Ваколатга муносиб фаолият қуйи бўғинга фуқароларнинг ишончини оширади

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз дастурида белгиланган ғояларни ҳаётга татбиқ этишда ижтимоий шерикларига, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга муҳим вазифа сифатида қарамоқда. Бунда, хусусан, маҳаллаларда иш олиб бораётган бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш муҳим ўрин тутади.
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалласида “Адолат” социал-демократик партиясининг бошланғич ташкилоти ва жамоатчилик қабулхонаси самарали фаолият юритиб келмоқда. Маҳалла аҳлининг эътироф қилишларича, БПТнинг барча аъзолари фаол ва ташаббускор. Уларнинг саъй-ҳаракати боис ўтган йилнинг ўзида маҳалладошларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга доир 30 дан ортиқ мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
Шу кеча-кундузда ҳам партия фаоллари шаҳардаги ўнга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб, аҳоли томонидан билдирилаётган таклиф ва истаклар ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишда ижобий натижаларга эришмоқда. БПТ фаоллари аралашуви билан маҳалладаги “Ҳуснобод”, “Маҳаллот”, “Тошқудуқ”, “Лалмикор” кўчаларида яшовчи оилаларда табиий газ, тоза ичимлик суви таъминотига доир муаммолар ҳал этилиб, ички йўллардаги носозликлар таъмирланаяпти. Бунинг учун БПТ аъзолари мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишгач, ободончилик, қолаверса, мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун маблағ ҳам, ҳомийлар ҳам топилди. Жорий йилнинг ўзида “Ҳуснобод” ва “Тошқудуқ” кўчаларида бир километр масофадаги пиёдалар йўлакчасига асфальт, йўл чеккасидаги ариқларга эса йўлсозлик корхонаси ва ободонлаштириш бўлими томонидан бетон қопламалар ётқизилди.
БПТ аъзолари бурчга масъулият билан ёндашадиган ишбилармон, фидойи кишилар. Улар бирор масала юзасидан йиғилиш ёки тадбир ўтказишмоқчи бўлишса, кўпчилик маҳалладошлар ҳам қатнашадилар, бу эса партиядошлар у ёки бу масала ечимида фуқароларнинг ишончини қозонганидан ҳам дарак беради.
Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари кўмагида ҳудуддаги тиббиёт муассасалари, мактаблар, шаҳар санитария-эпидемиология назорати маркази ва бошқа ташкилотларда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида БПТ томонидан 10 га яқин тадбирлар ташкил этилди. “Соғлом она — соғлом бола”, “Соғлом бола — миллат келажаги”, “Соғлом оилани шакллантиришда маҳалланинг ўрни” ,“Оила — саодат сарчашмаси”, “Аёлларга эътибор — миллатга эътибор”, “Истиқболли ёшлар Ватан тараққиёти гаровидир” каби мавзулардаги тадбирлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Айни пайтда БПТ фаоллари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг адолат, ошкоралик, тенглик каби тамойиллар ҳамда қонунларда белгиланган талаблар асосида ўтишига ҳам ҳисса қўшмоқдалар.
Бугунги кунда маҳаллада 100 га яқин кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар томонлама замон талаби асосида иш юритишлари учун БПТ аъзолари керакли ёрдамини аяшмаяпти. Шу сабабли “Маҳаллот”да кенг кўламли тадбиркорлик ривож топмоқда. Йил сайин янги-янги савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчалари, ошхона, тикувчилик цехлари, замонавий хизмат тармоқлари кўпаймоқда. Бунинг эвазига шу йилнинг ўтган ойларида БПТ ҳамда маҳалла фаоллари ташаббуси билан 30 нафар хотин-қизлар ва ёшлар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди.
Маҳаллада фуқароларнинг оғзаки мурожаатлари ҳам ўз вақтида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаяпти. Масалан, шу маҳаллада истиқомат қилаётган Саид ота Халитов кексаларнинг пластик карточкадан нақд пул олишларида банкда муаммолар юзага келаётгани хусусида оғзаки мурожаат қилиб, амалий кўмак сўраган. Ушбу масала бўйича БПТ фаоллари Марказий банкнинг вилоят бошқармасига мурожаат қилишди ва натижада муаммо ўз жойида ечим топди.
Ҳа, бугун демократик жараёнлар билан боғлиқ ҳар бир ҳаракат, аввало, маҳаллада олиб борилаётган ишларда ўз аксини топиши биз қураётган фуқаролик жамиятининг пойдевори мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Буни чуқур англаган жонкуяр маслакдошларимизнинг ташаббускорлиги натижасида ҳудудда партияга ишонч ортиб, хайрихоҳлар сафи кенгайиб бораётир.
Бошланғич партия ташкилотида партиявий-ташкилий ишлар замон талаби асосида йўлга қўйилаётганлиги эътиборга молик. Вилоят партия кенгаши томонидан бу ерда ўтказилган “Бошланғич партия ташкилотининг ижтимоий-сиёсий соҳадаги вазифалари ва уларнинг самарадорлигини ошириш йўллари” мавзусидаги тадбирда шаҳардаги бошланғич партия ташкилотлари вакиллари “Маҳаллот” маҳалласида амалга оширилаётган ибратли ишлардан воқиф бўлдилар. Тадбир давомида фаоллар ўзаро тажриба алмашиб, БПТлар фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни очиқ-ойдин айтиб ўтдилар. Мазкур тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, БПТ раислари, партия фаоллари ва хайрихоҳларимиз ҳам иштирок этди.
— Бошланғич партия ташкилотлари халқ орасига дадил кириб бориши лозим, — деди тадбирда “Жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида бошланғич партия ташкилотларининг фаоллигини ошириш масалалари” мавзусида маъруза қилган партиянинг вилоят кенгаши раиси Абдуқаҳҳор Аҳмедов. — Жумладан, БПТлар ижтимоий, сиёсий вазифаларини амалга ошириши, давлат дастурларини ижро этишда фаол қатнашишида шаҳар партия кенгаши ўз таркибидаги бошланғич партия ташкилотларига ҳар томонлама кўмакчи, фаол ҳамкор бўлмоғи лозим.
— БПТларни партиянинг ижтимоий-сиёсий лойиҳаларига кенг жалб қилиш ҳам яхши самара бермоқда, — деди халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Акмал Бобоев. — Шу билан бирга, БПТлар етакчиларининг сиёсий савияси, профессионал маҳоратини ошириш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрилиши, жумладан, бу борада партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан БПТ раислари учун ўтказилаётган сиёсий ўқувлар амалий аҳамият касб этади.
Йиғилишда электорат ҳамда партия ғояларига хайрихоҳ бўлган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий масалаларни ечишда бошланғич партия ташкилотлари билан маҳаллий Кенгаш депутатларининг алоқаларини кенгайтириш, ижтимоий масъулиятни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Айни пайтда шаҳарда 1911 нафар сафдошларимиз бор, БПТлар эса 46 тани ташкил этади. Партиядошларимиз йил якунигача маслакдошлар сонини 2300 нафарга, БПТларни эса 50 тадан ошириш ҳаракатини кўришаяпти.
Тадбир давомида “Адолат” СДП Қарши шаҳар кенгаши таркибидаги бошланғич ташкилотлар жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида нечоғлик иштирок этаётганлиги таҳлили ҳам қизғин кечди.
Муҳокамаларда фаоллардан ўайрат Ўринов, Рустам Ҳошимов, вилоят партия кенгашининг “Аёллар қаноти” етакчиси Азима Зайнуддинова, БПТ етакчиси Сабина Ермаковалар сўзга чиқиб, бошланғич партия ташкилотлари ишини жонлантириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, йирик БПТларда партия депутатлик гуруҳларининг кўчма мажлисларини ташкил этиш, уларнинг ташаббус ва таклифларини ўрганиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш ва БПТлар фаолиятини мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш каби масалалар алоҳида қайд этилди.
Зеро, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида кечаётган ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашда, ўз мавқеини мустаҳкамлаш орқали партиямиз нуфузини оширишда бошланғич партия ташкилотлари жонкуярлик кўрсатиб ишлаши муҳим вазифа саналади. Шунингдек, ҳар бир БПТ жойларда жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўз ўрнига эга тузилма даражасида фаолият олиб бориши зарур.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Булунғур туманидаги ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида 12 та маҳалланинг минг нафардан зиёд ёшлари ўқийди...
01 янв 1970
Бошланғич партия ташкилотларининг электорат билан яқин алоқада ишлашини назарда тутсак, БПТларнинг сиёсий куч мақсадларини рўёбга чиқаришдаги ҳал қ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг май ойида вилоятимизнинг Бешариқ туманидаги “Ҳамид Олимжон” маҳалласида сафдошларимиз жонбозлигида яна бир янги бошланғич...
01 янв 1970
Партиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш сиёсий кучнинг қуйи бўғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ушбу таянч тузилмалар сони кўпайишига эришиш...