Глобаллашув. Ёшлар маънавияти. Мафкуравий иммунитет

/
Ўзбекистонда навқирон авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, бугунги глобаллашув ва тез суръатлар билан ўзгариб бораётган мураккаб ва шиддатли даврда мамлакатимиз ёшлари маънавиятини турли таҳдидлардан асраш, уларнинг халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятини англаб етиши, ушбу воқеликлар юзасидан холис ва мустақил фикрга эга бўлиши, тўғри ва мақбул хулоса чиқара олиш салоҳиятини шакллантириш ҳамда ривожлантиришда оила — маҳалла — таълим муассасаси ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш баробарида кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда ўрни ва роли ошиб бораётган жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини ошириш долзарб аҳамият касб этади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Глобаллашув жараёнлари ва ахборот асрида ёшлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг маънавий-маърифий ва ғоявий жиҳатлари” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий конференциясида шу ҳақида сўз борди.
“Соғлом она ва бола йили”га бағишлаб ташкиллаштирилган мазкур конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, университет ўқитувчи ва олимлари, ёш тадқиқотчилар, талабалар ва партия фаоллари иштирок этди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ходиев тадбирни кириш сўзи билан очиб берар экан, бугунги глобаллашув шароитида маънавий-ахлоқий тарбия тизимини янада бойитиш, таълим-тарбия жараёнлари самарадорлигини кучайтириш, навқирон авлоднинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш масалалари давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда маҳалла фаолларининг устувор вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлади.
— Бинобарин, эртанги кунимизнинг эгалари бўлмиш ёш авлод вакилларида юрт тараққиёти, жамият ривожи учун дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий дунёқарашини бойитиш, дунёда юз бераётган турли воқеликлардан тўғри хулоса чиқара олишлари ҳамда энг асосийси, мамлакатимизда тинчликни таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини чуқур англашлари, эришилган натижаларни асраш, мустақиллигимизнинг қадрига етишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди нотиқ ўз кириш сўзида. — Айни пайтда Юртбошимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, “Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллар орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас”. Ушбу пурмаъно фикрлардан келиб чиқиб, ёшларимизни четдан кириб келувчи турли мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қилиш, турли сиёсий куч ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилмасликлари учун уларни юксак билим ва соғлом фикр билан қуроллантиришимиз, ёшларимизнинг юртни тараққий эттириш, ривожлантириш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Анжуманда сўз олган маърузачилар глобаллашув шароитида таълим муассасаларида, маҳалла ва оилаларда таълим-тарбия жараёнларининг самараси ва сифатини кучайтириш, глобал тармоқда миллий сегментни бойитиш, ёшларимизнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш юзасидан янгича ёндашиш масалаларининг назарий ва амалий жиҳатларини муҳокама этишди. Хусусан, ёшлар ижтимоий фаоллигини оширишда миллий ғоя тарғиботининг ўрни, бу борада сиёсий партияларнинг роли ва иштироки ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришди.
— Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган, — деди партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси Умид Сулаймонов. — Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Партиямизнинг бош вазифаларидан бири — мамлакатимиз таълим тизимидаги фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига хизмат қиладиган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига мос мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат. Бугунги кунда ушбу вазифа ва ғоядан келиб чиқиб, жойларда ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари томонидан ёшларни маънавий таҳдидлардан асраш, уларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, иқтидорли ва ташаббускор, изланувчан ёшларни партиямиз сафига жалб этишга қаратилган давра суҳбатлари, учрашувлар, конференциялар ўтказилмоқда. 2016 йилнинг биринчи чораги ҳолатига кўра, республикамизда партия фаоллари томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик”, “Талабанинг кичик инновацион корхонаси”, “Фарзандлари соғлом юрт — қудратли бўлур”, “Яхши касб — етук мутахассис— муносиб иш ҳақи” лойиҳалари доирасида ўтказилган 370 га яқин тадбирлар, давра суҳбатларида 27 мингдан зиёд ёшлар иштироки таъминланди. Бундай тадбирларда партиямизнинг парламентдаги вакиллари, маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари фаол иштирок этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Қолаверса, партиядан сайланган депутатлар ёшларимизни қўллаб-қувватлаш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурларининг ижроси юзасидан назорат-таҳлил ишларини юқори даражада олиб боргани электоратимиз манфаатларини муносиб ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этди, десак янглишмаймиз.
Конференция иштирокчилари ялпи ва шўъба мажлисларида 20 дан ортиқ маърузаларни муҳокама этишди. Тингланган маърузалар юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, тадбир доирасида “Энг мазмунли маъруза”, “Нотиқлик маҳорати”, “Энг яхши тақдимот” йўналишлари бўйича ғолиб деб, топилган фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Анжуман якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шалдироқ”, “Ибн Сино” МФЙлар аҳолиси билан жонли мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Ўрганишлар натижасида “Наврўз” ШФЙ ҳудудида жойлашган 11-сонли “Шодлик” мактабгача таълим муассасаси биноси ачинарли аҳволг...
01 янв 1970
Уюшмаган ёшлар ўз муаммосини ҳал этишда “Адолат” СДПга ишонмоқда
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муно...