Фаоллар йиғилиши танқидий руҳда ўтди

/
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг "Дастурий вазифалар ижросини таъминлашнинг долзарб масалалари" мавзуида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Тошкент шаҳар партия кенгаши фаоллари, ФЖШМҚМИ вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Фаоллар йиғилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг йил якунига бағишланган йиғилишдаги маърузасида ҳар биримиз, энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси — ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажариш лозимлиги қайд этилгани, партия фаоллари ҳамда депутатлик корпусининг ўз ишига жиддий эътибор қаратиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу жиҳатдан тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон "Адолат" СДП Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари, депутатлик корпуси ҳамда қуйи ташкилотлари иш самарадорлигини кучайтириш, мамлакат тараққиётининг янги босқичида олдимизда турган устувор вазифалар, демократик фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига ҳозиржавоблик билан ёндашиш, халқ билан юзма-юз мулоқотлар барча бўғиндаги партия ташкилотлари ва депутатларнинг иш услуби ҳамда фаолият йўналишининг устувор вазифаси этиб белгилашдан иборат бўлди.
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов тадбирни очар экан, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да партиянинг барча бўғинлари томонидан инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласига бош вазифа сифатида жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини қайд этди. Бунинг учун эса, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари Кенгашларида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий этиш борасидаги таклифлари ҳам парламентнинг халқ билан янада яқинлашишига, самаралироқ мулоқотга киришишига, одамларнинг дардини эшитишга, жойлардаги ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади. Жойлардаги ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиш самарадорлигини оширишда бу муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жараёнда, албатта, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам фаоллик кўрсатиши, Олий Мажлис депутатлари билан ҳамкорликда ишлаши талаб этилади.
Айниқса, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширилиши зарур бўлган асосий вазифа — "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат эканлиги жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишда партия фаоллари ҳамда депутатлик корпуслари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилади.
Шу жиҳатдан, партия фаоллари ҳамда депутатлар олдида турган муҳим вазифалар — ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, дори воситалари нархини назорат қилиш, ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бериш, уй-жой коммунал комплекси фаолиятини янада яхшилаш, соҳага йўналтириладиган маблағларнинг самарали ва оқилона сарфланиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш каби масалаларга жиддий эътибор бериш кераклиги ҳақида сўз юритилди.
Одилжон АМАНОВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Бугунги кунда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳида 11 нафар депутат фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ўтган 2016 йил давомида ҳамда 2017 йил январь ойида сайловчилар билан бўлган учрашувларда, депутатлик қабул кунларида келиб тушган мурожаатлар юзасидан давлат ҳокимияти органлари, тегишли ташкилотларга 81 та, қонунлар ва қарорларнинг ижроси бўйича 3 та, жами 84 та депутатлик сўрови чиқарилган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Аммо бу кўрсаткичлар етарли бўлмай, депутатлик гуруҳининг олдида ҳал қилиниши лозим бўлган кўпгина вазифалар турибди. Ўтган йилда депутатлик гуруҳимиз томонидан бирор маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилмаганлиги ҳам жиддий камчилигимиздир. Қолаверса, партия аъзоларининг ўсиш кўрсаткичи ҳам 2016 йилда қониқарли даражада бўлмаганлиги фаолиятимизни танқидий таҳлил этишни тақозо қилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олдимизга қўйилаётган устувор вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик гуруҳимизнинг ҳамкорликдаги фаолиятини янада кучайтиришимиз лозим.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Халқ манфаатини ифода этиш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини бажаришда барча бўғиндаги ташкилотлар билан депутатлик корпусларининг мустаҳкам ҳамкорлиги фаолиятнинг асоси ҳисобланади. Депутатлар ҳамда депутатлик гуруҳи фаолиятини аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда амалий ишлар ва ибратли ташаббусларга йўналтириш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, сайловчи депутатнинг берган ваъдалари устидан нечоғли чиқа олиши, қандай амалий ишларга қўл уришига қараб партияга баҳо беради. Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳининг партия ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жойлардаги депутатлик қабулхоналари ишини такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини ҳам янгича услуб ва воситалар билан бойитиш зиммамизда турган долзарб вазифалардандир.
Қайд этилганидек, бугунги кунда аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши, скрининг ва перинатал марказлари, гинекология ва патронаж хизматларининг ҳозирги ҳолатини таҳлил этиш зарур. Бу борада соғлиқни сақлаш тизими мансабдор шахсларининг эшитувини ташкил қилиш партия депутатлик гуруҳининг галдаги вазифаларидан саналади. Шу билан бир қаторда, маҳаллий Кенгаш сессияси кун тартибига аҳолининг арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминланиш ҳолатини ўрганиш масаласини олиб чиқиш бугунги кун талаби демакдир.
Эндиликда партия депутатлари нафақат ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиши, балки партия фаоллари билан биргаликда жойларга чиқиб аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиши ҳамда фуқаролар мурожаати юзасидан тегишли маҳаллий ҳокимликлар ва улар тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари юбориш орқали масалаларни ҳал қилишига доир вазифа фаолиятимизда янгича иш услуби ва ёндашувни талаб этади.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартиби муҳокамасига ечимини кутаётган муаммолар бўйича масалалар киритиб, уларнинг ижобий ҳал этилишига эришиш долзарб аҳамиятга эга саналади.
Танқидий руҳда ўтказилган фаоллар йиғилишида шаҳар партия ташкилотининг ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани ҳам қайд этилди.
Йиғилиш якунида партия фаоллари ҳамда депутатлик корпусининг биргаликда халқ ишончини оқлашга қаратилган масъулиятини янада ошириш, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан аниқ амалий ишларни бажариш, айниқса, ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари партия тизими ҳамда депутатлик корпуси ишини кучайтириш борасидаги масалалар юзасидан аниқ таклифларни ўртага ташлаб, фикр алмашдилар.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ: 548 нафар кўнгилли 138,3 литр қон топширди Аввал хабар берганимиздек, жорий йил юртимизда карантин чоралари қатъий бе...
01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади....
01 янв 1970
Ўтган йилда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилиг...
01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...