Сессия қарори ижро этилдими?

/
Аҳоли манфаати учун қилинган ҳар бир иш ўзининг амалий натижасини кўрсатса, шубҳасиз, жойларда партиямиз ходимлари ва депутатларга нисбатан ишонч ортади. Тўғри, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг турли лойиҳалари доирасида бир қатор ўрганишлар олиб борилмоқда. Ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудда ечимини кутаётган долзарб масалалар партия депутатлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокама этиб келинмоқда.
Аммо танганинг иккинчи тарафи бор деганларидек, баъзан депутатлар ҳамда масъуллар сессияда қабул қилинган қарорлар ижросини эътиборга олишмайди, ҳатто қизиқишмайди ҳам. Бундай ҳолатларда ўрганишлар гўёки ҳисобот учунгина олиб борилгандай таассурот уйғотади кишида.
Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги партия депутатларининг бу галги ўрганишлари ўз амалий натижасини кўрсатди, масалага депутатлар ҳам, масъуллар ҳам эътибор билан ёндашиб, аҳоли манфаатлари йўлида амалий ишларнинг натижасига эришдилар.
2018 йилнинг сентябрь ойида партия депутатлик гуруҳи аъзолари “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида шаҳардаги “Мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш сифати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ҳолати”ни атрофлича ўрганиб, натижада ушбу масала маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқилди.
Ўрганишларда аниқланганидек, шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфида 16 та давлат МТМ бўлиб, шундан 14 та МТМ фаолият олиб бораётганлиги аниқланди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан 2018 йилда шаҳарда давлат-хусусий шериклиги асосида нодавлат МТМ тармоғини кенгайтириш бўйича 5 та янги боғча биносини қуриш ишлари бошлаб юборилган. “Адолат” маҳалласида “Когон-БЕК болажон”, “Улуғбек” МФЙда “Нур-зиё”, “Зирабод” маҳалласида “Буюк болажон”, “Туркистон” МФЙда “Камалак”, “Хўжабарги” МФЙда “Ширинтой мухлис” сингари 100-120 ўринли боғчалар барпо этилмоқда.
Шу билан бирга, ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди. Жумладан, шаҳарда 3-7 ёшли болалардан 2480 нафари боғчаларда тарбияланмоқда, аммо 2769 нафар кичкинтойлар МТМларга қамраб олинмаган. Шунингдек, 1-мактабгача таълим муассасаси биноси таъмирталаб аҳволда, 15-МТМ гарчанд 280 ўринга мўлжалланган бўлса-да, болажонлар учун атиги 140 ўрин ажратилган. Бинонинг қолган қисмида эса шаҳар архив бўлими фаолият олиб бораётган экан. Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессия муҳокамасига тақдим этилган таҳлил ва хулосалар тизимдаги масъул шахсларнинг масалага эътиборини кучайтирди.
Сессия қарорига кўра, тегишли ташкилотлар раҳбар ходимларига шаҳардаги МТМларда болаларни мактабгача тайёрлаш сифатини янада ошириш, таълим-тарбия жараёнига замон талабларига жавоб берадиган таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши юзасидан алоҳида манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, бир қатор МТМ биноларини таъмирлаш бўйича аниқ вазифалар топширилди.
Кўп ўтмай ҳудудда боғчалар сони яна 2 тага ошди. 1-МТМ биноси 135 ўринга мўлжаллаб янгидан қурилди. 15-МТМ биносида архив идораси фойдаланаётган қисми ҳам кичкинтойлар ихтиёрига берилиб, боғча тўлиқ қувват билан ишлаши учун қайта реконструкция қилинди.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, партия томонидан олиб борилган ўрганишлар уларнинг ҳам масъулиятини оширди.
Ўрганишлар таҳлил қилиниб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқ натижаларга эришилса, мавжуд муаммоларга амалий ечим топилиб, пировардида аҳолининг манфаатлари рўёбга чиқади. Очиқ мулоқотлару ўрганишлардан кузатилган мақсад ҳам шунга қаратилмоғи лозим.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асакалик сафдошларимиз Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ибратли ишларни ама...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси тобора яқинлашиб келмоқда. 
01 янв 1970
Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаат...
01 янв 1970
Халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган аҳолини ташвишга солаётган мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқ билан доими...