Йилнинг энг фаол адолатчи аёли

/
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртимизда улуғ мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётган яратувчилик ишлари, тарихий ислоҳотлар жараёнида шижоатли, фидойи опа-сингилларимиз фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнида қатнашишини кафолатлашга қаратилган дастурий вазифаларини ҳаётга изчил татбиқ этиб келмоқда. Партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари томонидан аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик қобилиятини ривожлантириш, хотин-қизларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва бошқа бир қатор муҳим вазифаларнинг амалга оширилиши ўз ижобий самарасини бермоқда. Буни партиямиз сафларидаги аъзоларнинг 50 фоизини аёллар ташкил қилаётганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шуни таъкидлаш жоизки, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтириш мақсадида ўтган 2016 йил давомида партиянинг марказий, маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари ташаббуси билан жойларда турли мавзуларга бағишланган 300 га яқин семинар, сиёсий ўқув, давра суҳбатлари ўтказилган бўлиб, уларда 17 минг нафарга яқин хотин-қизлар фаол қатнашди. Бу борада истиқболли лойиҳалар доирасида амалга оширилган аниқ ишлар ҳам хотин-қизлар манфаатларига хизмат қилиши билан бирга аҳолининг партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, хайрихоҳлигини кучайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Партия тизимида анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг мақсади ҳам жамиятда аёлларнинг ролини янада кучайтириш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, меҳнат жамоаси ва оилада ибрат кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ҳамда муносиб рағбатлантириш, уларнинг тажрибасини кенг тарғиб қилишга қаратилган.
“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг пойтахтимизда бўлиб ўтган республика босқичида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгаш депутатлари, кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, ушбу танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, соғлом рақобат мезонлари асосида ўтказилди. Кўрик-танловда турли ёшдаги, ҳар хил касб ва ҳаётий тажрибага эга 700 нафарга яқин хотин-қизлар иштирок этди.
— Юртимизда хотин-қизлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантиришда фаоллик кўрсатиши, бахтли ҳаёт кечириши, ўз истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилган, — деди партиянинг “Аёллар қаноти” кенгаши етакчиси Зуҳра Ботирова. — Истиқлол йилларида ўз ютуқлари билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиб, унинг номини улуғлаган опа-сингилларимиз сафида партиядошларимиз ҳам борлиги бизни қувонтиради. Уларнинг сафини янада кенгайтириш, оила ва жамиятда аёл қадрини улуғлаш, ёшларни билимдон, маърифатли, юксак маънавиятли қилиб камолга етказиш эзгу мақсадимиз саналади.
Шуни ишонч билан айта оламизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган улуғвор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этадилар.
Кўрик-танловнинг биринчи шарти бўйича иштирокчилар “Адолат менинг нигоҳимда” номли 5 дақиқалик тақдимот (слайд) асосида партиянинг амалдаги лойиҳаларини янада такомиллаштириш, устувор мақсад-вазифаларини тарғиб қилишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Танлов қатнашчиларининг партиянинг амалдаги лойиҳалари доирасида амалиётга йўналтирилиши лозим бўлган вазифалар хусусидаги ҳаётий таклифлари, ҳудудлардаги шарт-шароитлар, аҳолининг ҳаёт тарзини яқиндан билган ҳолда илгари сурилган масалалар, партия электоратининг манфаатларига хизмат қилувчи ғоялар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Танловнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги савол-жавобларга доир шарти сафдошларнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказиш билан бирга уларнинг ҳозиржавоблиги ва профессионал маҳоратини ҳам намоён қилди.
“Эркин мавзу” шарти бўйича ҳар бир иштирокчи ўз қобилияти, кенг дунёқараши ва истеъдодини кўрсатиб, барчанинг диққатини жалб этди. Ижтимоий аҳамиятга молик чиқишлар иштирокчиларнинг фуқаролик позициясига, ҳар бир масалада жиддий ёндашувга, аниқ фикрга эга эканини яққол кўрсатди.
Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси раиси Инобат Ҳасанова 1-даражали дипломга мушарраф бўлди. Республика ихтисослаштирилган Дермотология ва венерология тиббиёт маркази шифокори Адолат Худойберганова, Сирдарё вилоятидаги Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Дилноза Умурзоқова 2-, 3-даражали дипломларга сазовор бўлишди. Шунингдек, қолган иштирокчилар ҳам ўз иқтидор ва қобилиятларига кўра “Йилнинг энг оқила адолатчи аёли”, “Йилнинг энг нотиқ адолатчи аёли”, “Йилнинг энг ташаббускор адолатчи аёли”, “Йилнинг энг зукко адолатчи аёли” каби турли номинациялар бўйича партиянинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
ўолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага янада кўтаринки кайфият, завқ бағишлади.
 
Сўз — кўрик-танлов иштирокчиларига

Дилноза УМУРЗОҚОВА,
Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси:

— Таълим даргоҳимизда партиямизнинг “Яхши касб — етук мутахассис — муносиб иш ҳақи” лойиҳаси доирасида вилоят партия кенгаши билан ҳамкорликда бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилган. Шу маънода партиямизнинг ижтимоий зарурат, ҳаётий эҳтиёжлардан келиб чиқиб белгиланган халқчил ғоялари кўплаб соҳаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятли эканини таъкидлашни истардим.
Хусусан, Сирдарё вилоят партия ташкилоти томонидан хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Шу мақсадда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида фаол иштирок этиб келаман. Бу жараёнларда “Адолат” СДП тизимида ишлаётган ҳамда партия аъзоси сифатида муштарак мақсадларимиз рўёби учун астойдил ҳисса қўшаётган хотин-қизларнинг сиёсий билим ва маҳоратини кучайтиришнинг ўз ўрни бор. Партия фаолиятида ибрат кўрсатаётган аёллар, улар томонидан амалга оширилган ишлар хотин-қизлар ҳаётида қанчалик аҳамиятли эканлигига тадбир давомида яна бир бор гувоҳ бўлдим. Бу муҳим танлов биз каби аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш билан бир қаторда уларда раҳбарлик, нотиқлик қобилиятларини шакллантиришга хизмат қилади, албатта.
Танлов жараёнида иштирокчилар томонидан илгари сурилган янги таклифлар уларнинг изланувчан ва жонкуярлиги, жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан қарашини англатади. Бу фойдали таклифларнинг мазмунидан келиб чиқиб, айримларини ўз фаолиятимга татбиқ этишни режалаштирдим.
Ўйлайманки, ҳар биримиз янада кўпроқ ўқиб-ўрганишимиз, тажрибали партиядошларимиз билан маслаҳатлашиб, профессионал маҳоратимизни оширишга интилмоғимиз лозим.
Айшолпан ОРАЗИМБЕТОВА,
Нукус-FM радиоси бошловчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида ўз билим ва истеъдодларини намоён этаётган сафдош опа-сингилларимга доим ҳавас билан қараганман. Аввал Нукус шаҳар, сўнгра Қорақалпоғистон ҳудудий босқичида ғолиб деб топилиб, пойтахтимизда ўтказилган танловнинг республика босқичида иштирок этишим ҳаётимдаги энг гўзал ва унутилмас дамлари бўлди.
Кўрик-танловнинг бу йил муқаддас диёримизга баҳор қуёши илиқ тафтини улашаётган бир вақтда, қолаверса, биз, аёллар учун азиз саналган 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида ташкил этилиши қувончимизга қувонч, ғайратимизга янада ғайрат қўшди.
Айниқса, биринчи шарт бўйича барча иштирокчиларнинг “Адолат менинг нигоҳимда” мавзусидаги тақдимотида партия лойиҳаларини янада такомиллаштириш, кенг халқ оммаси орасида устувор мақсад-вазифаларимизни тарғиб этишга доир ўз фикр ва таклифларини баён этишлари келгусида партиямиз ва “Аёллар қаноти” фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Иштирокчиларнинг партиямиз дастурий вазифаларини ҳаётга самарали татбиқ этиш, электоратимиз билан доимий ишлаш тўғрисида билдирган фикрлари партиявий вазифаларни самарали уддалашимизда қўл келишига ишонаман.
Хуллас, бу йилги танлов “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни тўла амалга ошириш, партимиз сафини янада фаол ва ташаббускор аёллар ҳисобидан кенгайтириш, дастурий вазифаларимиз ижросини таъминлаш йўлидаги амалий ишлардан бири бўлди.
Адолат ХУДОЙБЕРГАНОВА,
Республика ихтисослаштирилган Дермотология ва венерология тиббиёт маркази шифокори:

— Тиббиёт ходимлари партиямиз электоратининг асосий қисмини ташкил этади. Ана шу сафда мен фаолият юритаётган тиббиёт марказининг шифокорлари ҳам бор, уларнинг ҳар бири партия Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасини янада такомиллаштиришга доир мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга жиддий масъулият билан қарамоқда. Бунинг учун улар, аввало, билим ва тажрибаларини бойитиб, замон талабига жавоб берадиган даражада юқори малакага эга бўлишга интилмоқда.
Бугунги кунда 30 нафарга яқин маслакдошларимиз тиббиёт муассасамиз қошида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Улар замонавий тиббий ускуналардан фойдаланган ҳолда аҳоли, жумладан, хотин-қизлар, катта ёшдаги инсонлар ва болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва репродуктив саломатликни яхшилаш борасидаги дастурий вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муносиб улуш қўшиб келмоқдалар.
Кўрик-танловда иштирок этиш орқали ўз билим ва кўникмаларимни янада ошириш, шунингдек, иштирокчилар билан келгусида БПТ фаолиятини янада кучайтириш борасида янги ва таъсирчан лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан амалий таклифларга доир фикр-мулоҳаза алмашдик.
Азиза АҲМЕДОВА,
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Буйрапуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Партиямизнинг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ экологик масалалар ҳақида алоҳида таъкидланган. Тадбирда мен намойиш этган слайд-тақдимот ана шу долзарб мавзуга бағишланди. Албатта, инсон табиат билан уйғунликда ҳаёт кечирар экан, унинг неъматларидан оқилона фойдаланиши, ер, сув, ҳавонинг, хусусан, инсон омили туфайли ифлосланишига йўл қўймаслиги, она табиатнинг бу бебаҳо инъомларини келгуси авлодларга ҳам мусаффолигича етказмоғи шарт. Шу маънода партиямизнинг “Тоза табиат — соф келажак учун” лойиҳаси доирасида қилинаётган ишлар, айниқса, экологик муаммолар нисбатан кўпроқ кузатилаётган ҳудудларда бу борадаги масалаларни ўрганиш, зарур ечим топишда янада муҳим саналади. Экологияга, ўсимлик дунёси, ҳайвонот оламининг қай бир турига етказилган зарар табиат мувозанатига у ёки бу даражада дахл қилади ва унинг салбий оқибатидан инсонга ҳам зиён етади. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп ва бу вазифалар сафдошларимиз, хусусан, “Аёллар қаноти” аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Афсуски, она сайёрамизнинг бирор кичик ҳудудида табиатга нотўғри муносабатда бўлишнинг салбий таъсири шу ҳудуднинг ўзи билангина кифояланиб қолмайди, балки бир неча баробар катта ҳудудни қамраб олади. Табиий мувозанатга путур етказиш-етказмаслик инсон иродасига боғлиқ, аммо атроф-муҳитга етказилган зарарнинг салбий оқибатлари қачон ва қай шаклларда намоён бўлиши фақат табиатнинг ўз измидадир. Партиямиз лойиҳаси асосида аҳолининг экологик маданиятини ривожлантиришда ана шу жиҳатлар диққат марказида бўлиб келмоқда. Экологик маданият, аввало, оилада шаклланишини назарда тутсак, бу масалада аёллар муҳим ўрин тутишини теран англаймиз. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жалақудуқлик партиядошимиз Малоҳатхон Сотволдиева Андижонда энг тажрибали чеварлардан бири саналади....
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли иш...
01 янв 1970
Қамаши туманида бўлиб ўтган учрашувда маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳаллалари фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди....
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилди....