Ҳудудий ташкилотнинг таянч бўғини Асака туманида яна иккитага кўпайди

/
Асака тумани ободонлаштириш бошқармасига қарашли “Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўлими”да ишлаётган 50 нафар ходимнинг барчаси Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлишди. Бир пайтнинг ўзида бутун жамоа билан сиёсий куч сафига бирлашиш истагини юзага келтирган омил — партиянинг халқчил ғоялари бўлди. Шу муносабат билан бўлимда ҳудудий ташкилотнинг янги таянч бўғини – БПТ ташкил этилди. Унга Шаҳноза Назарова раис этиб сайланди.
Жамоа бўлиб “Адолат” партияси сафига кириш туманда ягона ҳол эмас. Бундан бир ой аввал “Қадрият” маҳалласида ҳам шундай бўлган эди. Тумандаги 39-мактабгача таълим муассасасида ишлаётган 50 нафар хизматчи “Адолат” СДПга кириб, “Қадрият” маҳалласи қошида партиянинг қуйи бўғинини ташкил этишганди. Айни пайтда янги БПТ мазкур мактабгача таълим муассасаси мудири Насиба Тўйчиева раислигида фаолият юритмоқда.
Маълумки, Асака — Андижон вилоятидаги жадал тараққий этиб бораётган салоҳияти юксак, истиқболи порлоқ туманлардан бири. Бу ерда, айниқса, автомобилсозлик кенг ривожланган. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари янги босқичга кўтарилган. Юртимизда кечаётган туб ўзгаришлар ва янгиланишларнинг ҳаётбахш нафаси туман аҳлини янги марра ва ютуқларга руҳлантирмоқда. Бу саъй-ҳаракатда ўз сафига 754 нафар партия аъзосини бирлаштирган Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши ҳам фаол иштирок этмоқда.
— Ўзбекистон – бахтиёр мамлакат. Биз эса шу бахтиёр юртнинг бахтли фарзандларимиз, — дейди Асака тумани партия кенгаши раиси Меҳринисо Каримова. – Тинч-осойишта замонда эмин-эркин фаолият кўрсатиб, орзу-мақсадларимизга эришаяпмиз. Яхши яшаяпмиз. Бошқалар бизга ҳавас қилмоқда. Бу ҳам, албатта, мустақиллик инъоми.
Истиқлол йилларида юртимизнинг дилбар гўшаси бўлган Асака тумани ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Обод қишлоқларимиз чирой очиб, гуллаб-яшнади. Замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган янги массивлардаги кўплаб намунали уйлар эл ободлиги ва фаровонлигининг кўзгусига айланди. Кенг ва равон серқатнов йўлларда яратилган қулайликлар, бунёдкорлик, меъморлик соҳаларида олиб борилган ишлар кўнглимизни нурафшон этди. Зеро, бизнинг партиямиз ҳам чинакам халқ иши, юрт равнақига бел боғлаган сиёсий куч ҳисобланади. Ўзбекистон “Адолат” СДП иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши – аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолати, деб билади. Партиямизнинг Сайловолди дастурида иқтисодий ўсиш натижалари аҳолининг турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга хизмат қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланган. Шу мақсадда партиямиз ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, яъни ижтимоий йўналтирилган иқтисодий лойиҳа ва дастурларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тарафдори сифатида ҳар бир минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг аниқ ва самарали бажарилишини таъминлашни муҳим вазифаларидан бирига айлантирган. “Адолат” СДП ғояларини қўллаб-қувватлаётган, партиявий ишларни кучайтираётган сафдошларимизнинг турли соҳаларда фаолият кўрсатиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари бизга мамнунлик бағишлайди.
Асака тумани партия кенгаши бугунги кунда 12 та БПТни ўзида бирлаштирган. Бу қуйи бўғинлар ҳудудий ташкилотнинг мустаҳкам таянчига айланиб бормоқда. Уларда фаолият кўрсатаётган сафдошларимиз “Адолат” СДП ғоялари, мақсад ва вазифаларини изчил тарғиб этиб, аҳоли, кенг жамоатчилик, шу жумладан, ёшлар ўртасида бугунги куннинг долзарб масалалари юзасидан тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб боришаяпти. Маслакдошларимиз сиёсий жараёнларда фаол бўлишга интилмоқда. Айниқса, бу борада халқ депутатлари Асака тумани Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, ўз ишини пухта билган партия фаоллари ташаббускорлик кўрсатмоқда. Асака туманида тузилган иккита янги бошланғич ташкилотнинг ҳам келгусида ўз ибратли ишлари билан фуқаролар ишончи, эътиборига сазовор бўлиши учун етарли имкониятлар бор.
— Жамоамиз Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган, — дейди туман ободонлаштириш бошқармаси “Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўлими” бошлиғи, “Адолат” СДП аъзоси Равшанбек Саримсоқов. — Ушбу қарор талабларига асосан 50 дан зиёд иш ўрни яратиб, туманимиз аҳолисининг учдан бир қисми, яъни 85 минг нафардан зиёд истеъмолчига хизмат кўрсатишга эришдик. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва кўмиб ташлашни ташкил этиш, назорат қилиш моделини яратдик. Кунлик режамиз ва иш жадвалимизга мувофиқ бўлимимиздаги 15 та махсус автомашина ҳозирги кунда маҳаллалардаги хонадонлардан чиқаётган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўхтовсиз ташиб, ҳудудлар озодалиги ва тозалигини таъминламоқда. Эндиликда ўз хизматларимиз билан туманимизнинг чекка қишлоқларига ҳам кириб боришни кўзлаяпмиз. Шу мақсадда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиряпмиз. Вазирлар Маҳкамаси қарорининг моҳияти ва аҳамиятини кўпчиликка етказяпмиз. Зеро, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, жойларда санитария ва экологик вазиятни тубдан яхшилаш мақсадларини кўзлаган мазкур қарор бу борадаги хизматларни самарали ташкил этишга қулай шарт-шароит яратмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, Асака туман ҳокимлигининг амалий ёрдами билан мазкур бўлим ободонлаштириш соҳасида янги йўналишни юзага келтирди. Унда асосан маҳаллий ёшлар меҳнат қилишмоқда. Эгнига махсус кийим кийиб олган бу ёшлар зиммаларига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиб, эл эътиборига тушмоқда. Бошқаларда ўз касбига нисбатан меҳр уйғотишмоқда. Бу ҳам, албатта, партиядошларимизнинг дастлабки ютуғи. Уларнинг фаолиятида бундай ютуқлар ҳали кўп бўлади. “Адолат” СДП ғояларини қўллаб-қувватлаган янги сафдошларимиз ишда ва партиявий фаолиятда, албатта, маслакдошларига ибрат кўрсатадилар.
Рустамжон АҲМАДАЛИЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Вобкент туманида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотлари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий вазифаларини туман ҳаётига татби...
01 янв 1970
Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда дунёда 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас....
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.&nbs...
01 янв 1970
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалласида “Адолат” социал-демократик партиясининг бошланғич ташкилоти ва жамоатчилик қабулхона...