Партиянинг сўзи, иши ва қадри ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги билан белгиланади

/
Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги кўппартиявийлик давлат ва жамият қурилишидаги қатор масалаларга жавоб топиш, халқ ҳокимиятчилиги, парламент фаолиятини кучайтириш орқали фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий ислоҳотларни изчил амалга ошириш баробарида демократик қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хўш, салкам чорак асрдан буён давом этиб келаётган сиёсийлашув жараёнлари соғлом партиявий рақобатга, фикрлар хилма-хиллигига, жамият тараққиётининг янги, қулай моделларини таклиф этишга йўл очибгина қолмай, халқнинг ташаббускорлигини руҳлантиришга, рағбатлантиришга қай даражада кўмаклашаяпти? Сиёсий партиялар вакиллари кеча ўз зиммаларидаги вазифаларни қандай уддалаган эдилару бугун мамлакат миқёсидаги жадал Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлашда қандай иштирок этмоқдалар?
“Адолат” СДП: уч авлод, уч фикр” деб номланган янги рукнимиз орқали партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши фаолиятида турли йилларда рўй берган ўзгаришларни, мантиқий натижаларни қиёслашга ҳаракат қилдик. Сўровномамиз саволлари ҳам учтани ташкил этди. Яъни: “Сиз партияда қачон фаолият бошлагансиз? Партия сизга нимани ўргатди? Сиёсий ислоҳотлардан қандай сабоқ чиқараяпсиз?” Қизиқарли таклифлар, иш юритишдаги янгича сиёсий ёндашувлар, услублар тилга олинган суҳбатимиз сизга маъқул бўлади, деган умиддамиз.

Жуманиёз АЛИБЕКОВ,
партия фахрийси:

— Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман. Ўшанда, аниқроғи, 1995 йилда мен “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг тавсиясига биноан партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши биринчи котиби этиб сайланганман. Жамиятдаги илк ислоҳотлар, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш, иқтисодиётда хусусий мулк шаклларини қарор топтириш, давлат ҳисобидаги, аммо ҳаракатсиз қолиб келаётган корхоналарни қайта ишга тушириш, аграр соҳанинг қадрини тиклаш сингари мураккаб вазифаларни таъминлаш учун халқнинг ташаббускорлиги, фаол иштироки талаб этилаётган пайт эди. Шунда биз — партия фаоллари энг яхши таклифларни аниқлаб олиш, фикр ўрганиш мақсадида сиёсий тарғибот ва мулоқотларни бевосита маҳаллаларга, меҳнат корхоналарига, жамоат ташкилотларига кўчирганмиз. Одамларга партиянинг, сиёсий ислоҳотларнинг мақсад-вазифаларини тушунтирганмиз. Ҳар сафарги учрашувларда янги маслакдош орттириб, партия сафини кенгайтиришга эришардик. Биргаликда БПТларга асос солинган. Ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларида илк депутатлик гуруҳларини шакллантириб, улар билан мунтазам ҳамкорлик қилишни бошлагандик. Шу тариқа сиёсий фаолиятни шакллантириб одамлар орасида “Адолатчи партия” деган ном олганмиз.
Бугун партиянинг сиёсий мақсад ва вазифалари янада теран мазмун касб этган. Партиянинг бир қатор лойиҳалари доирасида қилинаётган ишлар ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўзгаришларда маълум даражада акс этмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, қуёш фотоэлектростанциясини барпо этиш, боғдорчиликда томчилатиб суғориш усули (бундай майдонлар бугун 10 минг гектарга яқин)ни кенг йўлга қўйиш, инновацион таклифлардан фойдаланиб, саноат корхоналарини қайта модернизациялаш, олис қишлоқларда касаначиликни, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳар битта оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш сингари вазифаларни хал этишда партиядошларимиз ташаббускор бўлишмоқда.
Ҳудудда партиявий раҳбарлик давомида англаганим шу бўлдики, ёлғон ваъда беришдан кечиб, рост гапни айтсак, одамлар бизга эргашади. Ўзимиз биринчи бўлиб бошласак, бошқалар бизга янги-янги таклифлар билан келишади. Менинг уйим, менинг кўчам, менинг маҳаллам, менинг Ватаним деган тушунча ҳар бир юртдошимизнинг қалбига, онгига, шуурига сингиб, жамиятдаги улкан жараёнларга дахлдорлик пайдо қилишини истайман.
Яна бир натижадан мамнунманки, партиявий фаолият менга ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалаларга тор доирада эмас, умумдавлат, умумхалқ миқёсида қарашни ўргатди. Нотиқлик санъатини эгаллашимга ёрдам берди. Асл партия вакили учун сиёсий танаффус йўқлигини, ижтимоий муаммоларнинг қайноқ нуқталарида унинг учун ҳамиша иш топилишини тушуниб етдим. Шу боис бугун ҳам партия фахрийси сифатида ўз таклиф, ҳаракатларим билан “Адолат” СДП вилоят кенгашини қўллаб-қувватлашга интилиб келаяпман.
Фурсатдан фойдаланиб, партиядошларимга самимий истак ва маслаҳатларимни етказмоқчиман. Одамлар орасида бўлишдан, улардаги энг яхши хислат-фазилатларни рағбатлантиришдан, халқни улуғвор ишларга руҳлантиришдан асло чарчамайлик. Маҳалла — ҳар биримизнинг уйимиз, мадад олиш, бирлашиш учун борадиган жойимиз. Мен ҳар битта маҳалла биносида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб туришини истайман. Зотан, бу — Ватанни эслатиб турувчи масканда ватанпарварликка даъват этишнинг энг яхши ишорасидир.
Комила УМАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой тумани кенгаши раиси:

— Ёшим 35 да. Партиянинг бугунги ўрта бўғин авлоди вакили сифатида таъкидламоқчиманки, зиммамизда вазифалар ниҳоятда кўп, серқирра ва масъулиятли. Чунки мамлакатимизда барча соҳада жадал юксалишлар қаторида янгича сиёсий қарашлар, ташаббуслар ва илдам партиявий ҳаракатлар намоён бўлмоқда. Партия фаоллари ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли турмуши билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишда тобора чуқур манфаатдорлик билан дадил иштирок этмоқдалар. Бошқарувда очиқлик, шаффофликни таъминлаш учун ўз депутатлик гуруҳлари орқали раҳбар ходимларнинг ҳисоботини эшитишга, ижрони назорат қилишга астойдил интилмоқдалар.
Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашига сайланган 7 нафар депутатимиз фаолияти хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.
Шу йилнинг июль ойида маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлик гуруҳи таклифи асосида уюшмаган ёшлар муаммолари муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Қишлоқ врачлик пунктларида тез тиббий ёрдам бўлимларини моддий-техник қўллаб-қувватлаш, уларга махсус хона ва автомашина гаражи ажратиш ҳақидаги депутатларимиз таклифи ҳам сессия қарори билан мустаҳкамланди.
Биз сиёсий фаолият самарадорлигини ошириш учун янги шакл ва услубларни излаб топишга интилаяпмиз. Маҳаллаларда БПТлар ва депутатлар ҳамкорлигида қўшма қабуллар уюштираяпмиз. Партиянинг ҳар бир фаолига ўзи меҳнат қилаётган жамоада “Адолат” СДП лойиҳаси асосида мазмунли тадбир ўтказишни юклаяпмиз. Спорт майдончаларига оила аъзоларини жалб этиб, жисмоний тарбиянинг оммавийлигини оширишга муваффақ бўлаяпмиз.
Очиғи, партиявий иш менга кўп нарсаларни ўргатди. Илгари 12 йил коллежда ўқитувчилик қилган бўлсам, салкам бир йил давомида партия кенгашига раҳбарлик одамлар билан ишончли мулоқот ўрнатишга, муаммоларга ечим излашга одатлантирди. Муайян соҳадаги етишмовчиликни ҳамма ҳам танқид қилиши мумкин. Лекин партия ходими уни ҳал этишнинг энг қисқа ва аниқ йўлини таклиф эта олиши лозим. Туманда 1520 нафар партия аъзосини бирлаштирган 21 та БПТ билан ишлашда, улар фаолиятини партия кенгаши томонидан бошқаришда қуйи бўғиннинг ташаббускорлиги, ҳозиржавоблиги ва муаммога мустақил ечим таклиф этишини алоҳида ҳисобга олиб бораяпмиз.
Тоҳир ЎСАРОВ,
Пастдарғом тумани партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси:

— “Ёш адолатчилар” қаноти партия фаолиятига жўшқинлик, жозибадорлик олиб кираяпти, ёшлар ўртасида сиёсий маслакдошликни пайдо қилаяпти, десам, албатта ишонинг. Пастдарғом туманида “Ёш адолатчилар” қанотининг 360 нафар аъзоси бор. Уларнинг ҳар бири муайян касбга, қизиқиш ва машғулотга эга..
Биз сафдошларимиз билан маслаҳатлашиб, “Ёш адолатчилар” қанотининг пресс клубини ташкил этганмиз. Клубда ёш журналистлар, сиёсатчилар, шоир ва ёзувчилар иштирокида ҳар сафар ижтимоий ҳаётнинг бирор-бир муаммоли масаласини муҳокама этамиз. Клуб йиғилишига мавзу йўналиши ва алоқадорлигидан келиб чиққан ҳолда тегишли хизмат кўрсатиш, коммунал, тиббий ва таълим соҳаси вакилларини ҳам жалб этиб, камчиликни ҳал этишнинг энг мақбул йўлини биргаликда излаймиз. Лозим топилганда экспертларни таклиф этамиз.
“Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятининг самарадорлиги ҳақида гапирсам, шу йилнинг 10 ойи давомида 100 нафар уюшмаган ёшларнинг ижтимоий муаммосини ҳал этдик. Хусусан, “Қаршиобод” маҳалласида яшовчи 26 ёшли фуқаро Муҳаммад Юнусовга тижорат банкидан 25 миллион сўм кредит маблағи олиб, акфа цехи очишга ёрдам бердик. “Олти қаҳрамон” маҳалласидан фуқаро Достон Шодиёровга, “Янгиобод”лик Севара Омоновага эса фуқаролик паспорти олишларига кўмаклашдик.
Хўш, партия сафида ишлаш менда қай одат, кўникмаларни пайдо қилди? Уч йиллик фаолиятимдан қандай хулоса чиқаришим мумкин?
Энг аввало, сиёсий воқеаларга бефарқлигим тамоман йўқолди. Ўзимни улкан ўзгариш, янгиланишлар марказида тургандек ҳис эта бошладим. Энг муҳими, партия орқали мен ўзимни жамият, тараққиётининг зарур винти, ҳаракатдаги кучи, деб ҳисоблайдиган бўлдим. Бу эса ҳар тонг янги режалар билан ишга отланишимга, ҳаётдан туганмас завқ ва мазмун олишимга ёрдам бераяпти.
“Adolat” мухбири
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ўнга яқин қонунларни қабул қилдик....
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек,  “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Жамиятимизнинг барча соҳалари босқичма-босқич ислоҳ этилаётган ҳозирги даврда энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича с...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган анъанавий “Адолат билимдон...