Партия фаолиятини такомиллаштиришнинг амалий механизмларини кучайтириш омиллари

/
Наманган вилоятида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган вилоят, шаҳар ва туманлар ҳамда бошланғич партия ташкилотларининг иш тажрибасини ўрганишга ва оммалаштиришга бағишланган республика ўқув-амалий семинари иш бошлади.
Сиёсий партиялар учун мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида дастурий вазифаларини рўёбга чиқариш, аҳоли ва электорат билан ишлаш усулларини такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишида янада самарали иштирок этиш фаолиятнинг муҳим шарти эканлиги барчага аён. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкилий-партиявий ва мафкуравий-тарғибот ишларини олиб бориш, партия депутатлари фаоллигини ошириш, партиявий ишларда ижро интизомига риоя этиш борасида партия ташкилотларининг ижобий тажрибаларини ўрганиш, кадрларнинг салоҳияти ва малакасини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш жоиз.
Наманган шаҳрида ўтказилаётган навбатдаги республика ўқув-амалий семинарида ҳам партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини ўрганиш ва ижобий тажрибани партия тизимида оммалаштириш асосий мақсад қилиб қўйилган.
— Семинарни ўтказиш учун ушбу ҳудуд танлангани бежиз эмас, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказаий аппарати бўлим мудири Муҳаммаджон Жўраев.
— Маълумки, шу йилнинг март-апрель ойларида жойлардаги ҳудудий, маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотларининг моддий-техник базаси, улардаги иш юритиш ҳолати ва кадрларнинг салоҳияти сифат ва миқдорий кўрсаткичлар асосида ўрганиб чиқилганди. Ана шу жараёнда Наманган вилояти партия ташкилотларида ташкилий-партиявий ва мафкуравий-тарғибот, партия офисларининг жиҳозланиши бўйича ижобий тажрибалар тўпланганлиги маълум бўлди. Мазкур семинар бу тажрибаларни намуна сифатида кўрсатиш имконини беради.
Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Семинарнинг биринчи куни, яъни 19 майда иштирокчилар тўрт гуруҳга бўлиниб, Наманган вилоятининг туман, шаҳар ва бошланғич партия ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сайёр семинар давомида партия ташкилотлари етакчилари ташкилий-партиявий ишларни юритиш, аҳоли ва электорат билан ишлаш, депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, БПТларга услубий ва амалий кўмаклашиш борасида ўзаро тажриба алмашдилар.
— Биз андижонлик ва навоийлик ҳамкасбларимиз билан бирга Уйчи, Учқўрғон, Норин туманлари партия ташкилотларининг фаолияти билан яқиндан танишдик, — дейди Бухоро вилояти Когон туман партия кенгашининг раиси Зубайдулло Шарипов. — Айниқса, норинлик партиядошларимиз олиб бораётган ишлар бизга маъқул тушди. Норин туман партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Абдували Мавлонов тумандаги маслакдошларимизнинг фаолияти билан бизни яқиндан таништирди. Ўтган сайловда норинлик сафдошларимиз халқ депутатлари туман Кенгашида партия гуруҳи тузишга эришдилар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари орасида ҳам шу тумандан сайловчилар ишончига сазовор бўлган вакил бор. Туманда партия аъзолари сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Семинар иштирокчилари туман партия кенгашининг янги очилган идорасини ҳам кўздан кечирдилар. Хона чиройли ва шинам қилиб жиҳозланган. Партия Сиёсий Кенгаши, вилоят ва туман партия ташкилотларига бағишланган фотостендлар эътиборингизни тортади. Алоҳида “Депутатлар бурчаги” ҳам бор. Керакли адабиётлар, партия тарихи, мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнлар ҳақида маълумотлар етарли. Замонавий мебель жиҳозлари, янги компьютер тўплами ишни юқори даражада олиб бориш имконини беради.
Семинар қатнашчилари Наманган шаҳар партия ташкилоти фаолияти билан ҳам танишдилар. Кейинги икки йил мобайнида бу ерда партиявий ишлар марказини бевосита аҳоли истиқомат жойлари – маҳаллаларга кўчириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилгани кўпчиликка манзур бўлди. Масалан, “Гулбоғ” маҳалласида тузилган бошланғич партия ташкилотини олайлик. Дастлаб бу ерда бор-йўғи ўн нафар сафдошимиз бор эди. Ҳозир эса уларнинг сони етмиш кишига яқинлашиб қолди.
— Аъзоларимизнинг асосий қисмини ҳудудимизда жойлашган педагогика коллежи ва 26-умумтаълим мактабининг муаллимлари ташкил этади, — дейди БПТ раиси Тўхтасин Каримов. — Уларнинг аксарияти маҳалламизда истиқомат қилади. Бу аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишда, айниқса, ёш авлодни тарбиялашда жуда қўл келмоқда. Чунки педагог сафдошларимиз ҳамиша тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйишда ёрдамларини аямайдилар. Шу боис ҳудудимизда ижтимоий муҳит тобора яхшиланиб, аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб бормоқда.
Куннинг якунида барча семинар иштирокчилари Наманган шаҳрига йиғилдилар ва ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмасининг мажлислар залида партиянинг Наманган вилояти туман, шаҳар кенгашлари ва БПТларида амалга оширилаётган ишлар хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Сўзга чиққан семинар қатнашчилари Наманган вилоятидаги партия ташкилотларининг фаолияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
— Уйчи туманида бўлганимизда кадрлар билан ишлаш масаласи тўғри йўлга қўйилганига ишонч ҳосил қилдик, — деди Андижон вилоят партия кенгаши раиси Паттохон Асханов. — Кенгаш атрофида кўплаб фаоллар жипслашгани маъқул келди. Айниқса, етмиш ёшли отахон Аҳмаджон Юсуповнинг фахрий сифатида сафдошларимизга ёрдам кўрсатаётганига қойил қолдик. Туман электр тармоқлари корхонаси қошида тузилган БПТ фаолияти ҳам ибратли экан. Бу ерда фаолият кўрсатаётган 67 кишидан иборат бошланғич ташкилот аъзолари барча соҳада жамоада ибрат кўрсатмоқдалар. Барча керакли адабиётлар ва кўргазмали тарғибот воситалари билан жиҳозланган БПТ хонаси негизида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш учун имкониятлар етарли.
— Кейинги пайтда БПТ фаолиятини такомиллаштириш юзасидан Учқўрғон туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлдик, — деди Сурхондарё вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов. — Тиббиёт бирлашмасидаги сафдошларимиз сони уч юз кишидан ошибди. Айни пайтда бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган фуқаролардан партияга кириш истагини билдираётганлар сони ортиб бораётгани қувонарлидир. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошида тузилган БПТ аъзоларининг баркамол авлод тарбияси йўлида олиб бораётган ишлари билан бевосита танишдик. Бу борадаги тажрибани оммалаштирса арзийди.
Шу куни Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Норин, Учқўрғон туман партия кенгашларининг янги идоралари тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу тадбирларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Наманган вилоят партия кенгаши раиси Олимжон Мақсудов, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари, фаоллар ва семинар қатнашчилари иштирок этдилар.
Семинар ўз ишини давом эттирмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
«Adolat» мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулияти ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши фаоллари “Кексалар доим ардоғимизда” лойиҳаси доирасида тумандаги меҳнат фахрий...
01 янв 1970
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари сессияларда фаол иштирок этишди. ...
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...