Ижтимоий ҳамкорлик амалий натижалар бермоқда

/
Республикамизнинг барча ҳудудларида партия электорати манфаатларига сидқидилдан хизмат қилувчи ва дастурий мақсадларимиз ижроси учун курашувчи қуйи бўғин — БПТларнинг самарали иш олиб боришига эришиш сиёсий куч фаолиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят ташкилоти таркибида партиявий ишларда ибрат кўрсатаётган БПТлар борлиги шаҳар ва туманларда партиямизга бўлган ишончни янада оширмоқда.
Қўқон шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиника қошидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бошланғич партия ташкилоти ана шундай фаол тузилмалардан бири саналади. 2011 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ушбу БПТ олти йил ичида Қўқон аҳли ишончини қозонишга улгурди. Дастлаб 5 нафар сафдошимиз билан иш бошлаган БПТ аъзолари бугунги кунда 30 нафарга етди. Шифокор партиядошларимиз “Аввало, ҳар бир БПТ шу ҳудудда мавжуд муаммолар ҳал этилишига ўз ҳиссасини қўшиши лозим”, деб таъкидлашади. Бу фикр уларнинг амалий ишларида ҳам акс этмоқда.
Шаҳардаги ёш оилаларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, турли касалликларни юзага келтириш эҳтимоли бўлган омиллар, соғлом турмуш тарзига путур етказувчи ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, бартараф қилиш доим БПТ аъзоларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб ўндан ортиқ маҳаллаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар жараёнида фуқароларнинг ижтимоий масалаларга доир 23 та мурожаати БПТ ёрдамида мутасадди ташкилотлар ва мансабдор шахслар, партия депутатларига етказилди.
Жумладан, шаҳардаги “Собир Абдулла” маҳалласи, “Қозоқ” кўчаси, 30-уйда яшовчи фуқаро Аъзамжон Йўлдошевнинг ногиронлик аравачаси билан таъминланиши, “Ноиб кўприги” маҳалласи ички кўчаларини асфальтлаштириш вазифаси манзилли дастурга киритилиши, “Бунёдкор” маҳалласидаги 29-умумтаълим мактабига газ етказиб берилиши каби масалаларда партия депутатлари томонидан мутасадди ташкилотларга чиқарилган депутатлик сўровлари ижобий натижа берди.
— Йил давомида маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда аҳолининг кенг қатлами эътиборига касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тарғибот тадбирлари ташкил этилди, — дейди оилавий поликлиника бош патронажи, БПТ фаоли Барно Муродова. — Жумладан, март ойида БПТ бошчилигида шаҳарнинг “Саодат” маҳалласида партиямизнинг “Соғлом оила — соғлом жамият — порлоқ келажак” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун фойдали бўлди. Тадбирда халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва оилавий поликлиникалар, вилоят силга қарши кураш диспансери вакиллари фаол иштирок этдилар. Шу куни қон таҳлили, “УЗИ”, “ЭКГ” бўйича малакали шифокорлар, онкологлар, кўчма рентген автомашинаси кун бўйи маҳалла аҳолиси ихтиёрида бўлди ва 370 нафардан зиёд хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур БПТ уч йилдан буён маҳаллалардаги ижтимоий ҳимоя ва тиббий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш мақсадида “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ана шундай ҳамкорлик натижасида бугунги кунга қадар жойларда 11 маротаба тиббий кўрик ўтказилди ва хайрия маблағлари ҳисобидан 133 та хонадонда яшовчи ўсмирлар, хотин-қизлар, кексалар ва ҳомиладор аёллар кальций етишмаслиги, витаминоз, хафақон, камқонлик, йод танқислиги, дармонсизлик каби турли касалликларга қарши қўлланувчи дори воситалари билан таъминланди.
— Партия тизимида “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган “Электорат билан юзма-юз мулоқот” кунлари БПТ ишида ҳам яхши самара бермоқда, — дейди 3-сонли оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори, БПТ раиси Фаррух Мамажонов. — Масалан, апрель ойида “Олтин водий” маҳалласида олиб борилган мулоқотларда маҳаллада кичик бизнес йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлардан 12 нафари билан суҳбатлашдик. Уларнинг ютуқларини ўрганиш баробарида тадбиркорликни кенгайтириш хусусида таклиф ва муаммолари ҳам таҳлил қилинди. Тадбиркорларнинг аксарияти иссиқхона ташкил этиш йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш ва махсус ўқувлар жорий этиш, бу борада ривожланган мамлакатлар билан тажриба алмашиш зарурлиги ҳақида таклиф билдирдилар. Шу билан бирга, мебель жиҳозлари тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларида аниқланган бўш иш ўринларига БПТга иш масаласида мурожаат қилган 3 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари жалб этилди.
Бошланғич партия ташкилотининг маҳаллий ОАВлар билан ҳамкорлиги ҳаётий аҳамиятга эга саналади. Бошланғич партия ташкилотининг тингловчи ёки газетхонларга яқин эканлиги, сафдошларимиз билан бевосита алоқа ўрнатиш осонлиги, шу билан бирга, фуқаролар фаолларнинг амалий ишларидан хабардорлиги, тузилма сифатида БПТ ҳудудда ўз ўрнини топиб улгурганлигини назарда тутсак, бундай ҳамкорликнинг туб моҳиятини теран англаймиз. Шу боис БПТ аъзолари фаолиятга ижобий таъсир этувчи ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга эътибор қаратишмоқда.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун қишлоқдаги аграр ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инновацион ғоя ва янги технологияларни жорий этишга қаратилганлиги билан қимматлидир...
01 янв 1970
Булунғур туманидаги ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида 12 та маҳалланинг минг нафардан зиёд ёшлари ўқийди...
01 янв 1970
Маълумки, тиббиёт ходимлари Ўзбекистон “Адолат” СДП электоратининг кўпчилик қисмини ташкил қилади....
01 янв 1970
Жорий йилнинг май ойида вилоятимизнинг Бешариқ туманидаги “Ҳамид Олимжон” маҳалласида сафдошларимиз жонбозлигида яна бир янги бошланғич...