Ўзбекистон “Адолат” СДП: Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан

/
Жамиятнинг етакчи кучи
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Урганч шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида “Хотин-қизлар — жамиятнинг етакчи кучи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Партиянинг “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари — олий қадрият” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу тадбирда шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаол хотин-қизлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Урганч шаҳар бўлинмасининг хотин-қизлар ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича бош мутахассиси М.Бобожонова кириш сўзи билан очди. Давра суҳбатида бугунги кунда сиёсий партиялар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда, давлат органларининг шаклланиши ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди. Айниқса, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки тобора кенгайиб бораётганлиги, хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи хотин-қизлардан иборат эканида ҳам ўз ифодасини топган.
Иштирокчилар хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллигини ошириш, уларни ўйлантираётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда сиёсий партияларнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш ижобий самара беришига эътибор қаратишди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Урганч шаҳар бўлинмаси қошида ўн беш нафар маслакдошимиз бирлашган бошланғич партия ташкилоти ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилаётгани ҳам тадбирда эътироф этилди.
Манзура НАЗАРҚУЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Сайловчилар билан мулоқотлар мавзу — мустақиллик самаралари
Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи фаолиятида тарғибот ишлари айни пайтда ҳар қачонгидан ҳам қизғин тус олган. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя мазмун-моҳиятини фуқаролар онг-шуурига чуқурроқ сингдириш депутатлик гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлмоқда.
Шу мақсадда шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасалар, маҳаллаларда турли тадбирлар, учрашув ҳамда суҳбатлар ташкил этилаяпти. Ўзаро мулоқотларда мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган мислсиз бунёдкорликлар, уларнинг ҳаётбахш самаралари хусусида сўз юритилмоқда.
Шаҳардаги “Наврўз” маҳалласида бўлиб ўтган байрамолди тадбири ҳам шу мавзуга бағишланди.
— Миллий истиқлол халқимизнинг улкан ютуғи, демократик ислоҳотларнинг кафолатидир, — деди депутатлик гуруҳи аъзоси Садриддин Бозоров. — Мустақиллик ўз тақдирига эгалик қилиш ҳуқуқи, маънавий қадриятлар ва миллий анъаналарга таяниб яшаш ҳамда юртимиз бойликларидан халқимиз ва Ватанимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш имконияти эканлиги бугунги кунда барчамиз англаётган ҳақиқатдир.
Депутат ана шу ҳақиқатни мустақиллик йилларида “Дўстлик” орденли “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси томонидан босиб ўтилган тараққиёт одимлари мисолида кўрсатиб берди. Жумладан, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, Мурунтов конида энг замонавий технологияларни жорий этиш, учинчи ва тўртинчи гидрометаллургия заводларини қуриб, ишга тушириш натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баробарга ортди. Бу, ўз навбатида, кўплаб янги иш ўринларини яратиш имконини берди. Шу йилнинг ўзида ҳам Зарафшон саноат касб-ҳунар коллежининг 150 нафар битирувчисига марказий кон бошқармаси бўлинмаларида ишлаш учун йўлланма берилди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Эркин Давлатовнинг “Кончилар” маҳалласида сайловчилар билан ўтказган байрамолди мулоқотларида ҳам ана шундай ёрқин мисоллар ҳақида сўз юритилди. Истиқлол йилларида Юртбошимиз томонидан маънавиятдек буюк қадриятнинг енгилмас куч сифатида илгари сурилганлиги ўз мевасини берганлиги, бугунги кунда замонавий фикрлайдиган, дунёқараши кенг ва миллий истиқлол ғоялари руҳида камолга етаётган ёшлар тимсолида юртимиз келажагини тасаввур этиш, бундай дориламон кунларнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, тинчликдек тенгсиз неъматни эъзозлаш ҳақида депутат фикр-мулоҳаза юритди.
— “Адолат”чи депутатлар, жумладан, Замира Ибрагимова томонидан ташкил этилаётган бундай учрашув ва суҳбатлар қатнашчиларга манзур бўлаяпти, — дейди “Ёшлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Гулжон Алишбекова. — Унинг истиқлол йилларида мамлакатимизда қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида эришилган натижалар, дунё эътирофига сазовор бўлаётган ютуқларимиз хусусидаги таҳлилий фикрлари барчанинг эътиборини жалб қилди.
Ҳа, мамлакатимизда 25 йил мобайнида босиб ўтилган тарихий йўл, эришилган улкан марралар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур билиш ва замондошларимиз онгига сингдириш, фуқароларда истиқлол туфайли эришилган натижаларни ҳис этиб яшаш ҳамда мустақилликни асраш ҳиссини кучайтириш ҳозирги даврда муҳим аҳамият касб этади. Буни зарафшонликлар тобора теран англаб етишаяпти. Бунда халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳам ҳиссаси катта бўлаяпти.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбири
 
Болалар шодлиги оламни безар
Нукус шаҳридаги “Ёш авлод” болалар оромгоҳида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Келажак бизники, марра бизники” шиори остида спорт мусобақаси ва маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан Нукус шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими ҳамкорлигида партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ижтимоий лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Учрашув аввалида оромгоҳ тарбияланувчилари билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Н.Мирзамуратов ва партия фаолларининг “Ким эдигу ким бўлдик!” мавзусида очиқ мулоқоти бўлди.
Мулоқот давомида тадбир ташкилотчилари мамлакатимизда 25 йил давомида қўлга киритилган ютуқлар, ёшлар таълим-тарбияси билан боғлиқ амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида болажонларга маълумот бериб, уларнинг она Ватан, мустақиллик тўғрисидаги дил сўзларини тингладилар.
Шундан сўнг тарбияланувчилар ўртасида шахмат-шашка ва стол тенниси мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кўнгилларни янада хушнуд этди.
Шарипа ТОРЕШОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши
матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...
01 янв 1970
Тошкент давлат аграр университетида жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ўз мустақил тараққиётининг йигирма олтинчи йилига қадам қўйди. 
01 янв 1970
Тошкент шаҳридаги “Гавҳар” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Чилонзор тумани кенгаши томонидан “Уюшмаган ёшлар била...