...
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди....
01 янв 1970
Она табиат гўзалликлари, ободлик йўлида қилинаётган эзгу ишлар юртимизнинг ҳар бир гўшасига чирой бағишлайди. ...